4-саҳифа 2-қисм
  Бош сахифа

Қўшилган қиймат солиғи – товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш), уларни сотиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар (ишлар, хизматлар) импорт қилиш жараёнида қўшилган қийматнинг бир қисмини бюджетга олиш шаклидир.

Қўшилган қиймат солиғи 1992 йилдан илгариги оборот солиғи ва сотиш солиғи ўрнига жорий қилинган. Солиқ ставкаларига ҳар йили ўзгаришлар киритилади. 1992 йилда 30% бўлиб, бюджет даромадларида солиштирма ҳиссаси жами тушумларнинг 27,4%ни ташкил қилди; 1993 йилда 25%, унинг 6% корхоналар ихтиёрида қоладиган бўлди, яъни амалда 19% солиқ тарзида тўланди; 1995 йилда 17% бўлиб, давлат бюджети даромадларидаги ҳиссаси 19,1%ни, 1996 йилда 18% бўлиб, бюджет даромадларидаги ҳиссаси 17,7%ни ташкил қилди.

1998 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20% қилиб белгиланди ва у ҳозиргача ўзгармаган, 1998 йилда жами тушумларда унинг солиштирма ҳиссаси 25,3%, 2002 йилда 28,6% бўлди.

қўшилган қиймат солиғини тўловчилар доираси жуда кенг. Мулкчилик шакли ва идоравий бўйсинишидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра юридик шахс ҳисобланадиган, ишлаб чиқариш ва ўзга тижорат фаолияти билан шуғулланадиган барча ташкилотлар ушбу солиқ тўловчилари ҳисобланади.

Қўшилган қиймат солиғи етказиб берувчи (сотувчи) томонидан истеъмолчи (харидор) реализация қиладиган маҳсулот нархига киритилади. Маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналарда ҳисоб-китобларни осонлаштириш учун қўшилган қиймат эмас, балки уларнинг товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси бўйиа жами обороти солиқ солиш объекти қилиб олинади. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация ва импорт қилиш обороти қўшилган қиймат солиғи солинадиган объект ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси худудида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти солиқ солинадиган оборот ҳисобланади (қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинган ва ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар), шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланадиган оборот бундан мустасно).

Реализация бўйиа солиқ солинадиган оборот миқдори реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) қиймати асосида, қўлланиладиган нархлар ва тарифлардан келиб чиқиб, акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда уларга қўшилган қиймат солиғини киритмасдан белгиланади.

Солиқ қонунчилигида қўшилган қиймат солиғи бўйиа бир қатор имтиёзлар белгиланган. Уларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикасининг барча худуди бўйиа ягона бўлиб, маҳаллий ҳокимият органлари қарори билан ўзгартирилиши мумкин эмас. Аслида билвосита солиқ бўлган қўшилган қиймат солиғи корхонанинг молия-хўжаликфаолияти якунларига нисбатан бетараф. Лекин имтиёзлар бериш корхонанинг рақобатбардошлигини оширади, чунки бошқа корхоналарга нисбатан юқори таннарх бўлган ҳолларда ҳам маҳсулот нархини пасайтиришга, тенг шароитларда эса қўшимча фойда (солиқдан озод қилиш суммаси миқдорида) олиш имкониятини беради. Солиқнинг муҳим унсури – унинг ставкасидир.

Жорий қилинган 1992 йилда 30%лик ставка белгиланган бўлса, ҳозир унинг ставкаси 20%ни ташкил қилади. Айрим ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат товарлари бўйича қўшилган қиймат солиғи 15%ли ставка бўйича тўланади. Ставкалар ва бундай товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи солиқ солинадиган оборот бўйиа ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси билан қиймати ишлаб чиқариш ва муомала харажатларига киритиладиган товарлар учун тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи (қўшилган қиймат солиғининг бюджетга бериладиган бадалларни белгилашда ҳисобга ўтказиладиган суммаси) ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади.

Ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйиа қўшилган қиймат солиғини ҳисоб-китоб қилиш ва бюджетга тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 1997 йил 29 декабрдаги 383-сонли «Ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйиа қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида»ги йўриқномаси (киритилган ўзгаришлар ва қўшимчалар) билан белгиланади.

Акциз – билвосита солиқ тури бўлиб, товар ёки хизматлар нархига устама тарзида ундирилади, уни охирги истеъмолчилар тўлайдилар. Акцизлар давлат умумий солиқ сиёсатининг таркибий қисмига киради ва давлат бюджетини кўпайтириш, айрим товарларни (тамаки, алкогол маҳсулотлар) истеъмол қилиш, айрим турдаги корхоналарнинг атроф муҳитга зарарли оқибатлари билан боғлиқ ижтимоий харажатлар ўрнини тўлдириш, шунингдек, автомобил йўлларини қуриш ва уни сақлаш харажатларини қоплаш мамлакатдаги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадларида қўлланилади.

Одатда, акциз миқдори на товарнинг қиймати билан, на уни ишлаб чиқаришга қилинган меҳнат сарфлари билан боғлиқ эмас, бу солиқ давлатнинг солиқ сиёсатига қараб белгиланади.

Ўзбекистон Республикасида акциз солиғи биринчи марта 1992 йилда, Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 1 мартда қабул қилинган «Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар тўлайдиган солиқлар тўғрисида» қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан киритилган ва республика иқтисодиётнинг бозор иқтисодиётга ўтиши билан боғлиқ кейинги ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда жорий қилинган.

Акциз солиғи суммаси билвосита солиқ кўринишида бюджетга тўланадиган (ундириладиган) соф даромаднинг бир қисми бўлиб, қўшилган қиймат солиғи ундириш базасида ҳисобга олинади. Қўшилган қиймат солиғи каби акцизлар ҳам бюджет даромадларини шакллантиришда катта ўрин тутади. Масалан, 1992 йилда 40%ли ставкада акциз солиғининг солиштирма ҳиссаси жами тушумларнинг 27,4%ни ташкил қилди. Маҳсулотлар турлари бўйиа табақалашган акциз солиғи ставкалари алоҳида нархларда қийматга нисбатан фоизларда белгиланади.

Акциз солиғи олинадиган товарлар рўйхати ва ставкалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади ва 50%дан 100%гача боради. 1993 йилдан пахта толаси учун акцизлар жорий қилинди ва унинг шу йилги солиштирма ҳиссаси акциз солиқларидан олинган тушумларнинг 15,7%ни ташкил қилди. 1994 йилдан нефт, газ конденсати, зарурий кундалик эҳтиёж товарларига акциз солиқлари жорий қилинди. 1995 йилда акциз солиқларидан жами тушумларнинг солиштирма ҳиссаси жами тушумларнинг 27,0%ини, 1996 йилда 20%ини, 2002 йилда 26,9%ни ташкил қилди.

1999 йил сентябридан бошлаб акциз солиғи ундириладиган маҳсулотлар қаторига гуруч ҳам киритилди ва у бўйича акциз солиғи ставкаси 33% қилиб белгиланди.

Акциз солиғи тўловчилар барча мулкчилик шаклидаги акциз тўланадиган ўзлари ишлаб чиқарган товарларни реализация қилувчи корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардир. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва акциз тўланадиган товарлар учун уларнинг қўшилган қиймат солиғи ҳисобга олинмаган ҳолдаги (акциз солиғи суммасини ўз ичига олган) қиймати ёки товарнинг физик (жисман) ҳажми солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Агар товар ишлаб чиқарувчи акциз тўланадиган товарни натурал ҳақ ёки совға сифатида берса, солиқ тўловчида товарни топшириш пайтида таркиб топган, лекин амалда қилинган харажатлардан кам бўлмаган нархлар даражасидан келиб чиқиб ҳисобланган қиймат солиқ солиш объекти ҳисобланади. Акциз солиғи бюджетга, агар қонун хужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ойнинг акциз тўланадиган товар реализация қилинган ўн кунлиги тугаганидан кейин уч кундан кучиктирмай ўтказилиши лозим.

Солиқ тўловчи акциз солиғи бўйича ҳисоб-китобларни солиқ бўйича рўйхатдан ўтган жойидаги тегишли солиқ органига ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20 кунигача тақдим этади.

Акциз тўланадиган импорт товарлар учун божхона тўғрисидаги қонун хужжатларига мувофиқ белгиланган бож қиймати солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Акциз тўланадиган импорт товарлар учун акциз солиғи божхонада расмийлаштирилгунга қадар ёки расмийлаштириш пайтида тўланади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 1997 йил 19 декабрдаги 379-сонли «Ўзбекистон Республикаси худудида ишлаб чиқариладиган товарлар бўйича юридик шахслар томонидан акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида” ва 1999 йил 23 сентябрдаги 821-сонли юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига келтириладиган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариладиган айрим турдаги товарларга акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида» йўриқномалари билан (киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан) белгиланади.

Ресурслар учун тўловлар. Инсоннинг теварак атрофдаги табиатга таъсири йил сайни кучайиб бормоқда. Табиий заҳираларнинг чекланганлиги табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишни энг муҳим вазифалардан бири деб қарашни тақозо қилади.

Ўзбекистон Республикасида ресурслар учун тўловлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) мол-мулк солиғи (1992 йилдан);

2) ер солиғи (1993 йилдан);

3) экология солиғи (1998 йилдан);

4) ер остидан фойдаланганлик учун солиқ (1995 йилдан);

5) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (1993 йилдан).

Солиққа кирмайдиган даромадлар

Солиққа кирмайдиган, яъни носолиқ даромадларининг кўпчилиги доимий, қатъий белгиланган ставкада ундириладиган хазина (бюджет) даромадлари кўринишига эга бўлмайди. Бюджетнинг носолиқ даромадлари қатъий режалаштирилмаслиги керак, лекин амалиётда кўп ҳолларда улар одатда илгариги йилдаги тушумлар даражасида режалаштирилади. Носолиқ даромадлари солиқ даромадлари каби Ўзбекистон Республикасининг вакиллик органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар учун жорий қилинади. Носолиқ даромадлари ҳам мажбурий, ҳам ихтиёрий шаклларда бўлиши мумкин.

Носолиқ даромадлари рўйхати ҳамма даражадаги бюджетлар учун ягона бўлиб, бюджет таснифи билан белгиланади.

Уларга қуйидагилар киради:

1. Давлат ёки маҳаллий хокимият эгалигида бўлган мулкдан ёки хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар,

шу жумладан:

•  давлат ёки маҳаллий хокимият эгалигидаги мулкни фойдаланишга беришдан олинган даромадлар;

•  давлатга тегишли акциялар бўйиа дивидендлар;

•  давлат ёки маҳаллий хокимият эгалигида бўлган мулкни ижарага беришдан, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва ноқишлоқ хўжалиги мақсадларидаги ерлар учун ижара тўловидан олинган даромадлар;

•  вақтинчалик бўш турган бюджет маблағларини банк ва кредит ташкилотларида жойлаштиришдан олинган фондлар;

•  хизмат кўрсатиш ва давлат харажатларини қоплашдан олинган даромадлар;

•  давлат ва маҳаллий ташкилотлардан тўловлар;

•  давлат ёки маҳаллий хокимият эгалигида бўлган мулкдан ёки хўжалик фаолиятидан олинадиган бошқа тушумлар.

2. Давлат ёки маҳаллий хокимият эгалигида бўлган мулкни сотишдан олинган даромадлар, шу жумладан:

•  давлат мулки бўлган корхоналар ва ташкилотларни хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқаришдан олинган тушумлар;

•  квартираларни сотишдан тушумлар;

•  давлат ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш фондларини, тарнспорт воситалари ва бошқа ускуна-жиҳозларни сотишдан олинган даромадлар;

•  мусодара қилиниб давлат ва маҳаллий ҳокимият эгалигига ўтган эгасиз мол-мулкни сотишдан олинган даромадлар.

3. Давлат заҳираларини сотишдан олинган даромадлар.

4. Ер ва номоддий активларни сотишдан олинган даромадлар.

5. Давлатга қарашли бўлмаган манбалардан капитал трансфертлар тизимлари.

6. Жарима жазоларини қўллаш етказилган зарарни қоплаш, шу жумладан:

•  стандартлар ва техник шартлардан четлашган ҳолда тайёрланган маҳсулотни ишлаб чиқарганлик ва сотганлик учун тушумлар суммаси;

•  нархларни қўллаш тартибини бузганлик учун жазолар;

•  жиноятлар қилиш ва моддий бойликлар камомадида айбдор бўлган шахслардан ундириладиган суммалар.

7. Ташқи иқтисодий фаолиятдан олинган даромадлар, шу жумладан:

•  давлат кредитлари бўйиа фоизлар;

•  давлат заҳираларини сотишдан олинган даромадлар;

•  марказлаштирилган экспертдан тушумлар суммаси;

•  ташқи иқтисодий фаолиятдан олинган бошқа тушумлар.

8. Бошқа турли носолиқ тушумлари.

Бюджетнинг носолиқ даромадлари:

1) худудий белгига кўра, муайян даражадаги бюджетга киритиш;

2) жалб қилиш ва шакллантириш усулига кўра (мажбурий ёки ихтиёрий);

3) носолиқ тушумларини шакллантирадиган тўловларни ундиришнинг конкрет асосларига кўра (давлат мулкини сотишдан олинган даромадлар) таснифланади.

Бюджетга даромадлар тушумини режалаштириш

Бюджетни даромадлар бўйича шакллантириш ишлари энг муҳим уч йўналишни ўз ичига олади:

•  прогнозланадиган суммалар ҳисоби, барча турдаги даромадлар контингентларини сафарбар қилиш;

•  бошқариладиган даромадларни бюджет тизими даражалари бўйича қонунчиликда назарда тутилган тартиб ва пропорцияларда тақсимлаш;

•  молиявий ёрдам кўрсатиш (дотациялар, субвенциялар) ва бюджетдан таъминланишни (транфертлар) бараварлаштириш масалаларида юқори ва қуйи бюджетларнинг ўзаро муносабатларини белгилаш.

Даромадларни шакллантиришдаги энг муҳим босқич бу солиқ тушумларини прогнозлашдир.

Давлат бюджети даромадларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги режалаштиради, чунки бу вазирлик жами зарурий ахборот базасига эга ва солиқларнинг бюджетда жамланиши ҳолатини тезкор кузатиб боради.

Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитларида солиқ тушумларини прогнозлашда туб ўзгаришлар юз берди. Фойда, солиқ солиш базаси, бошқа турдаги солиқлар бўйича режа кўрсаткичларининг йўқлиги бюджетга тўловларни режалаштириш усулларини жиддий ўзгартириб юборди. Даромадлар контингентлари ҳисоблари, биринчи навбатда солиқ тушумлари бўйича ишлар босқичларини қуйидаги изчиликда тасаввур қилиш мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига худудлар бўйича кейинги йил бюджети бўйича бошланишидан олдинги ҳисобот даври учун жорий солиқ тушумлари ва бошқа тушумлар (даромадлар) тўғрисида умумлаштирилган маълумотларни тақдим этади (тезкор таҳлил учун, ҳисоб-китоблар учун муайян база тариқасида). Солиқ қўмитаси бу маълумотларни худудий солиқ инспекцияларидан олади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигидан даромадлар, биринчи навбатда солиқ тўловлари ҳажмини кўрсатадиган кейинги (режалаштирилаётган) йил ва ўта муддатли истиқболга прогнозланаётган макроиқтисодий кўрсаткичларни олади. Асосий макроииқтисодий кўрсаткичларга қуйидагилар киритилади: ЯИМ ҳажми, пул массаси хажмини белгилайдиган кўрсаткичлар; хўжаликтармоқларида яратиладиган фойда ҳажми, иш ҳақи фонди миқдори; инфляция индекси ва дефляторлар; товар айланмаси ҳажми ва бошқалар. Ўзбекистон Республи-касининг жамланма бюджети даромадлари асосини яратадиган энг муҳим солиқлар бўйича ва ҳар бир даражадаги бюджетлар бўйича махсус ҳисоблар қилинади.

Олинган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги солиқ ва бошқа даромадлар контингентларини прогнозлайди ва уларни худудий молия бошқаруви томонидан кўрсатма кўрсаткичлари кўринишида тўплайди. Ҳозирги шароитларда бюджет даромадларини режалаштиришнинг асосланганлигини оширишда таҳлилий ишларнинг аҳамияти кескин ортиб бормоқда. Бюджетга тўловлар ҳажмига таъсир кўрсатадиган жами омиллар тақдим қилинади.

Солиқлар ва йиғимлар бўйича боқимандаларга йўл қўймаслик учун хўжалик юритувчи субъектлар қуйидагиларни амалга оширишлари зарур деб ҳисоблаймиз:

- ривожланган мамлакатлардан замонавий техника ва технологияларни сотиб олиш ва жорий қилиш ҳисобига меҳнат унумдорлигини оширишга эришиш;

- рақобатбардош товарларни ишлаб чиқариш, уларни нафақат ички бозорда сотиш, балки чет давлатларга экспорт қилиш;

- маркетинг хизматини самарали ташкил қилиш;

- товар (иш ва хизмат) ларни сотилишида шартнома шартларига қатъий риоя қилиш, ҳуқукий маданиятни янада ошириш.

Хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш юзасидан қуйидаги йўналишдаги дастурларни амалга оширилишини таклиф қиламиз:

- экспортчи ва импортчилар орасидаги товар-пул муносабатларини ривожлантиришга олиб келадиган миллий валю­та конвертациясини таъминлашга йўналтирилган чораларни кўриш;

- жойларда солиқ идораларидан хулосалар тушгандан сўнг, молия ва банк муассасалари томонидан бир солиқ туридан бошқасига ортиқча тўлов суммаларини ўтказиш тўғрисидаги қонуний далолатномаларнинг ўз вақтида ижро қилинишига эришиш;

- солиқ тўловчиларни ҳисобот (чораклик, ярим йиллик, 9 ойлик ва йиллик) даври учун солиқ ва бошқа тўловларни муддатидан олдин ва тўлиқ, тўлаганликлари учун рағбатлантириш лозим.

- юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қў шилган қиймат солиғи ва акциз солиғи бўйича аванс тўловларни бекор қилиш чораларини кўриш;

- молиявий кўрсаткичларни, жумладан солиқ тушумларини ҳаққоний башоратлаш мақсадида бу ишга солиқ идоралари ходимлари, солиқ соҳасидаги олимларни кенг жалб қилиш, шунингдек, компьютер ва ахборот технологиялари ҳамда иқтисодий - математик усулларни қўллаш;

- солиқларни ягоналаштириш (унификация)ни давом эттириш;

- солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатини бир хиллаштириш;

- юклаб жўнатилган маҳсулот учун олдиндан тўлов миқдорини кўпайтириш;

- харажатлар таркибини белгилашда солиққа тортиладиган база билан муносабатни тартибга солиш механизмини ишлаб чиқилиши ва тартибини қўлланиши лозим. Жумладан, билвосита (яширин) икки марталаб солиққа тортишни йўқотиш учун чоралар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- жисмоний шахслар билан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенг қулоч ёйдириш.

Худудий Молия бошқармалари параллель ҳолда солиқ идораси билан ҳамкорликда ўз худудларида даромадлар контингентларини прогнозлаш ишларини олиб борадилар.

Ҳисоблар учун база – кейинги йил ва ўрта муддатли истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнознинг асосий параметрлари (тегишли солиқ турлари бўйиа бюджетга тўловлар хажмини белгилайдиган кўрсаткичлар унинг таркибий қисмини ташкил қилади).

Солиқ солиш базаси тўғрисидаги маълумотлардан ташқари режалаштирилаётган йилда солиқ соҳасида юз берадиган ўзгаришлар (ставкалар ўзгариши, имтиёзларнинг жорий қилиниши ёки бекор қилиниши ва бошқалар) тўғрисида ҳам маълумотларга эга бўлиш зарур.

Шундай қилиб, бюджет даромадларини умумий режалаштириш услубияти кейинги йил ва ўрта муддатли истиқболдаги макроиқтисодий прогноз кўрсаткичларига асосланади. Бу кўрсаткичларга қонун хужжатлари ва солиқ солиш базаси, ставкаларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги тегишли йўриқномалар асос бўлиб хизмат қилади, шунингдек амалда солиқларнинг йиғилиши даражаси ҳам ҳисобга олинади.

Эркинлаштириш шароитида махаллий бюджетлар: даромад базасини мустаҳкамлаш ва марказий бюджет билан ўзаро муносабатларни такомиллаштириш

Махаллий бюджет бюджет тизимининг қуйи қисми бўлишига қарамай давлат бюджети барқарорлигига катта таъсир кўрсатади. Махаллий бюджетлар орқали аҳоли турмуши учун зарур бўлган кўплаб хизматлар молиялаштирилади. Бу эса республика ахолиси турмуш даражасига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам махаллий бюджетларнинг даромад базаларини мустахкамлаш, ресурсларни минтакалар ўртасида қайта тақсимлаш ва иқтисодий, табиий, демографик ва минтақаларнинг бошқа турли хусусиятларини инобатга олган холда, уларга давлат хизматларини кўрсатиш муаммолари жуда долзарб бўлиб бормоқда.

Бу муаммоларни ечишда фискал марказдан чиқариш (децентрализация) мухим жихатлардан бири бўлмоқда. Бунда солиқлар таркиби ва даражасига оид қабул қилинган қарорлар хамда харажатлар йўналиши учун мажбурият махаллий хокимият органларига юкланади. Қабул қилинган қарорлар оқибатларига дахлдорлик молиявий ресурсларни янада самарали ишлатишга, ахолига хизматларни сифатли кўрсатишга ва бюджетга ресурслар тупланишини яхшилашга ундайди.

Махаллий бюджетларнинг шаклланиши ва бажарилишининг мухим тамойили узоқ муддатли ва башорат қилса бўладиган қоидаларни ташкил этиш хисобланади. Бу махаллий бюджетлар шаклланиши механизмининг барча таркибларига: харажатлар, солиқ даромадлари ва бюджет трансфертларига тааллуқлидир. Ҳар бир таркибнинг таҳлили асосий муаммоларни аниқлашга ва Ўзбекистонда махаллий бюджетлар шаклланиши ҳамда бажарилиши тизимини ислох қилиш йўлларини аниқлашга ёрдам берди.

Улардан асосийлари сифатида қуйидагилар аниқланган:

•  марказий ва маҳаллий бюджетлар ўртасидаги харажатлар ваколатларини янада аниқ чеклаш;

•  умумдавлат соликларининг салмоғини камайтириш ва махаллий солиқлар ролини ошириш;

•  маҳаллий бюджетларни башорат қилиш услубларини ҳамда бажарилиши механизмларини такомиллаштириш;

•  бюджетнинг барча даражаларида ва минтақаларда бюджет таъминланишида тенгликни қўлга киритишга йўналтирилган трансфертлар тизимини ишлаб чиқиш.

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
1 2

Ислом олами | Тарихдан нидо | Таҳлиллар | Олимлар | Иқтисодиёт | Шартномалар | Ҳайвонот олами | Коинот

 

 

 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
Free Web Hosting