<%@ Page Language="C#" ContentType="text/html" ResponseEncoding="windows-1251" %> Пазандачилик сахифаси...

 

 

 
Бош саҳифага қайтиш
 
 
     
 

ПИШИРИҚЛАР

БАНАНЛИ ТОРТ

Масаллиқлар: 4 та тухум, 300 гр. шакар, 180 гр. ун, 3 ош қошиқ какао, 8 гр. желатин, 5 та банан.

Тухум оқини сариғидан ажратамиз. Сариғининг ярмига ванилин, ярмига озгина шакар қўшамиз. 4 қошиқ иссиқ сув солиб аралаштирамиз. Тухум оқини кўпиртирамиз ва юқоридаги масалиққа қўшамиз. Ун ҳамда какао солиб хамир қорамиз. Қолипга пишириқлар учун махсус қоғозни жойлаб хамирни қуямиз ва газ духовкасига ўртадан баландроқ оловга қўйиб, 30 дақиқа давомида пиширамиз. Бисквит пишиб чиққач, сал совутиб ўртасидан иккига бўлиб оламиз. Творог, битта банан, шакар, шоколад кукунини аралаштирамиз. Желатинни эритиб творогли массага қўшамиз. Совутгичга бир оз муддатга қўйиб қотирамиз. Сўнг кесиб қўйилган хамир қатламига қалин ва текис қилиб сурамиз. Бананларни ҳалқасимон қилиб кесиб крем устидан териб чиқамиз. Устига иккинчи қатламини ёпиб, яна бир неча соатга совутгичга қўямиз.

ШАФТОЛИЛИ ТОРТ

Масаллиқлар: 4 та тухум, 250 гр. шакар, 50 гр. ёнғоқли печенье, 60 гр. ун, 500 гр шафтоли, 1 кг. ёғсиз творог, 500 гр. пишлоқ, 100 гр. малина.

Тортимизни тайёрлашдан аввал газ духовкасини 175 даражада қиздириб оламиз.
Тухумни 3 қошиқ илиқ сув билан кўпиртирамиз. Кўпиртириш жараёнида 100 гр. шакар ва ванилин қўшамиз. Печеньени майдалаймиз ва кўпиртирган тухумли масаллиғимизга қўшамиз. Унга озгина крахмал сепиб тоғорачадаги масалиққа қўшамиз, хамир қорамиз. Думалоқ қолипни ёғлаймиз. Масаллиқни қолипга солиб, 30 дақиқага духовкага қўямиз. Пишгач духовканинг ўзида совутамиз.
Шафтолини ювиб, тозалаймиз ва тоғорачага жуда майда қилмасдан тўғраймиз. Творог ва шакарни қошиқ билан эзғилаймиз. Улар бир-бирига қоришиб, майин бўлгач, желатинни суюлтириб тоғорачага қуямиз. Крем тайёр бўлгач, бисквит хамирни ўртасидан бўламиз. Кремни ярмини хамир устига солиб, хамирни иккинчи бўлаги билан ёпиб, қолган кремни суртамиз. Тортни музлатгичга икки саотга қўямиз. Музхонадан олгач, тортни яна пичоқ ёрдамида текислаймиз ва четларини майдаланган ёнғоқ билан безатамиз. Устига ой шаклида кесилган шафтолини айлана қилиб терамиз. Ўртасига малина қўйиб тортимизни безатамиз.

ҚАЙМОҚЛИ БИСКВИТ ТОРТ

Масаллиқ: 6 та тухум, 1,5 стакан қаймоқ, 1 стакан шакар, 2 стакан ун.
Крем учун: 300 гр. сариёғ, 1 банка қуюлтирилган сут, турли ранглар.

Тухумнинг оқи музлатгичда совутилиб, тухум сариғи шакар билан оқаргунча кўпиртирилиб, ун ва қаймоқ аралаштирилади. Совутилган тухум оқини шакар билан яхшилаб кўпиртириб, масаллиқлар бир-бирига қўшилади. Шаклли қолипга мой суртиб, бисквит хамири газ печкада паст оловда 25 дақиқа пиширилади.
Тайёр бисквит совутилгач, иккига бўлинади ва улар орасига крем суртилади.
Тортнинг устини ўзингиз ҳоҳлагандай безатишингиз мумкин.

МАЙИЗЛИ ПИРОГ

Масаллиқ: 200 гр. майиз, 2 та тухум, 1 стакан шакар, 1 стакан сут, 1 чой қошиқ истеъмол содаси, 3 стакан ун.

Майизни ивитиб, гўшт майдалагичдан ўтказилади. Тухум оқини шакар билан кўпиртириб қўшилади. Тухумнинг сариғи сариёғ билан кўпиртирилади. Бир стакан сутга 1 чой қошиқда истеъмол содаси солиб, масаллиқларнинг барчаси яхшилаб аралаштирилиб, қуюқ қаймоқ сингари хамир қорилади.
Пирогнинг хамири ўрта оловда газ печкада 25 дақиқа пиширилади. Пирогнинг юзига ванилин қўшилган қанд упа сепиб, дастурхонга тортилади.

МАЙОНЕЗЛИ ПЕЧЕНЬЕ

Масаллиқ: 250 гр. майонез, 2 та тухум, 100 гр. сариёғ, 500 гр. ун, истеъмол содаси ва 1 қошиқ какао.

Тухум, шакар, майонезни яхшилаб аралаштириб, сариёғ, истеъмол содаси ва ун қўшиб юмшоқ хамир қорилади. Хамир 10 дақиқа музлатгичга қўйиб, тиндирилади. Бир хил катталикдаги бўлакларга бўлиб, шакл берилади ва юзини майдаланган ёнғоқ, шакар, какао кукуни қўшилган аралашмага булаб, патнисга териб, газ печкада паст оловда пиширилади.

"ЗЕБРА" ТОРТИ

Масаллиқ: 3 та тухум, 150 гр. сариёғ, 200 гр. қаймоқ, керагича ун, истеъмол содаси, 2 қошиқ какао.

Яхши кўпиртирилган тухумга шакар қўшиб, кўпиртириш давом эттирилади. Масаллиққа эритилган сариёғ, қаймоқ, ун ва истеъмол содаси қўшиб, қуймоқникидек хамир қорилади. Тайёр хамир иккига бўлинади. Бирига икки ош қошиқда какао кукуни солиниб, қизғиш тус берилади.
Торт пишириладиган қолипни ёғлаб, ош қошиқда ҳар иккала хамирдан навбатма-навбат қуйиб чиқилаверади. Сўнг паст оловда газ печкада пиширилади. Тортнинг пишган-пишмаганлигини гугурт чўпи тиқиб билиш мумкин.
Тайёр торт юзига ванилин қўшилган қанд упаси сепилади ёки қуюлтирилган шира суртилади. Бир ош қошиқ "Кичкинтой" кукуни, 1 қошиқ какаога ярим пиёла сув қўшиб, қуйилгунча қайнатиб шира тайёрланади.

“АСАЛЛИ” ТОРТ

Масаллиқ: 4 ош қошиқ асал, 200 гр. маргарин, 1 стакан шакар, 3 дона тухум, 1 чой қошиқ истеъмол содаси, 3,5 стакан ун.
Кремга: 1 стакан сут, 1 стакан шакар, 1 қошиқ ун, 1 дона тухум, 50 гр. сариёғ.

Газда ўрта оловда асални қизғиш рангга киргунча эритилади ва маргарин қўшилади. Улар эриб, бир хил масса ҳосил қилгач, аввалроқ тайёрлаб қўйилган тухум, шакар ва истеъмол содасининг аралашмасидан ҳосил бўлган суюқликка қайноқ ҳолда қуйилади. Бу массани яхшилаб аралаштириб, ун қўшилади ва совутгичда 20 дақиқа сақланади.
Сўнгра юмшоқ хамирни тўртга бўлиб, газ патнисларига думалоқ шаклда, 1 см қалинликда пишириб олинади. (Агар хамир ёпишқоқ бўлса, қўлингизга сариёғ суртиб олинг). Тайёр бўлган кулчаларни крем билан ёпиштириб, четлари текисланади. Четидан чиққан “қийқим”лари майдалаб, тортнинг юзи ва четларига сепиб чиқилади.
Крем тайёрлаш: 1 дона тухум, шакар, ун яхшилаб аралаштирилади. Сўнгра 1 стакан қайнаган сут солинади. Аралашмани газда паст оловда қиём ҳолига келгунча кавлаб турилади. Сўнгра оловдан олиб, совутгач, 50 гр. сариёғ қўшиб яхшилаб аралаштирилади.

ОДДИЙГИНА ТОРТ

Торт учун: 4 дона тухум сариғи, 0,5 ст. шакар, 200 гр. сарёғ, 2,5 ст. ун.

Крем учун: 4 дона тухум оқи, 0,5 ст. шакар, 1 ст. ёнғоқ мағзи, 1 ст. майиз.

Тухумнинг сариғини ажратиб олиб, шакар билан яхшилаб аралаштирасиз. Унга сарёғ ("Рама" маргарини) ва ун қўшиб, юмшоқ хамир қоринг. Тайёр хамирни уч бўлакка бўлиб, қалинлигини 0,5 см қилиб ёясиз. Газ печида алоҳида-алоҳида пишириб олинг.

Тухумнинг оқи шакар билан кўпик ҳосил бўлгунча аралаш-тирилади. Сўнг ёнғоқ мағзи, 1 ст. майиз қўшилади. Яхшилаб аралаштириб, тайёр кулча устига суриб, улар устма-уст тахланади. Устки қисмига эса қолган кремнинг ҳаммасини сурсангиз, гўзал торт тап-тайёр.

"ЛИМОНЛИ" ТОРТ

Масаллиқлар: 6 та тухум, 2 ст. шакар, 1 та лимон, 200 гр. сметана, 200 гр сарёғ, 2,5 ст. ун, 100 гр. шоколад плиткаси, 1 чой қошиқ сода, ёнғоқ мағзи.

Тухум сариғи билан шакар кўпиртирилади. Сода, сметана, ун қўшиб хамир қорилади. Учга бўлиб, ҳар биттасини алоҳида пишириб олинади. Кремни тайёрлаш учун тухум оқи билан шакар кўпир-тирилади. Қирғичдан ўтказилган лимон, ёнғоқ мағзи қўшилади. Ҳар битта кулчага крем суриб ёпиштириб чиқилади. Устини лимон бўлаклари, ёнғоқ мағзи, крем билан хоҳлаганча безатиш мумкин.

МУРАББОЛИ РУЛЕТ

Масаллиқлар: 5 дона тухум, 1 ст. шакар, 1 ст. ун.

5 та тухум сариғига 1 ст. шакар қўшиб яхшилаб аралаш-тирилади. Сўнг унга тухум оқи ва 1 ст. ун ҳам қўшилади.

Ёғ суртилган газ патнисига ёки юпқа ёғланган (пергамент) қоғоз устига ёйиб, яхши қиздирилган газ духовкасида 25 дақиқа давомида пиширилади. Пишириқ тайёр бўлгач, қоғоз секин олиниб, рулет шаклида букиб қўйилади. Совугач қайта очилиб, мураббо, джем ёки повидло суртилади-да, яна рулет шаклида букилади. Рулет устига қанд упаси сепилади.

АСАЛЛИ ГЕРКУЛЕС ПЕЧЕНЬЕЛАРИ

Масаллиқлар: 6 киши учун масаллиқлар: 125 гр. тузсиз сарёғ, озгина туз, 125 гр. суюқ асал, 1 катта қошиқ майдаланган корица, 2 та лимон пўсти, 100 гр майда сули ёрмалари (овсянка), 200 гр йирик сули ёрмалари (овсянка), 50 гр. кунжут писталари.

Чуқур идишга сарёғни солинади, устига суюқ асални, корицани ва майда қирғичдан ўтказилган лимон пўстини қўшиб ўртача оловга қўйилади. Сарёғ эриб кетгунча тинмай аралаштириб турилади. Бу аралашмага геркулесни 2 хилини қўшинг, кунжут писталарини ҳам ва ҳаммасини яхшилаб аралаштириб, қуюқ масса ҳосил бўлгунча аралаштирилади.

Духовкани 180 С гача қиздирилади. Листларга пергамент ёки пишириқлар учун қоғозни қўйилади. Тайёр хамирни катта қошиқда олиб листларга думалоқ қилиб қўямиз. Печеньелар духовкада 10-15 минутда пишади. Бу печеньени чой ёки кофе билан биргаликда десерт сифатида тортилади.

 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
<<< 1 2 3 4 >>>
 
     
   
   
 
ali_nasafiy@yahoo.com
 
 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
 
Free Web Hosting