<%@ Page Language="C#" ContentType="text/html" ResponseEncoding="windows-1251" %> Тиббиёт сахифаси...

 

 

 
Бош саҳифага қайтиш
     
 

БОЛАЛАРНИНГ ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРИ

СУВЧАК

Бу енгил вирусли инфекция бўлиб, касалланган боладан бошқа болага юққач, 2-3 ҳафта ичида маълум бўлади.

Белгилари:

Аввал кичкина, қизил, қичишадиган доғлар пайдо бўлади. Улар кичкина ёриладиган пуфакчаларга ва охири қорақўтирларга айланади. Одатда, улар дастлаб баданда пайдо бўла бошлайди ва сўнг юз, қўл ва оёқларга ҳам тошади. Бир вақтнинг ўзида доғлар, пуфакчалар ва қора қасмоқли яралар бўлиши мумкин. Иситма одатда енгил кечади.

Даволаш:

Инфекция одатда бир ҳафтада ўтиб кетади. Болани ҳар куни илиқ сувда совунлаб чўмилтиринг. Қичишишни камайтириш учун сули бўтқаси сувига намланган латтани ишлатинг. Тирноқларини жуда калта қилиб олинг. Агар яралар инфекцияланса, уларни тоза сақланг. Иссиқ ва ҳўл компресслар қилинг, кейин яралар устига антибиотик мазлар, кўк дори ёки йод суртинг. Бола баданини қашланишдан сақлашга ҳаракат қилинг. Касалланган бола сувчечак касаллиги билан оғримаган ҳомиладор аёллардан узоқроқда бўлиши ва яралар тўла тузалиб кетгунча мактабга бормаслиги керак.

ҚИЗАМИҚ

Бу ўткир вирусли инфекция яхши озиқланмаган ёки сил билан касалланган болалар учун, айниқса, хавфли. Касаллик юққандан сўнг 10 кун ўтиб, шамоллашдаги каби иситма, бурун оқиши, кўзларнинг оғриб, қизариб кетиши ва йўтал билан бошланади.
Боланинг аҳволи борган сари ёмонлашиб бораверади. Унинг оғзи жуда қаттиқ оғрийди, ичи суриб туриши ҳам мумкин.
2 ёки 3 кундан сўнг оғизда туз доначаларига ўхшаш кичкина доғлар пайдо бўлади. 1 ёки 2 кундан сўнг тошмалар пайдо бўлади — аввал қулоқлар орқаси ва бўйинга, сўнг юз ва танага ва охири қўл ва оёқларга «қизамиқ гули» тошади. Тошма тошиб бўлганидан сўнг бола одатда тузала бошлайди. Тошма 5 кун туради. Тери остига қон қуйилиши натижасида қора тошмалар пайдо бўлади (қора қизамиқ). Бу— касалликнинг анча оҚирлигидан далолат беради. Тиббий ёрдам олинг.

Даволаш:

- Бола ётиши, унга кўп ичимлик ва тўйимли овқатлар берилиши керак. Агар у қуюқ овқатни ютишга қийналса, унга шўрва сингари суюқ овқатлар беринг. Агар чақалоқ эмишга қийналса, сутни қошиқ билан беринг.
- Иложи бўлса, кўз шикастланишининг олдини олиш учун А витамини беринг.
- Иситма ва оғриққа қарши парацетамол (ёки аспирин) беринг.
- Агар қулоқ оғриғи бўлса, антибиотик беринг.
- Агар зотилжам (ўпка шамоллаши), менингит белгилари ёки қулоқ, қорин соҳасида қаттиқ оҚриқ пайдо бўлса, тиббий ёрдам олинг.
- Агар боланинг ичи кетаётган бўлса, унга сувни тикловчи ичимлик беринг .

Қизамиқнинг олдини олиш:

Қизамиқ жуда юқумли касаллик, унга чалинган болалар бошқа болалар, ҳатто ака-ука, опа-сингилларидан ҳам узоқроқда бўлиши керак. Айниқса, бир қадар ориқ, сил ва бошқа сурункали касалликлар билан оғрувчи болаларни эҳтиёт қилинг. Бошқа оила болалари қизамиғи бор хонадонга кирмасликлари керак. Қизамиққа чалинган хонадон болалари ўзлари ҳали қизамиқ бўлмаган бўлсалар-да, 10 кун давомида мактабга, магазинга ёки бошқа жамоат жойларига бормасликлари керак.

Қизамиқ болаларингиз умрига зомин бўлмаслиги учун уларнинг яхши овқатланишига эътибор беринг. Болаларингизни қизамиққа қарши 8—14 ойлигида эмлатинг.

ҚИЗИЛЧА

Қизилча одатда қизамиқдек оғир эмас, 3 ёки 4 кун давом этади. Тошмалар унча кўп бўлмайди. Кўпинча бош орқасидаги ва бўйин лимфа тугунлари шишиб, оғрийди.
Бола ётиши ва керак бўлса, парацетамол ёки аспирин ичиши керак.
Ҳомиладорликнинг дастлабки 3 ойида қизилча билан оғриб қолган аёллар нуқсонли бола кўриши мумкин. Шунинг учун ҳомиладор аёллар қизамиқнинг бу турига чалинган болалардан узоқроқда юриши керак. Лекин бу гап илгари қизамиқ билан оғриган хотин-қизларга тааллуқли эмас, чунки улар бу касаллик билан бир марта оғриб тузалганларидан сўнг, у билан бошқа оғримайдилар. Ушбу касалликка қарши эм дорилари мавжуд, аммо уларни топиш кўпинча қийин бўлади.

ТЕПКИ

Касалликнинг дастлабки белгилари: касаллик бемор одамдан юққандан сўнг 2 ёки 3 ҳафта кейин пайдо бўлади.
Тепки иситма чиқиши ва оғизни очганда ёки овқат еяётганда оғиз оғриши билан бошланади. 2 кун ичида жағ бурчагида, қулоқдан пастроқда юмшоқ шиш пайдо бўлади. У кўпинча аввал бир тарафда, сўнг иккинчи тарафда пайдо бўлади.

Даволаш:

Шиш 10 кун ичида ҳеч қандай дориларсиз ўзидан ўзи йўқолиб кетади. Оғриқ ва иситмага қарши парацетамол ёки аспирин ичилиши мумкин. Болага юмшоқ ва тўйимли овқат беринг, оғзини тоза тутинг.

Асоратлари:

11 ёшдан юқори болалар ҳамда катта одамларда биринчи ҳафтадан сўнг қорин оғриши ёки эркакларда мояк (тухум) шишиб, оғриқ туриши мумкин. Бундай шиши бор одамлар ҳаракат қилмасликлари ва оғриқ, шишни камайтириш учун музли халтачалар ёки ҳўлланган совуқ сочиқ қўйишлари керак.
Агар менингит белгилари пайдо бўлса, тиббий ёрдамга мурожаат қилинг .

КЎК ЙЎТАЛ

Бемордан юқтирилгандан сўнг кўкйўтал бир ёки икки ҳафтадан сўнг, у тумов вақтидагидек, иситма, бурун оқиши ва йўтал билан бошланади.
Икки ҳафтадан сўнг кўкйўтал авжига чиқади. Бола яхши нафас ололмай, тез-тез йўталади, йўталаётганда ёпишқоқ шилимшиқ чиқаргунга қадар йўталади, шундан сўнг шовқин билан ўпкага ҳаво киради. Бола йўталаётганда тирноқлари ва лаблари ҳаво етишмаслигидан кўкариб кетиши мумкин. Ўпкага шовқин билан ҳаво киргандан сўнг бола қайт қилиши мумкин. Йўтал ҳуружлари орасида бола соғломга ўхшайди.
Кўкйўтал одатда 3 ой ёки кўпроқ давом этади. Кўкйўтал, 1 ёшга тўлмаган болалар учун хавфлидир, шунинг учун болаларингизни эртароқ эмлатинг. Ёш болалар йўталгандан сўнг нафас олганда бундай шовқин бўлмайди, шу сабабдан, уларнинг кўкйўтал бўлган-бўлмаганлигини билиш қийин. Агар болани йўтал хуружлари безовта қиладиган, унинг кўзлари шишган ва яшаш жойингизда кўкйўтал билан оғриган бемор бўлса, уни дарров кўкйўталга қарши даволанг.

Даволаш:

Антибиотиклар фақатгина кўкйўталнинг бошланишида, йўтал хуружлари бошлангунга қадар ёрдам беради. Эритромицин ёки Т-исептол ишлатинг. Левомицетин ҳам фойдали, аммо у хавфлироқ. 6 ойлик бўлмаган болаларни касалликнинг биринчи белгиларидаёқ даволаш жуда муҳим.
- Кўкйўталнинг оғирроқ ҳолларида, айниқса, йўтал бола ухлашига халақит берса ёки титроқ сабабчиси бўлса, кортикостероидлар ёрдам бериши мумкин.
- Агар бола йўталдан сўнг нафас ололмай қолса, уни ўзингизга қаратиб, ёпишқоқ шилимшиқни бармоғингиз билан оғзидан олиб ташланг. Сўнг шапалоғингиз билан орқасига уриб қўйинг.
- Бола озиб, қувватсизланиб қолмаслиги учун унинг яхши тўйимли овқат истеъмол қилаётганига эътибор беринг. Қайт қилганидан сўнг унга мажбуран озгина овқат ва ичимлик беринг.

Барча болаларни кўкйўталдан сақланг.

Асоратлари:

Йўтал натижасида кўз ичига қон қуйилишидан кўз оқининг қизариб қолиши. Ўеч қандай даволашнинг кераги йўқ. Агар бола талвасага тушса ёки унда зотилжам (пневмония) белгилари пайдо бўлса, тиббий ёрдам олинг.

Унинг 2 ойлигида биринчи маротаба эмланганлигига эътибор беринг.

БЎҒМА (ДИФТЕРИЯ)

Бу ҳам худди шамоллашдагидек иситма, бош оғриғи ва томоқ оғриғи билан бошланади. Томоқнинг орқа қисмида ва баъзан бурун ва лабларда парда пайдо бўлиши мумкин. Боланинг бўйни шишиб кетиши ҳам мумкин. Оғзидан бадбўй ҳид келади.

Агар болангизда бўғма бор, деб тахмин қилсангиз:
- Уни бошқа одамлардан узоқроқда, алоҳида қилиб ётқизиб қўйинг.
- Бўғмага қарши махсус антитоксин мавжуд, тиббий ёрдамга мурожаат қилинг.
- Томоғини чайқагани бироз тузли илиқ сув беринг.
- Бемор тез-тез ёки доимий равишда иссиқ сувнинг буғидан нафас олсин.
- Агар бола бўғилиб, кўкара бошласа, томоғидаги карашни бармоғингизга ўралган латта билан кўчиришга ҳаракат қилинг.
Бўғма хавфли касаллик бўлиб, болага АКДС эмлаш йўли билан унинг олдини осонгина олиш мумкин.
Болаларингиз эмланганига эътибор беринг.

Болалар шол касаллиги (полиомиелит)

Полиомиелит аксари 2 ёшга тўлмаган болаларда учрайди. Унинг қўзғатувчиси оддий шамоллаш вирусига ўхшаш. Одатда иситма, қайт қилиш, ич кетиш ва мускуллар оғриғига сабаб бўлади. Болалар бир неча кунда тўла соғайиб кетадилар, лекин тананинг бирор қисми кучсизланиб ёки фалажланиб қолиши мумкин. Кўпинча бундай ҳодиса бир ёки иккала оёқда кузатилади. Вақт ўтган сари кучсизланган қўл-оёқ жуда озиб кетади ва бошқасига нисбатан секинроқ ўсади.

Даволаш:

Касаллик бир бошланса, ҳеч қандай дори-дармон шолни тузата олмайди. (Шунга қарамай, баъзан йўқотилган кучнинг бир қисми ёки ҳаммаси секин-аста қайтиши мумкин). Антибиотиклар ёрдам бермайди. Касалликнинг бошида оғриқни камайтириш учун парацетамол ёки аспирин беринг ва оғриётган мускулларга иссиқ компресс қўйинг. Болани қулай қилиб жойлаштиринг ва қарама-қарши пайларнинг тортишиб қолмаганлигига эътибор беринг. Аста-секин унинг қўл ва оёқларини тўғрилаб қўйинг, бола иложи борича тўғри ётсин. Оғриқни тўхтатиш учун керак бўлса, боланинг тиззаси тагига болишча қўйинг, аммо иложи борича унинг оёқлари тўғри ҳолатда бўлгани маъқул.

Олдини олиш:

- Полиомиелитга қарши эмлаш энг яхши ҳимоядир.
- Болада шамоллаш, иситма ва полиомиелитга хос бошқа белгилар бўлса, ҳеч қандай укол қилманг. Ўрта — оғир фалажсиз ўтадиган полиомиелит укол қилиш натижасида оғир фалаж билан кечадиган полиомиелитга айлантириши мумкин.

Жуда зарур бўлиб қолмагунча болаларга ҳеч қачон укол қилманг. Болаларнинг «полиомиелитга қарши томчи» билан 2, 3, ва 4 ойликларида эмланганига эътибор беринг.

 

 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
<<< 1 2 3 4 5 6 7 >>>
 
     
 
Ислом олами | Тарихдан нидо | Таҳлиллар | Олимлар | Иқтисодиёт | Шартномалар | Ҳайвонот олами
 
 
Тиббиёт | Пазандачилик | Биласизми | Подшоҳлар | Иқтисодий лўғат | Мақолалар | Яқин Шарқ | Руҳ тарбияси | Коинот
 
 
ali_nasafiy@yahoo.com
 
 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
 
Free Web Hosting