<%@ Page Language="C#" ContentType="text/html" ResponseEncoding="windows-1251" %> Пазандачилик сахифаси...

 

 

 
Бош саҳифага қайтиш
 
 
     
 

ТАОМЛАР

САБЗАВОТЛИ КОТЛЕТ

Масаллиқлар: 2 бўлак нон, 2 та пиёз, 2-3 ош қошиқ ёғ, 1 дона саримсоқпиёз, 1 та булғор қалампири, 700 гр. ёғсиз қийма, 1 та тухум, 10 гр. сариёғ, 150 гр. пишлоқ, туз, зира, муруч.

Буханка нонни қаттиқ ерини ажратиб оламиз. Тўғраб, сувда озгина юмшатамиз. Пиёзни майда қилиб тўғраймиз. Булғор қалампирини ҳам майда тўртбурчак шаклида тўғраймиз. Товага озгина сариёғ солиб, пиёз ва булғор қалампирини қовурамиз. Озгина қизаргач, саримсоқпиёз билан биргаликда қовурамиз ва ўн дақиқага димлаб қўямиз. Қиймани тоғорачага солиб, қўлимиз билан эзғилаймиз. Қовурган масаллиқни қийма билан қориштириб унга нон ва тухум солиб тузини ростлаймиз. Қўлни ёғлаб қиймани 8-10 бўлакка бўламиз. Пишлоқни кесиб, котлетни ўртасини қўл билан тешиб, ўша ерга жойлаймиз. Тайёрлаб бўлгач, қизиб турган ёғда котлетларни қовуриб оламиз. Ушбу таомни меҳмонларга тайёрлашни кўзда тутган бўлсангиз, ёнига қовурилган ёки қайнатилган картошка, гречка, гуруч билан тўлдирсангиз ҳам бўлади. Устига кўкат сепсангиз, таомингиз янада кўркам бўлади.

ГУЛ КАРАМЛИ ЖАРКОП

Масаллиқ: 800 гр. картошка, 1 та гул карам, 1 чўмич ўсимлик ёғи, майдаланган қора муруч, 200 гр. лаҳм гўшт, туз, зира.

Картошкаларни тўртбурчак шаклида тўғраймиз ва тузли сувда 15 дақиқа давомида қайнатамиз. Гул карамни чайиб майда бўлакчаларга бўламиз, қайнаб турган картошка устига солиб қайнатишни давом эттирамиз. Чўмич ёрдамида картошкани алоҳида, карамни алоҳида қилиб сузиб оламиз. Картошкани сариёғ билан аралаштирамиз, эзилиб кетмаслиги лозим. Туз, муруч озгина майдаланган ёнғоқ, карамни солиб аралаштирамиз.
Гўштни майда паррак шаклида тўғраб қизиб турган ёғда қовурамиз ва тагини ўчириб, димлаб қўямиз. Ликопчанинг бир томонига картошка, бир томонига карам солиб устига гўштни қўямиз. Овқатни устини ўзимиз хуш кўрган кўкат билан безатишимиз мумкин. Бир-икки паррак лимон бўлакчаларидан қўйсак, унданда кўркам бўлади.

ПОМИДОР ДЎЛМА

Помидорнинг устки томони кесилади, ичидаги эти олиб ташланади. Бироз туз ва қалампир сепиб, гуруч аралаштирилган қийма билан тўлдирилади. Гуручни сувда қайнатиб, сал юмшатиб олсангиз яна ҳам яхши. Сўнгра ёғ суртилган қасқонларга терилади ва 15-20 дақиқада пиширилади.

 

МАРЖУМАК (ГРЕЧИХА) ПАЛОВ

Худди паловники сингари зирвак тайёрлайсиз, фақат гўштни майда тўғранг. Зирвак тайёр бўлгач, гуруч ўрнига маржумак дони солиб, ўртача оловда қайнатинг. (Палов учун қанча гуруч ишлатсангиз, шунча миқдорда маржумак керак бўлади) Таом сувини шимиб, тайёр бўлгач оловни пастлатиб қозон қопқоғини ёпинг ва 5-8 дақиқа давомида дамланг.

ХИНЖАЛ
(Озарбойжон таоми)

1 кг унга 1 та тухум, туз, керагича сув солиниб қаттиқроқ хамир қилиб, 1 соат тиндирилиб қўйилади. Ёйиб дастурхон устида ярим қуритиб олиниб, 4 бурчак шаклида кесилади. Хамир шўр сувда пишириб сузиб олинади-да, тайёр қийма унинг устига қўйиб сузилади.
Қийма тайёрлаш: гўшт майда-майда тўғралиб озгина сувда пишириб олинади. Кейин 1 кг пиёз тўғраб, иккаласи сариёғда қовурилади. Пишган гўшт ҳам қовурилган пиёзга аралаштирилиб бир айлантириб олови ўчирилади.

А Ф А Р
(Озарбойжон таоми)

Кашнич, кўк пиёз, жуссей, жағ-жағ, шовул, исмалоқларнинг ҳаммасини тўғраб, туз сепиб аралаштирилади. Озгина тузли сувда ўртача қаттиқликда хамир қилиб, ундан майда-майда зувалачалар ясайсиз. Зувалачалар айлана шаклида ёйилиб, ярмига тайёр кўкатлар аралашмасидан солиб, очиқ қолган ярми билан усти яхшилаб бекитилади. Қуруқ товада у ёқ – бу ёғини қизартириб олинадида, ҳар бирининг устига эритилган сариёғ суртиб, устма-уст тахланади.
Ҳозир қиш. Бу кўкатларнинг ҳаммаси ҳам топилавермаслиги мумкин. Йўғи ўрнига бошқа кўкатлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бу сервитамин таом инсон учун табиий қувват бахш этади.

НЎХАТШЎРАК

Тозаланган нўхат (озгина солинган) сувда саккиз соат ивитиб қўйилгач, икки-уч қайта чайиб ташланади. Сўнгра ярим кило нўхатга бир ярим литр сувни мўлжаллаб солиб уч-тўрт соат милтиратиб қайнатасиз. Нўхатлар ёрилиб кетганда яхши пишган ҳисобланади.
Бошқа қозонда қайнаётган суякли гўштлар пишиб меъёрига етганда, тақсимчаларга нўхатни солиб гўшт, ҳалқаланган оқ пиёзни мурч аралаштириб устидан сепиб қўйинг.
Нўхатшўрак ҳайит кунларининг лаззатли таоми сифатида сизга албатта маъқул бўлади.

ҲАЛИМ

Шифобахш, қадимги бу таом одатда кўпчилик учун тайёрланади. Аммо қунт қилган бекалар оила дастурхони учун ҳам тайёрлашлари мумкин.
Каттароқ қозонга ўғирда янчилган, оқланган буғдой, сут, сув ва мол гўшти солиниб 12 соат қайнатилади. Тўхтовсиз ковлаб ҳар замон – ҳар замонла сув қўшиб турилади.
Пишган ҳалим атала сингари қуюқ, гўшти ҳил-ҳил пишган бўлади.

ҚЎЗҚОРИНЛИ ДЎЛМАЛАР (Голубцў с грибами)

Масаллиқ: 6 порция учун масаллиқлар: 1 та ўртача карам, 1 ст. гуруч, 1 ст. сут ва сув, 100 гр. янги ёки қуритилган қўзқорин, 1 та пиёз, 100 гр. ўсимлик ёғи, 200 гр. сметана, туз ва мурч таъбга қараб.

Гуручни яхшилаб ювиб, сувда тирикроқ қилиб қайнатиб олинади. Агар янги қўзқоринни ишлатсангиз, уни чайиб, тозалаб, майда қилиб тўғралади. Агар қуритилган қўзқорин бўлса, бироз сувда ивитилади. Кейин эса қайнатилади ва ўртача қилиб тўғралади.

Пиёзни тозалаб, уни ҳам майда тўғралади. Тайёр қўзқоринлар билан пиёз ўсимлик ёғида қовурилади. Қовурилган масаллиқларга гуруч қўшилади ва туз, мурч солиб аралаштирилади.

Карамни тозалаб ювиб, сувда қайнатиб олинади. Сувга бир оз туз солинади. Карам барглари эзилиб кетмаслиги керак, бироз пишгач бу баргларни ажратилади. Тайёр қиймани карам баргларига солиб, баргларни конверт кўринишида маҳкам буклаб ўралади. Барглар очилиб кетмаслиги учун уларни ип билан боғланади.

Яхши қизиган қозонга дўлмаларни зич таҳлаб икки томонини қизаргунча қовурилади. Устига сметанани сут ёки сув билан аралаштириб қуйилади. Тайёр бўлгунча 25-30 минутга паст оловда димланади.

CАБЗИЛИ "ОЛАДЬЕ"

Масаллиқлар: 1 стакан қирғичдан ўтказилган сабзи, 2 ош қошиқ сут, 2 дона тухум, 3 ош қошиқ буғдой уни, таъбга кўра шакар, ўсимлик ёғи.

Истасангиз оладьени сабзи ўрнига олма билан ҳам тайёрласангиз бўлади.

3-4 дона ўртача катталикдаги сабзи (ёки олма) арчилиб, қирғичдан ўтказилади. Унга тухум, сут, шакар, ун, озгина туз солиб яхшилаб аралаштирилади. Товадаги қиздирилган ёғга тайёр аралаш-мани қошиқда солиб, кичкина-кичкина юпқа шаклида икки томонини қизартириб пиширилди. Оладье нонуштада қаймоқ ёки сметана билан бирга тановул қилинса, бу таом қуввати сизга бемалол тушгча етади.

 

НОН ҚОВУРМА

Масаллиқлар: 1 дона бош пиёз, 30 гр. ўсимлик ёғи, 1 қошиқ томат, 1 дона тухум, 2 донача саримсоқ пиёз (ажратилган), ярим ош қошиқ майдаланган ёнғоқ, таъбга кўра кўк пиёз.

Тўрт бўлак нонни (хоҳишингизга кўра оқ ёки қора нон) товада қиздирилган ёғга икки томони қизартириб қовуриб олинади. Тўғралган пиёзни ҳам сарғайгунча қовуриб томат қўшилади. Унинг устига кўпиртирилган тухум, саримсоқпиёз, майдаланган ёнғоқ, таъбга кўра туз сепилган аралашмани ёйиб соласиз. Тайёр бўлган мазали аралашма нон бўлакларининг устига текис қўйиб, кўк пиёз сепилади. Сўнг товага қопқоғини ёпиб ёки газ патнисига 5 дақиқа қўйиб олинади. Нон қовурма жуда хушхўр бўлади.

ҚАТИҚЛИ КЎКАТ СОМСА

Бунинг учун 250 гр. маргарин қирғичдан ўтказилиб, керакли миқдордаги қатиққа солинади, тузи росалангач, ун солиб, юмшоқ хамир қорилади. Уннинг миқдори маргарин ва қатиқнинг миқдори билан тенглаштирилгани мақсадга мувофиқ бўлади. Хамирнинг усти енгилгина беркитилиб, 30-40 минут тиндирилиб қўйилади. Хамир тингунга қадар сомсанинг ичига солинадиган масаллиқ тайёрланади. 8-10 тача картошка кубик ҳолда майда қилиб тўғралади. Пиёз ва баҳор кўкатларидан (таъбга яраша) солиниб, аралаштирилади ва тузи росаланади. Тинган хамирларни думалоқ шаклга киритиб, ҳар бирини жувалаб, тайёр кўкатли масаллиқдан лўппи-лўппи қилиб солиниб, чиройли шаклда тугилади. Газни 10-15 минут қизитгач, патнисларга сомсалар терилади ва устига тухум суртилади.

 

 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
<<< 1 2 3 4 >>>
 
     
   
   
 
ali_nasafiy@yahoo.com
 
 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
 
Free Web Hosting