<%@ Page Language="C#" ContentType="text/html" ResponseEncoding="windows-1251" %> Тиббиёт сахифаси...

 

 

 
Бош саҳифага қайтиш
     
 

БОЛАЛАР КАСАЛЛИКЛАРИ

Ичбуруғ ёки қон аралаш ич кетиши

Ич кетар билан оғриётган болалар учун энг катта хавф сувсизланишдир. Агар бола қайт қилаётган бўлса, бу яна ҳам хавфлироқ. Беморга сувни тикловчи ичимликдан беринг. Агар бола эмадиган бўлса, эмизишни давом эттиринг ва қўшимча сувни тикловчи ичимликдан ҳам беринг.
Ич кетарга чалинган болалар учун иккинчи хавф — овқатга ёлчимай қолиш. Бола тўйимли овқатдан қанча еса, шунча беринг.

Иситма

Кичкина болаларда юқори (39°С дан ортиқ) ҳарорат бўлганида талваса бошланиши мумкин. Ҳароратнинг 40°С дан ортиб кетиши баъзан миянинг шикастланишига олиб келиши мумкин. Ҳароратни пасайтириш учун боланинг кийимини ечинг. Агар у безовталаниб, йиғлаётган бўлса, унга тўғри миқдордаги парацематол (ацетоминофен) ёки аспирин ва кўпроқ суюқлик беринг. Агар у жуда иссиқланиб ва қалтираётган бўлса, баданини совуқроқ (жуда совуқ эмас) сув билан артинг ва елпинг.

Камқонлик

Болалардаги умумий белгилари:
- ранги ўчиши, айниқса, кўзнинг ичлари, милклари ва қўл тирноқлари таглари рангининг ўчиши,
- боланинг нимжон, тез толиқадиган бўлиб қолиши,
- кесак ейишни ёқтириши

Умумий сабаблари:

- темир моддасини оз истеъмол қилиш,
- сурункали ичак инфекциялари,
- қуртлар, айниқса, анкилостома каби.

Олдини олиш ва даволаш:

- Гўшт, ўрдак тухуми каби темир моддасига бой овқатлардан истеъмол қилдиринг. Шунингдек, ловия, нўхат, мош, ўрик қоқи, қизил ловия, ер ёнғоқ ва тўқ яшил баргли ўсимликлар таркибида ҳам бироз темир бор.
- Анемия сабабларини йўқотинг, гижжалар кўп бўлган жойларда оёқ яланг юрманг.
- Қора чой ичманг.
- Агар сиз гижжалар борлигини тахмин қилаётган бўлсангиз, тиббиёт ходими бола ахлатини микроскоп остида текшириб бериши мумкин. Агар унда гижжа тухумлари бўлса, болани гижжага қарши даволанг.
- С витаминига бой бўладиган булғор қалампири, тут, қовун, тарвуз, қулупнай, помидор, ўрик каби маҳсулотлар қонга темир моддасининг сингишини кўпайтиради. Улардан истеъмол қилинг.
- Агар керак бўлса таркибида темир моддаси бўладиган таблеткалардан беринг (темир сульфат).

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: Чақалоқ ёки ёш болага таркибида темир моддаси бор таблеткаларни бутун ҳолича берманг. Уларни эзиб, овқатга қўшиб беринг.

Қурт (гижжа)лар ёки бошқа ичак паразитлари

Агар оилада битта боланинг қуртлари бўлса, бутун оила даволаниш керак. Қуртларни келтириб чиқарадиган инфекцияларнинг олдини олиш учун бола:

- Тозалик қоидаларига риоя қилиши;
- Бўшалиш учун фақат хожатхонага бориши ва ҳеч қачон бошқа жойда бўшанмаслиги;
- Ҳеч қачон оёқ яланг юрмаслиги;
- Ҳеч қачон чала пиширилган гўшт, балиқ емаслиги;
- Фақат қайнатилган ёки тоза сув ичиши керак;
- 2 ёш ёки бундан катта болаларни мебендазол таблеткалари билан даволанг.

Тери муаммолари

Болаларда қуйидагилар кўп учрайди:
- Инфекция тушган яралар ва импетиго (сачратқи).
- Темиратки ва замбуруғ натижасида келиб чиқадиган бошқа касалликлар.

Тери касалликларининг олдини олиш учун тозалик қоидалариги риоя қилинг.
- Болаларни тез-тез чўмилтиринг ва битни йўқотинг.
- Бурга, бит ва каналарнинг пайдо бўлишига йўл қўйманг.
- Темиратки ёки инфекция тушган яралари, бити бор болаларнинг бошқа болалар билан ўйнаши ва ухлашига йўл қўйманг. Уларни вақтида даволанг.

Ўткир юқумли конъюктивит (кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши)

Кўз қовоқларини бир кунда бир неча марта тоза ҳўлланган латта билан артиб туринг. Антибиотикли мазни кўзга 4 маҳал қўйинг. Конъюктивити бор боланинг бошқа болалар билан ўйнаши ва ухлашига йўл қўйманг. Агар у бир неча кунда тузалиб кетмаса, тиббиёт ходимига учранг.

Шамоллаш ва грипп

Бурун оқиши, бироз ҳарорат кўтарилиши, йўтал, томоқ оғриғи ва баъзан ич кетиш билан кечадиган шамоллаш болаларда тез-тез учрайдиган, аммо жиддий бўлмаган касалликлардандир.
Кўп суюқлик бериш билан даволанг. Агар керак бўлса, оғриқ ёки ҳароратни пасайтириш учун парацетамол ёки аспирин берганингиз маъқул. Ётишни хоҳловчи болаларга ётишга рухсат беринг. Яхши овқат ва мевалар болаларнинг тез тузалишига, тумов, шамоллашнинг олдини олишга ёрдам беради.

Пенициллин, тетрациклин ва бошқа антибиотиклар оддий ёки гриппга қарши ҳеч қандай таъсир қилмайди. Одам тумов бўлганида укол қилиш керак эмас.
Агар боланинг шамоллаши зўрайиб, ҳарорати кўтарилса, қисқа, тез-тез, яъни ҳансираб нафас олса, у зотилжам (пневмония) бўлиб қолган бўлиши мумкин ва бунда антибиотиклар берилиши керак. Шунингдек, қуйида кўрсатиб ўтилган қулоқ инфекциялари ва ангина (кейинги бет) белгилари бор-йўқлигини ҳам текшириб кўринг.

Қулоқ оғриғи ва қулоқ инфекциялари
Қулоқ инфекциялари ёш болаларда кўпроқ учрайди. Кўпинча инфекция шамоллашдан бир неча кун кейин, бурун битиши ёки шилимшиққа тўлиб қолишидан сўнг бошланади. Ҳарорат кўтарилади ва бола кўпинча йиғлайди ёки бошининг бир томонини ишқалайверади. Баъзан қулоғида йиринг кўринади. Кичкина болаларда қулоқ инфекцияси қайт қилиш ёки ич кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай қилиб, агар боланинг ичи кетса ва ҳарорати юқори бўлса, унинг қулоқларини ҳам текшириб кўринг.

Даволаш:

- Қулоқ инфекцияларини вақтида даволаш жуда муҳим. Ампициллин ёки амоксициллин каби антибиотиклар беринг. Оғриққа қарши парацетамол беринг. Аспирин ҳам ишлатилиши мумкин, аммо унинг салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли бор.
- Қулоқ йирингини пахта билан жуда эҳтиёт бўлиб, оҳиста тозаланг, лекин қулоққа пахтали тампон, чўп, барг ёки бошқа бирор нарса тиқиб кўрманг.
- Қулоқларидан йиринг оқаётган болалар одатдагича чўмилтирилиши керак, аммо тузалганларидан сўнг ҳам камида 2 ҳафта давомида сувда сузишлари ва шўнғишлари мумкин эмас.

Олдини олиш:

- Болалар шамоллаганда уларнинг бурунлари оқади. Уларни бурунларини қоқмасдан артишга ўргатинг.
- Чақалоқларни сўрғичли шиша орқали овқатлантирманг. Овқатлан-тираётганингизда болани чалқанча ётқизманг, чунки сут унинг бурнига кириб кетиши ва қулоқ оғриғи касаллигига олиб келиши мумкин.
- Бола бурни тўлиб қолганида намакоб томизинг ва шилимшиқни сўрдириб олиб ташланг.

Қулоқ каналидаги инфекция:
Қулоқ канали, яъни ташқи эшитув йўлида инфекциянинг бор-йўқлигини билиш учун секингина қулоқни тортиб кўринг. Антибиотик томчиларини ёки бир қошиқ оқ сиркани 10 қошиқ сув, 10 қошиқ спирт билан аралаштириб, қулоққа томизинг ё 3—4 маҳал 3—4 томчидан томизинг. Агар бунда оғриқ сезилса, демак, канал инфекцияланган. 3—4 кун давомида яхши натижага эришмасангиз, мутахассис-шифокорга мурожаат қилинг.

Томоқ оғриғи ва бодомча безларнинг инфекцияланиши
Бу муаммолар кўпинча оддий тумов билан бошланади. Томоқ қизариши ва бола ютинганда оғриши мумкин. Бодомча безлар (томоқ орқа қисмининг икки тарафида жойлашган, безга ўхшаш иккита лимфа тугуни) катталашиши, оғриши ёки йиринг боғлаши мумкин. Ҳарорат 40°С гача кўтарилиши мумкин.

Даволаш:

- Намакоб сув билан томоғингизни чайқанг (ғарғара қилинг) (250 мл. сувга 1 чой қошиқ туз).
- Оғриққа қарши парацетамол ёки аспирин ичинг.
- Агар оғриқ ва иситма бирданига кўтарилса ёки 3 кундан кўп давом этса, қуйидаги маълумотлар фойдали бўлиши мумкин.

Томоқ оғриғи ва ревматик иситманинг хавфи:
Оддий тумов ёки грипп (бурун оқиши, аксириш) билан келадиган томоқ оғриғини даволашда одатда антибиотиклар ишлатилмайди ва улар яхши таъсир қилмайди. Томоқни чайқаш ва парацетамол (ёки аспирин) ичиш билан даволанинг.
Аммо, томоқ оғриғининг бир тури, яъни ангина пенициллин билан даволаниши керак. У одатда болалар ва ёшларда учрайди. Аксари бирданига, қаттиқ томоқ оғриғи ва юқори ҳарорат билан (кўпинча йўталсиз ёки шамоллаш белгиларисиз) бошланади. Оғиз орқаси ва бодомча безлар жуда қизариб кетади, жағ ости ёки бўйин лимфа безлари шишиб чиқиши ёки оғриши мумкин. Одатда бунда бурун оқиши, йўтал каби тумов белгилари бўлмайди.
10 кун давомида пенициллин таблеткасидан беринг. Агар пенициллин вақтида берилган бўлса ва 10 кун давомида ичирилса, томоқ оғриғининг ревматик иситмага ўтиш хавфи камроқдир. Ангинаси бор бола касалини юқтирмаслик учун бошқа одамлардан узоқроқда овқатланиши керак.

Ревматик иситма:

Бу болалар ва ёшлар касаллиги ҳисобланади. У одатда одам ангина бўлганидан сўнг 1 ҳафтадан 3 ҳафтагача бўлган вақт давомида бошланади (юқоридаги расмга қаранг). Ангина тўғри даволанмаган.

Асосий белгилари (одатда буларнинг 3-4 таси намоён бўлади):
- Иситма.
- Бўғимларда оғриқ, айниқса, билак ва тўпиқлар, кейинчалик эса, тизза ва тирсак бўғимларида оғриқ туриши. Бўғимлар шишади ва кўпинча қизиб, қизариб кетади.
- Тери остида эгри қизил чизиқлар ёки шишлар пайдо бўлади.
- Жиддийроқ ҳолларда қувватсизлик, ҳансираш ва ҳатто юрак оғриғи бўлади.

Даволаш:

- Агар ревматик иситма борлигини тахмин қилсангиз, тиббиёт ходимига мурожаат қилинг. Юракнинг шикасталаниш хавфи бор.
- Катта миқдорларда аспирин қабул қилинг. 12 яшар бола 500 мг. лик таблеткаларни 1—2 тадан кунига 6 маҳал ичиши мумкин. Қоринни оғритмаслик учун уларни сут ёки овқат билан ичинг. Агар қулоқларингиз шанғиллай бошласа, дорини камроқ ичинг.
- Пенциллин беринг.

Олдини олиш:

- Агар сизда ангина бўлса, ревматик иситманинг олдини олиш учун пенициллин билан 10 кун давомида даволанинг. Уни 10 кун давомида тўлиқ қабул қилиш жуда муҳим.
- Бир марта ревматик иситма бўлган бола унинг қайталаниши ва юрак шикастланишининг олдини олиш учун томоқ оғриғининг биринчи белгиларидаёқ 10 кун давомида пенициллин қабул қилиши керак. Агар юракнинг шикастланишига хос белгилар пайдо бўлса, у қолган бутун умри давомида пенициллинни маълум вақт давомида ёки бензилпенициллин — бензатиннинг ойлик уколларини олиб туриши керак бўлиши мумкин. Малакали тиббиёт ходимининг маслаҳатларига риоя қилинг.

 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
<<< 1 2 3 4 5 6 7 >>>
 
     
 
Ислом олами | Тарихдан нидо | Таҳлиллар | Олимлар | Иқтисодиёт | Шартномалар | Ҳайвонот олами
 
 
Тиббиёт | Пазандачилик | Биласизми | Подшоҳлар | Иқтисодий лўғат | Мақолалар | Яқин Шарқ | Руҳ тарбияси | Коинот
 
 
ali_nasafiy@yahoo.com
 
 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
 
Free Web Hosting