2-саҳифа 1-қисм
  Бош сахифа

Халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб муносабатларини ўрни

Тижорат банклари халқаро иқтисодий муносабатлар (ХИМ) тизимида муҳим ва етакчи ўринни эгаллайди. Халқаро ҳисоб-китоблар банкнинг статистик маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда халқаро молия бозорларидаги операцияларнинг 50 фоизига яқин қисми 10 та тижорат банкнинг ҳиссасига тўғри келади. Жаҳон оборотидаги тўловларнинг 85 фоизидан ортиқ қисми тижорат банклари орқали амалга оширилмоқда. Халқаро операцияларнинг 56 фоизи Лондон, Нью-Йорк ва Токио бозорларида амалга оширилмоқда.

Мазкур маълумотлар шундан далолат берадики, биринчидан , тижорат банклари халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда; иккинчидан , тижорат банклари халқаро муносабатларда иштирок этаётган субъектларнинг тўлов операцияларининг мутлоқ асосий қисмини амалга оширишни таъминламоқда; учинчидан , ХИМ тизимида халқаро тижорат банкларининг юқори даражадаги мавқеи юзага келди, улар халқаро молия бозорларидаги операцияларнинг ярмига яқинини амалга оширмоқда; тўртинчидан , молиявий активлар билан амалга ошириладиган халқаро операцияларнинг асосий қисмини бир неча йирик молиявий марказларга тўпланиш тенденцияси кузатилмоқда.

Халқаро ҳисоб-китоблар – хорижий валюталардаги талаб ва мажбуриятларни амалга ошириш ва тартибга солиш тизими бўлиб, турли мамлакатларнинг хуқуқий ва жисмоний шахслари ўртасидаги иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқалар муносабати билан юзага келади. Халқаро ҳисоб-китоб муносабатлари, бир томондан, тўловларни амалга ошириш тартиби ва шартларини ўз ичига олса, иккинчи томондан, тижорат банкларининг уларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган кундалик фаолиятини олади.

Бозор иқтисодиётининг муҳим ва ажралмас тузилмаларидан бири ҳисобланувчи банклар тизими ва халқаро муносабатлар доимо ўзоро боғлиқ шаклда ривожланиб келган. Шу билан бирга, банклар халқаро муносабатларда ҳисоб-китобларни амалга ошириш, хўжалик субъектларини кредитлаш, халқаро капиталларни қайта тақсимлашда воситачи сифатида иштирок этиш, ташқи муносабатларда қатнашувчи субъектларга бошқа турли хизматлар кўрсатиш орқали меҳнат унумдорлигини ҳамда ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини оширишга амалда ёрдам кўрсатадилар.


Халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида тижорат банкларининг ўрни.

Халқаро тижорат банклари халқаро миқёсида кенг тарқалган ва ривожланган филиал тармоқларига ва банклараро вакиллик ҳисоб варақларига эга бўлиб, бу икки омил, пировард натижада, уларнинг ХИМ тизимидаги юқори даражадаги мавқеини таъминлашнинг бирламчи зарурий шарти ҳисобланади.

Тижорат банкларининг халқаро вакиллик муносабатлари географик йўналиши, операция турлари ва муносабатларнинг характерига кўра фарқланади.

Тижорат банкларининг ўзаро вакиллик муносабатлари географик йўналишига кўра ички ва ташқи муносабатларга бўлинади. Ички муносабатлар деганда, бир мамлакат ичидаги тижорат банклари ўртасидаги ўрнатилган ўзаро вакиллик муносабатлари тушунилади. Халқаро ҳисоб-китобларнинг асосий қисми ташқи вакиллик муносабатлари орқали амалга оширилади. Бунда тўловлар «Ностро» ва «Востро» вакиллик ҳисоб варақлари орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг ривожланган хорижий давлатларнинг тижорат банклари билан бир томонлама ташқи вакиллик муносабатларига эга эканлиги халқаро операциялар кўламини кенгайтиришга салбий таъсир қилади. Масаланинг моҳияти шундаки, Республикамизнинг йирик тижорат банклари ривожланган хорижий давлатларнинг тижорат банкларида ўзларининг «Ностро» вакиллик ҳисоб варағига эга. Ривожланган хорижий давлатларнинг тижорат банклари эса, республикамизнинг тижорат банкларида ўзларининг «Востро» вакиллик ҳисоб варағига эга эмаслар.

Тижорат банкларининг халқаро вакиллик муносабатлари операцияларининг тури бўйича, иккига, яъни, мижозларнинг операциялари ва банкнинг ўзини операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларга бўлинади. Мижозларнинг операцияларига уларга траст хизмати кўрсатиш операциялари, мижозларнинг тижорат операциялари, уларнинг мажбуриятлари бўйича тўлов топшириқномалари, чеклар, ҳужжатлаштирилган аккредетивлар ва инкассо воситасида тўловларни амалга ошириш операциялари, қимматли қоғозлар билан боғлиқ опрациялар, уларга кафолатлар бериш ва бошқа операциялар киради.

Банкларнинг ўз операцияларига хорижий валютада кредитлар бериш ва кредитлар олиш, депозитлар қабул қилиш валюталарни, қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш операциялари киради.

Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг биронтаси ҳозирги кунга қадар халқаро қимматли қоғозлар бозорининг листингига кирмаган. Бу эса, уларнинг хорижий валютадаги ёзалган қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларини ривожлантиришга тўсқинлик қилади.

Республикамиз тижорат банкларининг валюталарни сотиб олиш операцияларининг ривожланиш даражаси уларнинг имкониятлари даражасидан анча паст. Бу ҳолатнинг намоён бўлиш шакллари қуйида-гилардан иборат:

а) Республикамиз тижорат банкларининг халқаро валюта бозорларидаги операциялари миқдори жуда кичик. Бу операциялар асосан импорт тўловларини амалга ошириш билан боғлиқ.

б) Республикамиз тижорат банкларининг валюта опционлари ва валюта фьючерслари билан боғлиқ муддатли операциялари мавжуд эмас.

в) Мамлакатимиз банкларида своп операциялари ривожланмаган.

Тижорат банкларининг халқаро вакиллик муносабатлари ўзаро муносабатларнинг характерига кўра, ҳисоб варағи очиш асосидаги ва ҳисоб варағи очмасдан туриб ўрнатиладиган муносабатларга бўлинади.

Кўпчилик ҳолатларда ўзаро вакиллик муносабатлари икки томонлама ёки бир томонлама ҳисоб варақлари очиш йўли билан амалга оширилади.

Айни вақтда, ҳисоб варақлари очмасдан туриб ҳам ўзаро вакиллик муносабатларини ўрнатиш мумкин. Бунда халқаро ҳисоб-китоблар учинчи банкда очилган ҳисоб варағи орқали амалга оширилади.

Тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб муносабатларини ХИМ тизимидаги ўрнини белгиловчи иккинчи асосий омил уларнинг халқаро электрон тўлов тизимига уланиши ҳисобланади.

Ў збекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг, банк соҳасида олиб борилган ислоҳатлар натижасида қисқа муддатда миллий электрон тўловлар тизими жорий этилди. Бунинг натижасида Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида хўжалик субектлари ўртасида тўловлар ўтказиш вақти кескин равишда қисқарди. Ушбу маълумотлар қуйидаги диаграммада келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида хўжалик субъектлари ўртасида тўловлар ўтказиш вақтини қисқариши динамикаси.

Маълумотлардан кўриниб турибдики, хўжалик субъектлари ўртасидаги тўлов топшириқномалари билан амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар 1991 йил республика ичида 90 кунда, вилоят ичида 30 кунда амалга оширилган бўлса, 1997 йилга келиб ушбу ҳисоб-китоблар республика ичида 15 минутда, вилоят ичида 3 минутда амалга ошириладиган бўлди. Тижорат банкларида энг замонавий техналогияларга асосланган электрон тизимни жорий қилиниши уларни халқаро электрон тўлов тизимига уланишга имкон берди.

Халқаро электрон тўлов тизимида етакчи ўринни, шубҳасиз, S . W . I . F . T . (Жаҳон банклараро молиявий телекомуникациялар ҳамжамияти) тизими эгаллайди. Ушбу тизим 1973 йилда АҚШ ва Ғарбий Европа тижорат банкларининг ташаббуси билан тузилган эди. Ҳозирги кунда S.W.I.F.T. тизимининг уч маркази мавжуд бўлиб, улар Брюссель, Амстердам ва АҚШнинг Кильперер шаҳарларида жойлашган.

S.W.I.F.T. тизими халқаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартирди. Ҳозирги вақтда, S.W.I.F.T. тизими орқали ҳар қандай дунёнинг исталган мамлакатига 5 дақиқада етказалаши мумкин. Ҳолбуки, S.W.I.F.T. тизими юзага келтирилганга қадар АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатларининг хўжалик субъектлари ўртасида тўлов топшириқномалари билан амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар бир ҳафтадан 10 кунгача чўзилар эди.

Тижорат банкларининг халқаро муносабатлардаги ҳисоб-китоб операцияларининг ўрни ва аҳамиятини ошишига сабаб бўлган учинчи омил халқаро ҳсиоб-китоблар бўйича халқаро қоидаларни қабул қилиши бўлди.

1930-1932 йиллар мобайнида Халқаро Савдо Палатаси томонидан ҳужжатлаштирилган аккредетивлар ва инкассо бўйича халқаро қоидалар қабул қилинди.

Халқаро қоидалар халқаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнини осонлаштиради ва соддалаштиради. Чунки улар мамлакатнинг миллий қонунчилигидаги ўзаро фарқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш имконини беради.

Масалан, ҳужжатлаштирилган аккредетивлар бўйича қабул қилинган халқаро қоида аккредетивларнинг тўрт асосий шаклини мавжудлиги ва уларнинг ҳар бири билан тўловларни амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Ҳусусан, чақириб олинадиган аккредетивлар аккредетив банки томонидан мустақил равишда бекор қилиниши ёки унинг тўлов шартлари ўзгартирилиши мумкин. Ёки тасдиқланган ҳужжатлаштирилган аккредетивни олайлик. Ушбу аккредетив учинчи мамлакат банки томонидан сиёсий рискни бартараф этиш мақсадида тасдиқланди ва сиёсий риск юз берган тақдирда аккредетив суммаси тасдиқланган банк томонидан тўлаб берилади.

Инкассо тўғрисида халқаро қоидада инкассони икки асосий шаклининг, яъни соф инкассо ва ҳужжатли инкассонинг мавжуд эканлиги эътироф этилгани ҳолда, ҳар бир шакл бўйича халқаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Масалан, соф инкассода фақат тўлов ҳужжатларини инкассога қабул қилинади ва вексель акцептлангандан сўнг товарлар билан боғлиқ ҳужжатлар импортёрга узатилади. Ҳужжатли инкассода эса, фақат тижорат ҳужжатлари инкассога қабул қилинади ёки тижорат ҳужжатлари тўлов ҳужжатлари билан биргаликда инкассога қабул қилинади. Агар тижорат ҳужжатларининг ўзи инкассога қабул қилинса, у ҳолда товарлар билан боғлиқ ҳужжатлар импортёрга тўлов ҳақиқатда амалга оширилгандан сўнг узатилади.

Юқорида қайд этилган халқаро қоидалардан ташқари, вексель муомаласи ва чеклар бўйича халқаро Женева конвенцияси мавжуд. Ушбу конвенцияларда векселлар ва чеклардан халқаро ҳисоб-китобларда фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган. Масалан, банкларнинг ордерли чеклари аниқ таъминланганлик объектига эга эмас. Яъни, ордерли чекни банк мижозининг ёзма кўрсатмасига асосан ёзади ва бунда мижознинг жорий ҳисоб варағида валюта маблағларининг мавжудлиги ёки йўқлиги инобатга олинмайди.

Шунингдек, банкларнинг ордерли чекларини индоссамент ёрдамида учинчи шахсга узатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси хўжалик амалиётида қўлланилаётган ҳисоб-китоб чекларини учинчи шахсга узатиш мумкин эмас. Бундан ташқари, чек суммаси албатта алоҳида ҳисоб рақамида депонент қилинади.

Тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб муносабатлари бир қатор ўзига хос ҳусусиятларга эга бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

•  Импортёрлар ва экспортерлар, уларнинг банклари ташқи савдо шартномасига бевосита боғлиқ бўлмаган ўзаро муносабатга киришадилар.

Мазкур ўзига хос муносабат товарлар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш, текшириш, узатиш ва тўловларни амалга ошириш натижасида юзага келади.

•  Тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб операциялари миллий қонунчилик билан, шунингдек, халқаро қоидалар билан тартибга солинади. АҚШда ягона савдо кодекси мавжуд бўлиб, унда банкларнинг халқаро ҳисоб-китоб операцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳуқуқий асослар ўз аксини топган.

•  Тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб муносабатлари унификация объекти бўлиб, у хўжалик алоқаларининг байналминаллашуви ва банк операцияларининг универсаллашувига асосланган.

•  Банкларнинг халқаро ҳисоб-китоб операцияларида икки тўлов шарти қўлланилади:

а) Тўловлар ҳужжатларга қарши.

б) Тўловлар акцептга қарши.

Биринчи тўлов шартида импортёр тўловни амалга оширгандан кейингина унга товарлар билан боғлиқ ҳужжатлар берилади.

Тўловнинг иккинчи шартида импортёр томонидан вексель акцептлангандан кейингина унга ҳужжатлар берилади.

•  Кўпчилик ривожланаётган давлатларда миллий валютанинг баҳоловчи валюта вазифасини бажара олмаслиги ва ушбу мамлакатлардаги банкларнинг ривожланган хорижий давлатларнинг банклари билан бир томонлама вакиллик муносабатларига эга эканлиги тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб операцияларини ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

•  Халқаро ҳисоб-китоб операцияларининг 90 фоизига яқин қисми фақат бешта валютада амалга оширилмоқда. Буларга АҚШ доллари, евро, Япония иени, Буюк Британия фунт стерлинги ва Швейцария франки киради.

Мазкур валютанинг барчасини эркин сузиб юрувчи курс режимига эга эканлиги халқаро ҳисоб-китоб муносабатларида валюта риски муаммоси ва тўлов риски муаммосини юзага келтирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, халқаро тижорат банклари ХИМ тизимида муҳим ва ҳал қилувчи ролни ўйнамоқда. Уларнинг халқаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш борасидаги бой тажрибасини илмий асосда ўрганиш республикамизнинг тижорат банклари учун катта амалий аҳамиятга эгадир.

Халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб операцияларини таснифлаш асослари.

Тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб операцияларини тўғри таснифлаш асосида уларнинг самарадорлигини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг боиси шундаки, тижорат банки учун тўлов риски ҳар бир халқаро ҳисоб-китоб шаклида бир-биридан фарқ қилади.

Халқаро банк амалиётида тижорат банкларининг халқаро ҳисоб-китоб операциялари, иқтисодий моҳиятига кўра, икки йирик гуруҳга ажратилади:

1. Соф тўловлар.

2. Ҳужжатлаштирилган тўловлар.

Бунда туркумлаш учун мезон бўлиб, тўлов шартлари ҳисобланади. Масалан, соф тўловлар учун уч тўлов шарти хос:

а) товарлар суммасининг маълум қисмини олдиндан тўлаш;

б) товарлар суммасини товарни қабул қилиб олгандан сўнг тўлаш;

в) очиқ ҳисоб варақлари бўйича ҳисоблашиш.

Ушбу учала шартдан камида биттаси бажариладиган тўлов шакли соф тўлов ҳисобланади. Шу боисдан ҳам, соф тўловларга тўлов топшириқномалари ва чеклар воситасидаги халқаро ҳисоб-китоблар киритилади.

Тўлов топшириқномалари билан амалга ошириладиган ҳисоб-китобларда импорт суммаси товар қабул қилиб олингандан сўнг амалга оширилади. Бунда импортёр биринчи навбатда товарлар билан боғлиқ ҳужжатларни олади. Ундан кейин эса, товарлар билан боғлиқ ҳужжатлар орқали товарларни портдан ёки омборхонадан олади. Импортёр товарни сифатини ҳақиқатда текширгандан кейин тўлов топшириқномаси ёзади. Демак, тижорат банки учун мазкур ҳисоб-китоб шаклида тўлов риски мавжуд эмас. Бундан ташқари, ушбу тўлов шакли импортёр учун қулай бўлиб, экспортёрга тўлов рискини юзага келтиради. Бундай шароитда тўлов риски муаммосининг чуқурлашиши дебитор қарздорлик суммасининг ошишига ва мамлакат экспорт тушумини камайишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, миллий валютанинг алмашув курсига ва экспортёрларнинг тўловга қобиллигига салбий таъсир қилади.

Халқаро савдони молиялаштириш билан боғлиқ бўлган халқаро ҳисоб-китоб муносабатларида тижорат банкларининг ордерли чекларидан кенг кўламда фойдаланилади. Республикамиз банк амалиётида эса, ҳозирги вақтда банкларнинг ордерли чеклари муомаласи мавжуд эмас.

Тижорат банкларининг ордерли чеклари билан амалга ошириладиган халқаро ҳисоб-китоб операцияларида банк чекни мижознинг ёзма кўрсатмасига асосан ёзади. Аммо банк томонидан чек суммаси алоҳида баланс ҳисобварағида депонентланмайди. Демак, бунда банк учун тўлов риски мавжуд эмас. Лекин, халқаро амалиёт тажрибалари шуни кўрсатмоқдаки, ордерли чекларнинг асосий қисми, импортёрларнинг жорий валюта маблағлари етмай қолган шароитда, тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан тўланмоқда. Демак, ордерли чеклар тижорат банклари учун тўлов рискини юзага келтирмасада, улар учун юқори даромад олиш манбаи бўлиб қолмоқда.

Ривожланган давлатларнинг хўжалик амалиётида очиқ ҳисоб варақлари бўйича ҳисоблашишдан кенг кўламда фойдаланилади. Бунда, одатда, экспортёрнинг банкида мазкур ташқи савдо шартномасини молиялаштириш учун алоҳида баланс ҳисоб варағи очилади. Ташқи савдо шартномасида ҳар бир партия товарни жўнатиш вақти аниқ кўрсатилади. Импортёр ҳар бир партия товарнинг суммасини товар жўнатилгунга қадар экспортёрнинг банкида очилган баланс ҳисоб варағига ўтказиши лозим. Экспортёр товарни жўнатгандан сўнг, унинг банки тўлов суммасини экспортёрнинг жорий валюта ҳисоб варағига ўтказади.

Очиқ ҳисоб варақлари бўйича ҳисоблашишда тижорат банки учун тўлов риски мавжуд эмас, балки экспортёр учун тўлов риски мавжуд. Шунинг учун ҳам, мазкур тўлов шакли бир-бирини яхши биладиган, одатда, кўп йиллардан буён ҳамкорликда ишлаб келаётган корхоналар ўртасида кенг қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси банк амалиётида очиқ ҳисоб варақлари бўйича ҳисоблашиш мавжуд эмас.

Ҳужжатлаштирилган тўловлар учун иккита тўлов шарти хос:

а) товарлар билан боғлиқ ҳужжатларни тўлов амалга оширилгандан сўнг бериш;

б) товарлар билан боғлиқ ҳужжатларни вексель акцептлангандан сўнг бериш.

Ушбу тўлов шартларидан келиб чиққан ҳолда, ҳужжатлаштирилган тўловларга ҳужатлаштирилган аккредитивлар ва инкассо воситасидаги халқаро ҳисоб-китоблар киради.

Ҳужжатлаштирилган аккредитивларда тўлов товарлар билан боғлиқ ҳужжатлар импортёрнинг банкига келиб тушгандан сўнг амалга оширилади. Ривожланган хорижий давлатлар банк амалиётида чақириб олинмайдиган, тасдиқланмаган аккредитивлардан кенг кўламда фойдаланилади. Мазкур аккредитивларда тижорат банки учун тўлов риски мавжуддир. Шу боисдан ҳам, тижорат банклари юқори даромад олиш имконига эгадирлар.

Ҳужжатлаштирилган аккредитив тўловни таъминлаш функцияси билан биргаликда кредит функциясини ҳам бажаради. Импортёрнинг банкини тўлов мажбуриятини ўз зиммасига олиши импортёрни банкдан кредит олишини тезлаштиради. Чунки банк товарлар билан боғлиқ ҳужжатларни импортёр тўловни амалга оширгунга қадар ўзида ушлаб туради. Бу эса, ушбу ҳужжатлар берилган кредит учун гаров сифатида фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Ривожланган хорижий давлатлар банк амалиётида аккредитивларнинг сезиларли қисми тижорат банкларининг муддатли ва овердрафт кредитлари ҳисобидан тўланади.

Тижорат банкларининг овердрафт шаклидаги кредитлари молиявий жиҳатдан барқарор ҳисобланган мижозларга берилади. Чунки овердрафт кредити ҳеч қандай гаров объекти билан таъминланмаган кредит ҳисобланади. Бунинг боиси шундаки, биринчидан , овердрафт кредитида мижознинг жорий ҳисоб варағида қачон пул маблағлари етишмай қолишини олдиндан билиб бўлмайди; иккинчидан , вақтинчалик пул маблағларининг етишмовчилиги қанча миқдорда эканлигини режалаштириб бўлмайди.

Ҳужатлаштирилган аккредитивлар суммасини тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан тўлашда гаров механизмидан фойдаланиш йўли билан кредит рискини минималлаштириш мумкин. Бунда, айниқса, биринчи тоифали гаров объектларидан кенг кўламда фойдаланилади. Ривожланган хорижий давлатлар банк амалиётида биринчи тоифали гаров объектлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

1. Мижозларга тегишли ер майдонлари.

2. Ҳукуматнинг қимматли қоғозлари.

3. Тўлови ҳукумат томонидан кафолатланган корпоратив қимматли қоғозлар.

4. Марказий банк томонидан кафолатланган қимматли қоғозлар.

5. Марказий банкда қайта ҳисобга олинадиган тратталар.

6. Олтин ва бошқа нодир металлар.

Халқаро ҳисоб-китобларнинг инкассо шаклида товарлар билан боғлиқ ҳужжатлар импортёрга тўлов амалга оширилганда ёки тижорат вексели акцептланганда берилади. Бунда тўлов товарлар билан боғлиқ ҳужжатлар импортёрнинг банки томонидан инкассога қабул қилингандан сўнг амалга оширилади. Ушбу шаклда тижорат банки учун тўлов риски мавжуд эмас.

Германия банк Академиясининг профессори К. Байнке, франциялик таниқли иқтисодчи олим Ж. Матук ва бошқа бир қатор таниқли иқтисодчи олимлар ва мутахассислар соф тўловларга S.W.I.F.T. тизими орқали амалга ошириладиган тўловларни киритишади. Масалан, К. Байнке ўзининг бу фикрига исбот сифатида S.W.I.F.T. тизими орқали тўловларни амалга оширишда ҳужжатларни ишлатилмаслигини келтиради.

Бизнинг фикримизча, S.W.I.F.T. тизими орқали амалга ошириладиган тўловларни соф тўловлар таркибига киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки соф тўловлар аниқ тўлов шартларига асосланган. S.W.I.F.T. тизими орқали эса барча халқаро ҳисоб-китоб шакллари бўйича тўловлар амалга оширилади.

Ривожланаётган давлатларнинг кўпчилигини, шу жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган мамлакатларнинг миллий валюталарини халқаро валюта бозорларида олди-сотди қилинмаслиги ва ушбу давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кучайиши «юмшоқ» валюталардаги операциялар ҳажмини сезиларли даражада ошишига олиб келмоқда. Бу ҳолат, ўз навбатида, халқаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнида кросс-курсларни ҳисоблаш методикасини тўғри танлаш ва барча тижорат банкларида бир хил тартибда қўлланилишини таъминлашни тақозо қилади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдуслигига аъзо бўлган мамлакатларнинг миллий валюта расмий курсини аниқлаш механизми 1.2.1-жадвалда кўрсатилган.

Халқаро банк амалиётида кросс-курсни аниқлашда у ёки бу методикадан фойдаланишда бирламчи мезон сифатида база валютасини ўтаётган валютага нисбатан қайси котировка тури қўлланилаётганлиги ҳисобланади. Агар ушбу валютага нисбатан тўғри котировка қўлланилаётган бўлса, унда кросс-курсни аниқлашда «хоч принципи» га асосланилади.

 

Ислом банклари фаолияти
Тижорат банкларининг халқаро...
Бозор иқтисодиётига ўтиш концеп...
Респ. бюджети даромадлари ва...
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
1 2 3

Ислом олами | Тарихдан нидо | Таҳлиллар | Олимлар | Иқтисодиёт | Шартномалар | Ҳайвонот олами | Коинот

 

 

 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
Free Web Hosting