<%@ Page Language="C#" ContentType="text/html" ResponseEncoding="windows-1251" %> Пазандачилик сахифаси...

 

 

 
Бош саҳифага қайтиш
 
 
     
 

САЛАТЛАР

"ФАНТАЗИЯ" салати

Масаллиғи: 500 гр. картошка, 3 та тухум, 5 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 1 та қизил лавлаги, кичикроқ ярим бош карам, 2 та нордон олма, 1 та хрен илдизи, 2 ош қошиқ сирка, таъмига қараб туз, мурч керак бўлади.

Картошка тузли сувда пиширилади. Иссиғида артилиб, куб шаклида тўғралади, унга ўсимлик ёғи қуйилади. Духовкада пиширилган лавлаги куб шаклида тўғралиб, сирка сепилади. Арчилган олмалар йирик тишли қирғичдан ўтказилади, карам майдалаб тўғралади ва таъмига қараб туз сепилади. Қайнатилган тухум ҳам майдалаб тўғралади. Ҳаммаси яхшилаб аралаштирилади.
Қирғичдан ўтказилган хрен, мурч қўшилади. Салат тайёр бўлгач, ярим соатдан кейин дастурхонга тортилади.

"ОРЗУ" салати

Масаллиғи: 2 та сабзи, 1/4 бош карам, 2-3 та бодринг, 1 та селдер илдизи ёки бир нечта редиска, бир боғ кўк пиёз, 1 та олма, яримта лимон, 1-2 та саримсоқпиёз палласи, 3 ош қошиқ сметана ёки майонез, шакар ва туз.

Карам, сабзи ва бодринг сомонча шаклида тўғралади. Тозаланган селдер илдизи ёки редиска, кўкпиёз ва саримсоқпиёз майда тўғралади. Сирланган тоғорачага солиб, лимон шарбати қўшилади. Олма тилимлаб кесилади, унинг бир қисми безаш учун олиб қўйилади, қолгани салатга қўшилади. Таъмига қараб туз, шакар, сметана ёки майонез ва гармдори қўшиб яхшилаб аралаштирилади.
Салат дастурхонда чиройли кўриниши учун олма, бодринг, кўкпиёз билан безатилади.

"ШУБА" салати

Масаллиғи: 1 та тузланган балиқ, 2-3 дона тухум, 500 гр. картошка, 1-2 дона қизил лавлаги, 2-3 та қизил сабзи, 250 гр. майонез, 5-6 бош пиёз.

Картошка, қизил лавлаги, сабзи, тухум сувда қайнатиб пишириб олинади ва совутилади. Ҳар бирини пўстлоғидан тозалаб алоҳида идишларга қирғичдан ўтказилади. Дастлаб салат идишга бир текис пиёз сепилади ва майонез суртилади. Сўнг устига картошкага туз сепиб қатиқ босилади ва майонез суртилади. Яхшилаб тозаланган балиқ, сабзи, туз, тухум, қизил лавлагиларнинг устидан ҳам майонез суртилади. Тайёр бўлган салатнинг устига қирғичдан чиқарилган тухум сариғи сепилади.

"АССОРТИ" салати

Масаллиғи: 4-5 дона картошка, 200 грамм кўкнўхат (маринадланган ёки пиширилган), 1 та гулкарам, 3 та тухум, 1 боғ редиска, 1 та барра бодринг, 1 боғ кўкпиёз ва кўксалат, 3 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 1 ош қошиқ лимон шарбати, таъбга кўра туз.

Картошка пўстлоғи билан пиширилиб, иссиғида арчилади ва тўғралиб устидан ўсимлик ёғи қуйилади. Гулкарам гул тўдаларига бўлиниб ювилгач, қайнаб турган тузли сувда пиширилпди ва човлида олинади. Тухумлар қаттиқ пиширилиб, биттаси майдаланади, иккитаси паррак қилиб тўғралади. Идишга картошка, човлидаги гулкарам, кўкнўхат, парракланган редиска ва бодринг, майдаланган тухум солиниб, туз сепиб, аралаштирилади. Устидан лимон шарбати қуйилади. Кўксалат барглари ва парракланган тухум билан безатилади. Ўсимлик ёғи ва лимон шарбати ўрнига сметана ёки қатиқ солса ҳам бўлади.

"ГУРУЧЛИ" салат

Масаллиғи: 2 ош қошиқ гуруч, 2 та барра бодринг, 2 та помидор, 4 ош қошиқ кўкнўхат (маринатланган ёки пиширилган), 4 та тухум, ярим боғ барра кўкпиёз, 1 боғ кўксалат, 4 ош қошиқ майонез, кўкатлар.

Гуруч пиширилади ва совутилади. Кўксалат барглари сомон-симон тўғралади. Барра бодринг, помидор ва пишган тухум ярим ҳалқа шаклида, кўкпиёз майда қилиб тўғралади. Ҳаммаси аралаштирилади, устига майонез қуйилиб, тузи ростланади.
Салат идишга уюм қилиб солинади. Кўксалат барглари, помидор, бодринг, тухум ва майда қилиб тўғралган кўкатлар билан безатилади.

"БОДРИНГЛИ" салат

Масаллиғи: Помидор - 4 дона, тухум - 1 дона, бодринг - 1 дона, 1/2 стакан майонез, туз, петрушка ва укроп кўкатлари.

Помидор пўстлоғидан тозаланиб, майда қилиб тўғралади. Бодринг ва тухумни эса айлана шаклида тўғраймиз. Сўнг аралашмага туз, кўкатлар қўшилиб, устидан майонез қуйилади ва яхшилаб аралаштирилади. Тайёр салатни идишга солиб петрушка, укроп кўкатлари билан безатилади ва дастурхонга тортилади.

МАНГО ВА ТОВУҚ ГЎШТИДАН САЛАТ

4 порция учун масаллиқлар: 500 гр. картошка, 2 та қайнатилган товуқ тўши, 1 та каттароқ манго, 1 бош саримсоқпиёз, 250 гр. табиий йогурт, 2 қошиқ майонез, лимон суви.

Картошкани илиқ сувда ювиб, кастрюлкага солинади. Унга сув солиб, пишгунча қайнатилади. Картошка эзилиб кетмаслиги керак. Совигач, устини тозалаб майда кубик шаклида тўғралади ва чуқур идишга солинади. Худди шундай шаклда товуқ гўшти ҳам тўғралади ва картошкани устига солинади. Устига пўстидан тозаланган ва майда тўғралган манго қўшилади. Идишга солинганларни ҳаммасини аралаштирилади.

Бошқа идишга тозалаб, майда тўғралган саримсоқпиёз солинади. Устига табиий йогурт ва майонез солиб, кейин аралаштирилади. Унга лимон суви қўшилади. Бу аралашмани кастрюлкадаги салатни устига қуйилади ва идишларга солиб чиқилади.

ҚИЙМАЛИ САЛАТ

Масаллиқлар: 400 грмм барра бодринг, 2 та тухум, 300 грамм редиска, 100 грамм сметана, 1 боғ укроп, кўксалат ва туз.

Бодринг арчилиб, узунасига кесилади. Уруғи тозаланиб, туз сепиб олиб қўйилади. Қийма тайёрлаш учун пишган тухум майдаланади, редиска йирик тишли қирғичдан ўтказилади (бир нечтаси бутунлигича қолдирилади). Тухум, майдаланган редиска, сметана, укроп ва кўкпиёз яхшилаб аралаштирилади ва туз сепилади (мурч сепса ҳам бўлади). Уруғи олинган бодринг ичига қийма солинади. Каттароқ салат идишга салат барглари қўйиб, устига тайёр бодринг териб чиқилади. Тўғралган редиска билан безатилади.

"ЛАЗЗАТ" САЛАТИ

Масаллиқлар: 1 та томатсиз балиқ консерваси, 200 гр. пишлоқ, 3-4 дона тухум, 2 та олма ва таъбга кўра майонез.

Лаганга балиқ консервасидан солиб майдаланади. Кейин олма, пишлоқ, майонез, тухум кетма-кет қирғичнинг катта тишидан ўтказиб жойлаштирилади. Охирида яна майонез билан ёпиб, юза қисми тухум сариғи ва пишлоқ билан безатилади.

ФРАНЦУЗЛАР САЛАТИ

Масаллиқлар: 3 дона ўртача катталикдаги картошка, 2 та сабзи, ярим бош карам, 200 гр. гўшт, 2 та лавлаги, 4-5 ош қошиқ майонез, туз, ўсимлик ёғи.

Картошкани сомонча шаклида тўғраб, ёғда қизаргунча қовуриб олинади. Гўшт, лавлагини қайнатиб олиб улар ҳам сомонча шаклида тўғралади. Карам ва қизил сабзини ҳам бошқа масаллиқларга ўхшаб сомонча шаклида нафис тўғралади. Лаганга ҳамма масаллиқларни алоҳида-алоҳида, мойчечак гули шаклида қўйиб чиқилади. Ўртасига ва атрофига майонезни чиройли қилиб қуйиб чиқилади. Туз сепиш ҳам ёдингиздан кўтарилмасин.

 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
<<< 1 2 3 4 >>>
 
     
   
   
 
ali_nasafiy@yahoo.com
 
 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
 
Free Web Hosting