<%@ Page Language="C#" ContentType="text/html" ResponseEncoding="windows-1251" %> Улар ким эдилар...

 

 

 
Бош саҳифага қайтиш
 
 
 

Келажак ҳақида ўйлар

1885 йилда Истанбулдаги Абузиё матбаасида Исмоилбек Гаспралининг “Оврупо маданиятига бир бетарафона назар” деган кичкина рисоласи босилиб чиқди. Европа ўз тараққиётининг ҳадди аълосида турган, Европа турмуш тарзи дунёнинг барча мамлакатларига ўрнак ва тимсол тутилган бир пайтда Русиядай қолоқ бир юртнинг қайси бир бурчагидаги бир мусулмон дунёнинг тараққийпарвар аҳли орасидаги ҳукмрон нуқтаи назарга эътироз билдирди. Фан ва техникаси билан дунёни ҳайратга солган капиталистик Европани ҳам, жаннат ваъда этувчи социалистик Европани ҳам рад этди. Ҳар иккисида ҳам ахлоқсизлик кўрди. Бугунги Европа маданияти қадим Рим цивилизацияси асосида майдонга келгандир. Қадим Рим салтанати эса маънавий ахлоқий чириганлиги учун барбод бўлгандир. Бинобарин, “Румолилар асир этлари билан ҳовузларда боқилган балиқларга тўймасдан қандай қулаган бўлсалар, уларнинг фарзандлари бўлган овруполилар ҳам бутун дунёнинг меваларига тўймайдилар”,-деб ёзади Гаспрали.
Қадим Рим салтанати деганда бугунги ўқувчининг кўз ўнгига,биринчи навбатда, бир тўда тўраларнинг кўнглини очиш учун ўлим билан курашга чиққан гладиаторлар, машҳур Спартак келади. XIX аср эса Европа колониализмининг гуллаган даври эди. Китоб чоп этилган 80-йилларда оқподшонинг севимли генерали Скоблев олис Хуросоннинг Кўктепа қалъасини қонга ботириб, Марви шоҳжаҳонни ишғол этган эди. Румолиларнинг XIX асрдаги фарзандларининг бутун дунёнинг меваларига тўймасликлари шундан. Муаллиф фикрича, янги-XIX аср Европа маданияти билан қадим Рим маданияти моҳиятан бир хил. Қуроллар, усуллар, ўрнаклар ўзгарган холос, натижа ва самара эскича.
Рисолада асосий эътибор “янги дунё” маданиятининг маънавий-ахлоқий жиҳатларига қаратилади. Ворисийликка, оталар ва болалар масаласига тўхталади. Болаларнинг (социалистларнинг) ўз оталари (капиталистларни) рад этишларида катта маъно кўради. Айни пайтда болаларнинг адолат ҳақидаги тушунча ва фикрлари адолатсизликлар билан тўла эканлигини очиб ташлайди. Унингча олдинги ҳар икки маданиятнинг асосий нуқсони шундаки, уларда ҳаққоният йўқ. Исломдаги ҳаққоният йўқ. Ҳаққоният дегани нима? Авлоний буни шундай тушунтиради:

“Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур...” Гаспрали барча инсонларнинг ўзаро муносабатлари бир асосга - фойда асосига қурилганини таъкидлайди, лекин ишлаб чиқариш воситаларини киши фаолиятини назорат қилувчи ушр (ўндан бир миқдордаги йиллик экин солиғи), закот (қирқдан бир миқдордаги йиллик мулк солиғи) кабиларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги фавқулодда назоратчилик ролини уқдиради. Шулар Оврупонинг ҳуқуқ ва ахлоқига асос қилиб олинганида социалистик фикрларга имкон қолмаслигини айтади. Шу тариқа Европа илм-фан ислом ахлоқининг ҳамкорлигида майдонга келадиган янги умуминсоний маданият масаласини кўтаради.
Хўш, ислом маданияти қандай маданият? У нимани кўзда тутади? Оврупо маданияти шарҳидан кейин бунинг изоҳига ҳам зарурат туғилган кўринади. Ҳар ҳолда Исмоилбекнинг шу номда бир китоби пайдо бўлди ва қисқа муддатда 2 марта чоп этилди. Маданият, унингча кишиларнинг турмуши, иш фаолияти, касб-ҳунарга муносабати билан белгиланади ва уларни тахминан 3 га бўлиш мумкин:

1. Нутқсиз ҳайвон даражасинда ўлуб оиладан, никоҳдан, уй-жойдан, саноатдан, зироатдан мутлақо хабарсиз бўлиб, ярим ёввойи ҳолда тоғларда маймунлар каби умр кечириб ва баъзи балиқ ва ов ила ғизоланурлар.

2.Саноатдан, тижоратдан, иморатсозликдан, ҳунардан бебаҳра бўлсалар ҳам оила ташкил этиб, фазоили никоҳдан хабардор бўлиб жинс-жинс қўшилишиб қирларда бугун бунда, эрта унда кўчиб юрадилар ва емишлари боққан моллари билан.

3. Саноат, зироат тижорат билан машғул бўлиб, ҳам оила, ҳам жамият, ҳам давлат ташкил этиш даражасига етишиб ҳунар, фунун, ҳуқуқ, улум ва ахлоқ ошноси бўлгандирларки, улар овулларда, шаҳарларда истиқомат этиб, низом асосида осойишталикда, омонликда, минг хил иш-куч, саноат, ҳунар, касб ва тижорат билан дунёда роҳатда яшаб келадилар. Улардан биринчиси, шубҳасиз “ваҳший”, учинчиси “маданий”дир. Маданият халқ ёхуд миллатнинг осойиш ва омонлигига, тирикчигига мутаносиб бўлади. У ҳеч қачон ёлғиз бир миллатга ёхуд мамлакатга тегишли бўлиб қилмайди. Турли сабаб ва шароитга кўра бирида озроқ, иккинчисида кўпроқ ёхуд бунда бир, иккинчисида бошқа жиҳати нисбатан фарқли ривожланиши мумкин. Бир вақтлар Оврупо ундан бебаҳра қолган эди, ҳозирда унинг Осиёдан ўсиб кетганлиги ҳаммага аён. Заминида Оврупо кийим нималигини билмай, мол терисига ўралиб юрган пайтларда. Осиё пахта-ипак матоларини танлаб киярди. Ҳозирда Осиёли от-эшак, қайиқ билан ўн кунда юрадигдан йўлни Европа темир йўл ё пароходда бир кунда босиб ўтади. Бу маданият даражасининг самараси. Айни пайтда у бутун инсониятникидир.
Кимки бу йўлда хизмат қилса, инсониятга хизмат қилган бўлади. Шу жиҳатдан, мусулмон олами инсониятга нима берди? Умуман, унинг хизмати борми?
Исмоилбек шундай савол қўяди ва “Ҳам бордир, ҳам кўпдур” деб жавоб беради. Шундан сўнг 2 муҳим масалага аниқлик киритади.

1. Ислом маданиятининг биргина араб маданиятидан иборат эмаслиги. Оврупода кенг тарқалган бу фикрни муаллиф янглиш ҳисоблайди. Дарҳақиқат у ҳолда француз, инглиз, немис зиёлилари бунёд этган илм-фанни “лотин маданияти дейиш керак , чунки улар шу тилда ёзилган. Ундай демаймиз ва тўғри қиламиз. Ислом маданиятини ҳам ёлғиз араблар яратмадилар. Унда турк, форс, ҳинд ва бошқа қавмларнинг ҳам улуши бор.

2. Ислом маданиятининг антик ва ҳозирги Оврупо маданияти билан ўзаро муносабати масаласи.
Инсониятнинг энг қадим маданияти, шубҳасиз, Миср ва Юнон маданиятидир. Ҳозирги баравж маданияти эса, Оврупо маданияти бўлиб турибди. Хўш, ислом маданиятининг ўрни қаерда? Оврупо олимларининг кўпчилиги бугунги Оврупо маданияти қадим Миср-Юнон маданиятининг бевосита давомчиси дейдилар. “Ва лекин бу иддаолари янглишдир ва хатодир,-деб ёзади Исмоилбек.-Чунки Юнон маданияти охири ила Оврупо маданияти бошина қадар кечмиш минг йил олам маданиятсизми қолди? Оврупо маданиятни тўғри Юнондан олган бўлса, нима учун минг йил уни олмасдан кутиб ўтирди?
Муаллифнинг атрофлича асослашича, юнон маданияти Овруподан олдин ислом дунёсига ёйилган ва мусулмонлар уни тараққий қилдириб, нуқсонларини озайтириб, Оврупога топширдилар. Аристотель, Платон каби ўнлаб машҳур юнон олимлари асарларини Оврупога танитганлар мусулмонлар бўлади. Буни арб олимлари орасида эътироф этгувчилар йўқ эмас. Америкалик Драбер “Оврупо ақлий тараққиёти тарихи” китобида “Оврупонинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир” деб ёзган. Ояти карима ва пайғамбаримиз ҳадислари, саҳобалар эътирофи исломият маданиятнинг асоси ва манбаи эканлигига далил эмасми?
Дарҳақиқат, “Қуръони карим”да “илм” сўзи 751 ўринда учрар экан...
Ислом оламидан узоқ юнон маданияти мусулмонлар ҳаётига қандай кириб келди?
Бу VIII асрдан Аббосий халифа Абу Жаъфар Абдуллоҳ Ал-Мансур замонидан бошланган. Илм-фанни севган бу халифа ҳинд олимларидан илми нужум ва ҳайъатни ўрганган. Юнонларда бу фанларнинг тараққий топганлигини англаб, таржима қилишни йўлга қўйган эди. Воқеа бундай бўлган эди: Аббосийлар замонида христианлар орасида “несторий”лар деган бир гуруҳ пайдо бўлади. Булар 431 йилда Эфес ибодатхонасида дунёвий қарашлари учун сазойи қилиниб, юртдан бадарға қилинган патриарх Несторнинг издошлари эдилар. Улар Эрон, Ўрта Осиё, Арабистон шаҳарларида дарбадар юрар эдилар. Абу Жаъфар буларни тўплаб, ҳимоясига олиб, таржима ишларини бошлаб юборади. Қисқа муддатда Бағдод, Шом илму ҳикмат хазиналарига айланади. Бу борада Хорун Ар-Рашид, Маънун каби халифалар катта ҳиммат ва жасорат кўрсатадилар. Ниҳоят, булар ўз самарасини беради.

Исмоилбек ўз фикрларини далиллаш учун кўплаб мисоллар келтиради. Чунончи, механика илми даражасини кўрсатувчи шундай факт келтирилган. Хорун Ар-Рашид (763-809)нинг Франция ҳукмдори Буюк Карл (742-814)га юборган совғалари орасида занг чаладиган соат бўлиб, барча овруполиларни ҳайрат ва таажжубга солган.
Абу Жаъфар юнон ҳукмдори билан иноқ эди. Афинадан беадад китоб олдирди. Маъмун даврида Птоломейнинг “Мажистий”и таржима қилинди. (Яҳё Ибн Холид Бармакий). Санад бин Али ва Холид бин Абдулмалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритдилар. Ер куррасининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилди. Сайёрамиз ҳаракатига доир 3 зиж тартиб қилинди. Аббос бин Саййид Жўшарий ибн Исҳоқ бин Касуф, Абдуллоҳ бин Саййид Ал-Фарғоний каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга доир қўплаб хатоларини аниқладилар ва қуёш доғлари, ой-кун тутилиши, думлик юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қилинди...
Оврупо ҳандаса (геометрия) илмини Хуросонли Абулвафонинг ҳижрий 5-аср бошида тузилган “Аз-зижи Шомил” ва “Мажистий”сидан ўрганди. Исмоилбек фикрича, бугунги телескоплар ўша замонларда кашф этилса эди, ислом уламоси “балки Оврупо уламосина илми ҳайъатда ҳеч бир иш қолдурмаслар эди”.
Афсуски, XI асрдан замон нотинчликлари кучайиб борди. Бир томондан, ғазнавийлар, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан, Чингиз истилоси, учинчи томондан, Қуддуси шариф учун бошаниб кетган “салиб юришлари” ислом оламини ларзага солиб, илму ҳунар йўлларини бузиб юборди. Лекин илм-маориф нури сўнмади, аксинча душманларга ҳам зиё бериб, мунаввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, овруполилар эса юз йиллик салиб юришлари давомида қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар.

Ислом маданиятининг ўчоқлари биргина Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанд эмас эди. Бундай марказлар Африка, Испанияда, қўйингки, ислом оламининг деярли барча нуқталарида бор эди ва ҳаммасида илм-фан ривож топди. Биргина Испания ва Африкада етишган ислом уламосининг кашфиётлари ва ёзган асарлари номларининг ўзи, Исмоилбек гувоҳлик беришича “йигирма жилд” бўлади.
Муаллиф ислом маданиятининг мазмун ва кўлами ҳақида умумий маълумот бергач, “Улуми табиия”, “Қонун ва низом”, “Таърих”, ”Ҳикмат”, “Тиб”, “Адабиёт”, “Улуми риёзиййа”, “Фани жуғрофия” каби боблар очиб, тасниф этади. Ҳар соҳанинг энг машҳур намояндаларини тилга олади, асарларидан намуна келтиради, баҳолайди. Тасниф ва баҳо кўпинча Оврупо илм-фани билан таққослаб олиб борилади.
Чунончи, табиий фанлар борасида сўз юритганда, бир қатор соҳаларда “хожа (муаллим)лари ўлан юнонийлардан кўб ўзуб кетган”ликларини, масалан, набототдан “юнон уламосина ҳеч маълум ўлмаян икки минг жинс наботот кашф ва тажруба этилгани”ни, Андалус подшоҳи 1-Абдураҳмон Қуртабо шаҳри ёнида улкан Ботаника боғи ташкил қилиб, дунё ўсимликларини тўпламоқ учун Осиё ва Африканинг ҳар томонига махсус кишилар юборганини қайд этади. Шунингдек, ўсимлик-гиёҳларнинг чангланишини аниқлаш, дори ва гиёҳларни шакарда қайнатиб сақлаш, дорихоналар очиш “ислом ҳукуматининг маърифатлари”дан экан. Исмоилбек ер илми зироат асбоблари борасидаги ўнлаб кашфиётлар мусулмон оламидан олинганлиги Овруполи олимларнинг ўзлари томонидан қайд этилганини айтади. Оврупода бу кунда мавжуд ўлан наботот (ўсимлик) ва ашжор (дарахт) ва чечакларинг кўписи Андалус мусулмонлариндан олинмишдир ва неча аср олдин ўрганилмишдир”, деб ёзади.

“Тиб” бобида Хорун-Ар-Рашиднинг табиби Яҳё бин Мискавейҳ тиббиётга доир 30 жилд китоб ёзгани ва уларнинг арабий, иброний тилдаги нусхалари овруполилар қўлига тушгани, Аббосийлар даврида етишган Абу Бакр Ар-Розий илк бор чечак ва қизамиқни эмлагани, икки юздан ортиқ китоб ёзгани, асарлари XVI асрда италян тилига таржима қилингани, ундан 50 йил сўнг Эронда яшаган Али бин Аббос юнонийларнинг тиббиётдаги кўплаб хатоларини кўрсатиб, 20 жилд китоб ёзгани, буюк Ибн Синонинг асарлари асрлар давомида арбда дастури амалда келаётгани каби маълумотлар келтирилади.
Ислом олами илмда янги-янги йўналишларни бошлаб берди.
Ҳикмат ва Қуръон оралиғида “Ақоид” ва “Тасаввуф” дунёга келди. аззолий диний ҳикматга доир юзга яқин китоб ёзди. Тасаввуф Муҳйиддин Арабий, Жўнайд Боғдодий, Мавлоно каби улуғ зотларни етказди. “Оврупода “филўсўф”, “мистиқ“ дедиклари уламонинг “Сўфиюн” фирқасидир”,-деб тугатади “Ҳикмат” бобини муаллиф.
“Қонун ва низом” бобида шариат, мазҳабларнинг жамиятдаги ўрни, Имоми аъзам Абу Ҳанифа, Имом Шофеъи, Имом Молик ва Имом Ханбалларнинг ислом маданияти тарихидаги хизматлари ҳақида гап кетади.
“Таърих ёзмая мусулмонлар ҳар миллатдан зиёда хидмат этмишлар, десак жоиздир”,-деб бошланади “Таърих” боби. Котиб Чалабий (1609-1658) “Кашфуз-зуннун...”ида 1300 муаррих номини келтирган экан. Исмоилбек уларнинг энг машҳурлари Абулфараж, Бурҳониддин, Ибн Халдун, Масъудий кабилар ҳақида маълумот беради, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалардан ҳикоя қилади. Табиий фанлардан “ҳисоб”, “ҳандаса”, “жабр”ни қайта яратганликлари, «фани махоикия» (машинасиозлик), “фани абсор” (“оптика”)га буюк хизмат қилганликларини далиллайди. Шунингдек, Муҳаммад Бағдодийнинг ер сатҳини ўлчаш ва харитасини тузиш борасида махсус китоб ёзганини маълум қилади. Бугунги соатларимиздаги “соат” ва “дақиқа” тақсимхоналари мусулмонлар ҳунари бўлиб, ўрта асрларда Абул Ҳасан Мағрибийнинг китобида муфассал баён қилинган экан. Машҳур Умар Ҳайём ва Абдураҳмон Ал-Харожийнинг “Санайи жалолия” ном олган йил ҳисоби Оврупо Рум (Григорян) календаридан бир неча аср илгари ва аниқ тузилган.
Жуғрофия-чи? Батлимус (Птоломей) “Жуғрофия”си Маъмун замонига келиб эскирди. Унинг амри билан махсус ҳайъат тузилиб мукаммал жуғрофия китоби-”Расм ал-арз” яратилди, олдингисига тузатишлар берилиб, хариталар илова этилди. Ва улар асрлар давомида Оврупода дастуриламал бўлдилар. Шоҳруҳ топшириғи билан Абдураззоқ Самарқандий Ҳиндистон ва Хитой жуғрофиясини ўрганди: Мирзо Улуғбек кўрсатмаси билан Али Қушчи ернинг кенглик даражасини, сатҳини ўлчашда жуда катта ютуқларни қўлга киритди.
Денгиз карталари мусулмонлар ихтироидир. 1497 йилда денгиз сафарига чиқиб, кўплаб ороллар кашф этган Васко де Гаманинг арабча ёзилган бир денгиз харитасидан фойдаланганлиги маълум.

Исмоилбек айрим Оврупо олимларининг “турк халқлари зеҳну салоҳиятдан ноқис ва ожиз бўлганлигидан қора ва паст ишлардан бошқасига ярамайди” деган фикри билан баҳсга киришади. Идрок-истеъдоднинг, зеҳн ва ақлнинг бу халқда бошқалардан заррача ҳам кам эмаслигини, ахлоқ ва одобда, садоқат ва тўғриликда, ор-номус ҳимоясида сайёҳлар тилида келишини таъкидлаб кўрсатади ва ўз фикрларини “Бир халқ(н)инг ё бир қавм(н)инг ахлоқ касб этмаси истеъдоду ақлиясиндан туғар. Ноқис ақлдан мақбул ахлоқ ва адаб туғмас”,-деб ёзади. Сўнг мисолларга ўтади: “Олами исломиятда машҳур ва Оврупо Фарангистон уламосина маълум “муаллими соний”номини касб этмиш Абунаср Форобий ҳазратлари турк ўғли туркдирки, ҳам биринчи уламодан, ҳам биринчи ҳукамодандир. Али Ҳусайн Ибн Сино ҳазратлари Оврупода “Ави-Сена номи ила машҳур ўлан экан. Турк ўғли туркдир. Юнон қавми Буқрот каби табиб ва Арасту каби филўсўф ила ифтихор эдар. Ибн Сино эса, ҳам табиби машҳур, ҳам филўсўфи нодир эди. Ибн Сино Арастунинг акси дагил эди ва лекин Арастунинг шогирди ўлмаюб ўзининг истеъдоди ақлия ва зеҳнияси ила Арастуя баробар келмишдир. Ибн Сино Бухоро мевасидир...”
азнавийларинг ва темурийларинг саройлари уламо ва ҳукамо жамиятлари ила шарафландиги тарихларда ёзилмишдир...”
Муаллиф “ҳисса” чиқаради:

“Ҳар миллат(н)инг ва халқ(н)инг буюклиги, зўрлиги “чўқлик” (“кўплик”), “мол ва касб”, “шижоат” ила ўлчанилур эса-да, энг шарафли мезон ва ўлчов “илм ва ҳунар”дирки, буларга эга миллат, халқ энг улуғ, энг буюк халқдир”.
Сўнгги боб “Исломият ва маданият” деб номланган. Ундан мазкур рисола XIX аср ўрталарида кечган ислом ва илм-фан мавзуидаги баҳсга ўзига хос жавоб эканлиги маълум бўлади. Исмоилбек Оврупо матбуотида гоҳ-гоҳ кўзга ташланиб қоладиган «исломият маданиятга мутаносиб эмас” деган фикрнинг келиб чиқиш сабаблари устида тўхтаб, уни чала мулла дин пешволаримизнинг жаҳолатидан кўради. Ҳолбуки буни аниқлашнинг йўли жуда осон. 1. Диннинг асосини, қоидаларини ўқиб билмак. 2. Шу диндаги халқнинг ахволини ўрганмак. Ҳар икки жиҳатдан ҳам ушбу диннинг мукаммал бир маданият манбаи эканлиги маълум бўлади. “Қуръони азимуш-шон бир китобдирки, ҳар нуқтаси воситаи маданиятдир,-деб ёзади Исмоилбек. -Пайғамбаримизнинг ҳадислари ва ғайри аозим ислом(н)инг калимот ва ҳукмиёти бир қонуни ориллоҳ ва маданиятдур. Дунёда шариати муҳаммадия қадар ҳаққоният ва мусовот асоси узра таъсис ўлинмиш ҳеч бир мукаммал қонун йўқдир.
Маданиятнинг бош ва аркони ўлан маориф, саъй ва амали иттиҳод, мусовот, ҳуррият, муҳаббати ватан каби авсофи мамдуҳа дини ислом(н)инг биринчи даражада амр ва тавсия этдиган аҳкоминдандир”.
Яна бир далил: бошқа миллатлар ўз олимларини қамоқ ва зиндонларда чиритганида, мусулмон уламоларига юксак мартабалар берилиб, саройларда, шоҳ дастурхони атрофида умр кечирдилар.
Муаллиф иккинчи масалага-мусулмонлар аҳволига тўхталар экан, арабларнинг “жоҳилият” деб ном олган исломгача бўлган тарихини мисол қилиб келтиради. Ислом бу қавмни тамом янгилади, миллат ҳолига келтирди. Улар юз йил ўтмай, Африка ўрталаридан Самарқандгача, Ҳиндистондан Франсиядаги Пириней тоғларигача чўзилган салтанатни майдонга келтирдилар. Қанчадан-қанча халқлар бу динни қабул қилиб, маданиятнинг катта кўчасига чиқиб олдилар. “Оврупо халқларининг ҳозирдаги ҳунар ва маданиятларина асос уламои ислом(н)инг самаройи саъйи ўлдиғини инкор этиб бўлмас”,-деб ёзади Исмоилбек ва бунинг далили сифатида бугунги илм-фан, шаҳар маданияти, деҳқончилик, боғдорчилик, экология кабиларнинг ҳаммаси ислом маданиятига бориб тақалишини кўрсатиб беради.
Табиийки, ундаги бу ғоялар муайян билим ва идрокка суянган эди. Туркий халқларнинг ўтмиш маданиятини, руҳиятини теран англашдан, унинг кейинги асрларда тақдир тақозоси билан тушиб қолган тутқун ва турғун турмушини теран идрок этишдан, унга йўл излашдан келиб чиққан эди. Бу жиҳатдан Исмоилбекнинг “Туркистон уламоси” китоби муҳим.

“Туркистон уламоси”
1900 йилда Бокуда босилди. Муаллиф “Ноширдан бир сўз”да “Оврупода улум ва фунун бик оз мунташор ўлан бир замонда Туркистон қитъасинда ақлий ва нақлий илмлара чолишмоқда эмишлар”,-деб изоҳ берган.
Гаспринский замондошларини кўҳна Туркистоннинг юздан ортиқ уламоси билан таништирар экан, уларни саҳни кенг гулшандан саралаб олинган бир даста гул сифатида тақдим этади, ўлканинг нодир истеъдодларга бениҳоя бойлигини таъкидлайди. Китоб ўн фаслга бўлинган. Дастлабки фаслда “Туркистонда етишан уламои машойих, муҳаққиқиндан баъзилари” ҳақида гап кетади. Фасл “шоҳ Нақшбанд”- машҳур Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд (1318-1389) билан бошланади. Муаллиф унинг тасаввуфга дахлдор “Далилул ошиқин” билан “Ҳаётнома”си «арбоби урфон”нинг ҳар доим назар-эътиборида келганлигини хабар қилади. Шайх Нажмиддин Кубронинг “618 санаи ҳижриясинда Чингиз аскари тарафинда шаҳид” этилганини маълум қилиб, асарларини шарҳлайди. Абдухолиқ иждувонийнинг ўнлаб машҳур мутасаввифларга мураббийлигига тўхталади. Гаспринский “жоруллоҳ” Замахшарийни, қонуншунос, илоҳиёт олими Абуллайс Самарқандийни (1075-1144), Навоийга дарс берган Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг аждодларидан, “Ахлоқи Муҳсиний”нинг муаллифи Ҳусайн Воиз Кошифийни (1440-1504) “Муфассири киром” (улуғ тафсирчилар) фаслига киритади. “Шуҳрати таъриф ва баёндин мустағни ўлан” Замахшарий ҳақида сўзлаб, “тафсир, ҳадис, фиқҳ, луғат, баён, наҳв илмларинда замонининг энг биринчиси эди”,-деб ёзади. 20 дан ортиқ китобини санаб кўрсатади. Фақиҳи муҳаққиқ Абуллайсийнинг 7 китобини тилга олади. Ҳусайн Воизнинг 4 китобига тўхтайди. Буюк муҳаддислардан Имом Бухорийнинг 19, Муҳаммад бинни Исо Термизийнинг 6 асари ҳақида фикр юритади.
Китобдаги фасллардан бири “улуми адабия” вакилларига бағишланган. Фасл фороблик Абунаср Исмоил бин Ал-Аҳмад Жавҳарий (в.1003) билан бошланади. Унинг “Тож-ул луғати ва саҳиҳ ал-арабияти” номли луғати келтирилган. Араб тилига оид бу китоб, чамаси, ўз даврида бениҳоя машҳур бўлган. Замахшарийнинг, бу тилни мукаммал эгаллагани учун, “жоруллоҳ” (оллоҳнинг қўшниси) лақабини олгани маълум эди. Муаллиф келтиришича, Жавҳарийнинг замондошлари ушбу китобни араб уламоси қўлига бериб, “Луғатингизни ажнабий бир одамдан ўрганингиз!”, деган гапи машҳур бўлиб кетган экан. (10-бет).
Сарф, наҳв,маоний, адаб, мунозара, қофия фанларидан баҳс юритган “Мифтоҳул улум” («Илмлар калити»)нинг муаллифи хивалик Сирожиддин Юсуф Саккокий (в.1229), унинг ҳамшаҳари “Ҳадойиқус сеҳр»и билан шуҳрат қозонган Рашидиддин Ватвот (в.1188), “Ан-наҳж” («Усул»), “Наводир ал усул” («Усул жилолари») каби китоблар ёзган Абу Абдулло Термизий (Ҳаким Термизий) (в.816) каби ўндан ортиқ уламо ҳақида маълумот ушбу бобда келтирилган.

Навбатдаги фасл “соҳиби девон машоҳири шуаро” (девон тартиб этган машҳур шоирлар) ҳақида. Унда “Сайрул ибод”и билан илоҳиёт мавзуига янги йўналиш берган Санойи (в.1054)дан “девони мажор-венгр уламосинда мусъё Вамбери тарафиндан немис дилина даржима ўлинмиш” Махтумқулигача бор. Муаллиф аждодлари Кеш-Шаҳрисабздан бўлганликларини кўзда тутиб, Амир Хисрав Деҳлавийни ҳам киритган. Шунингдек, мақбараси Табризда бўлган, “илми ҳикмат ва шеърда машҳури замон” Зоҳир Фарёбий (в.1202), “қувваи хаёлияи шоирона”да беназир Шавкат Бухорий (1636 йилда Исфаҳонда вафот этган) каби умрининг сўнгги бошқа юртларда кечган қаламкашлар ҳам ўрин олган. Ахсикатлик шоир Асириддин Ахсикатий (в.1212)ни Анварий (Авҳадиддин Анварий, 1105-1187), Ҳоқоний каби “азим шуаро” қаторига қўяди. Сайфиддин Исфаранги деган шоирнинг шеърлари Улуғбек замонасида ғоят шуҳрат топганини маълум қилади: “Девони ашъори 12 минг байт жамъ ўлуб, аксарият Улуғбек мажлисинда қироат ўлинурди”, “Исфара Мавороуннаҳрда бир қасабадур”, деб изоҳ беради муаллиф. Паҳлавон Маҳмуд (Пурёйвали)нинг “Канзул ҳақойиқ“и, Лутфийнинг “мусаввада қолан” шеърий “Зафарнома”си ҳақида ҳам айрим қайдлар учрайди.
Муаллиф Алишер Навоий ва унинг адабий муҳити ҳақида ҳам тўхталган. Хусусан, Навоий борасида “лақаби зуллисонайн ўлуб, ҳижратинг тўқузунчи асри авохиринда етишан чиғатой ва Ажам шуаросининг энг машҳурларидандур, бохусус, турк(н)инг “раис ал-шуароси” дея талқи ўлинадур. Илми хат, расм, мусиқи, наққошлиқ санъатларинданда воқиф эди...” (13-бет) деб ёзади. “Мавлоно Жомий ила муосир (асрдош) Лутфий”ни “форсий, бохусус туркий назмда сонийи Алишер” атайди. Султон Ҳусайн Бойқаронинг “қувваи табъи”ни таъкидлаб кўрсатади.

Фаслнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири Ойшайи Самарқандий, Меҳри Нуржаҳонбегим, Лола хотун, Асимий, Иффатий ва Дўхтари Қошғарий-жаъми 7 “турк шоираси” ҳақидаги фикрлардир. Афсуски, улар ҳақдаги материаллар қайддан нарига ўтмаган. Лекин шунинг ўзи ҳам Туркистон адабий тарихини ўрганишда мутахассисларга туртки бериши, табиий.
“Туркистонда етишган ҳукамо (ҳакимлар) ва атиббо (табиблар)” фасли Ибн Сино билан очилади. Гаспринский уни “доҳий” атайди. Лотинчага таржима қилинган “Қонун”и “Оврупо дорилфунунларинда тадрис ўлинурди” деб ёзади. Тил билимини юксак баҳолайди: “Ҳақи-ла воқиф ўлдиғи лисонлар: араби, форси, турки, юнони эди”. Фаслда II ном келтирилган. Булар машҳур Форобий, Хўжа Фахриддин бин Авҳадий Сабзаворий (1384-1463), Ҳаким Азрақий Марвий, Нажибиддин Самарқандий, Абу Язид Балхий, Абдураҳмон Ал-Марзуйи, Абу Иброҳим Гургоний(в.1137), “Ёдгори тиб”нинг муаллифи Шариф Шарафиддин, “маданияти исломиянинг энг буюк ходимлариндан “50 парча асари вор” Абул Аҳмад бин Табиб Сархуший (в.897) кабилардир.
Алжабр асосчиси Ал-Хоразмий, Нилнинг сувини ўлчайдиган “миқёс ал жадид” асбобини яратган Аҳмад Фарғоний (в.861), Абурайҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, иёсиддин Жамшид - жамъи 12 киши “нужум, ҳайъат ва риёзия уламоси” сирасида берилган. Мазкур фаслдаги “Зижи Абу Маъшар”ни тузган, риёзиёт ва илми нужумга оид ўнлаб асарлар ёзган бу Абу Маъшар Балхий, Қозизода Румий китобига шарҳ ёзган ҳайъатшунос Муҳаммад Чағминий, ҳандасага доир китоблари билан шуҳрат қозонган Шамсиддин Самарқандий (в.1204), олтмиш қадамлик устурлоб ясаган Муҳаммад Хўжандий, Ой ҳақидаги кузатишлари европаликларни маҳлиё қилган, “Ал бадиъ” («Гўзал яратилиш») асарининг муаллифи Абул Ҳасан, Маъмун “байтул ҳикмаси” (академияси)нинг бир оғиздан эътироф этилган олими Абдулло бинни Суҳайл Ал-Фарғоний каби ҳаёт ва ижодлари нисбатан кам ёритилган олимлар ҳақида тўпланган маълумотлар, шубҳасиз, ўзининг аҳамиятини бугунги кунгача сақлаб келади.
Муҳими шундаки, арб ва Шарқни баравар билган Гаспринский Туркистонлик ушбу олимлар ижоди Европада қандай ўрганилаётганлигига ҳам диққат қилади. Жумладан, Улуғбек “Зиж”ининг 1665 йилги Оксфорд нашри, Ал Хоразмий, Ибн Сино, Абу Маъшар асарларининг Европада кутиб олиниши, баҳоланишига оид маълумотлар келтиради.

“Туркистон уламоси»да “таърих ва жуғофия уламоси” ҳақида ҳам боб бор. Ўнта тарихчи киритилган. Буларнинг бир қисми таниш: Хондамир, Табарий, Ҳофизи Абрў, Абдураззоқ Самарқандий, Жамолиддин Абдулло Нишопурий (в.1512), Абу Саид Ал-Марвозий (в.1167), Мир Абдулкарим Бухорий (в.1830) номлари кўпчиликка у қадар маълум эмас. Гаспринский Жамолиддин Нишопурийни асли Мавороуннаҳрлик деб таништиради. “Равзатул аҳбоб” («Дўстлар боғи») номли китоби борлигини, “Китоби такмил ас-синоа” («Ажойиботга қўшимча») сини Навоий номига ёзганлигини, Абу Саид Ал-Марвозийнинг эса 28 жилд (шундан 10 жилди “Таърихи Марв”, 8 жилди “Таърихи ансоб”) асари борлигини, Мир Абдулкарим Бухорийнинг Туркистон ва Афғонистонга доир бир китоби 1876 йилда Парижда мусъё Шефр томонидан французчага таржима қилинганини бизга етказади.
Гаспринский Туркистон уламоси ҳақида тўхталар экан, бир фаслини махсус фақиҳларга (диний ҳуқуқ олимларига) бағишлайди.
XIX асрнинг охирида яшаган ва дунё кўрган зиёлиларнинг бирортаси ҳам Туркистоннинг ўша давр аҳволидан қаноат ҳосил қилмайди. Исмоилбек хонликлар салтанатининг сўнгги давр аҳволини шундай баён қилади:
“Шоҳ Темур замонинда ҳар бири бир арслон ўлан туркистонийлар бу замонда таъсири зулм ва истибдод ила бирор сочсиз хотин, соқолли заифалар поясина кирмиш эди. Эски илм ва уламодан ҳам деярли асар қолмаган. Холис ва ҳалол (киши) қолмай, узун чопонларга, хилъатларга ўралган риёкор кўпайган эди. Золимлар йўлини тўсадиган шариат аҳли тугаб, золимларга фатво топиб бериб, 5-10 тилла-олтун учун сабоҳдан оқшома қадар “омин”, “омин” айтиб, миллатни хароб ва барбод этганлар саноқсиз эди. Қандай бахтсизликки, бир учи Садди Чинга, дигар учи Ўрта ер денгизига чиққан салтанат баҳодирларининг авлоди ёшликда баччалик, сўнг эса баччабозлик ҳаромликлари ичида умр кечирадирлар эди. Умаро ва вукалонинг аксари ё Эрон асирларидан, ё баччалик қилганлардан мансабга кўтарилар эди. Шижоат майдонида Темурларнинг, Шайбонийларнинг исми-шарифлари унутилгани каби илм майдонида Ибн Синолар, Форобийлар, маориф майдонида Али Қушчи, Улуғбеклар ёддан чиқиб, бутун Мавороуннаҳр бир хонақойи паришон ва диёри дарвешон ўлмиш эди. Илм, ҳилм, маориф иззат-нафс ва ҳайсият (ҳурмат-эътибор) риёкорликка айланган эди. Бу сўзлар балки аччиқ сўзлардир, лекин тўғри сўзлардир. Тарих ёзадиган муаррих мадҳия ёзадиган мирза эмас”.
Мана шу “хонақойи паришон” ватанга, “дарвеш” ва “риёкор”лар миллатга айланмас экан, Туркистоннинг келажаги йўқдир. Бу биргина Туркистон эмас, бугун Русия мусулмонларига тегишли.
Исмоилбек фикрича, аҳволни тузатмоқ учун уч нарса керак:1. Миллий фикр. 2. Миллий тил. 3. Миллий маориф. Миллий фикр, биринчи навбатда, миллат бирлиги фикридир. Тил ягона адабий тил масаласидир. Миллий маориф она тилдаги таълим-тарбияни йўлга қўйишдир. Фикр ва тилни матбуот тарбия қилади. Матбуот ходимларини етказувчи эса маорифдир. Демак ишни маорифдан бошлаш керак. “Таржимон” ҳам, “усули жадид” ҳам шу мақсадда дунёга келган эди.

“Инсонларни бир-биридан уч нарса узоқлаштиради: тил, масофа узоқлиги, дин бошқалиги,-деб ёзган эди Исмоилбек “Ҳаёт” газетасининг 1 йиллиги муносабати билан.-Бундан 25 сана муқаддам аҳволи миллиямизи мулоҳаза этарканман, заиф ақлим билан дардларимизга дармон излаб кўрдимки, динимиз бир бўлса-да, масофа ва тилсизлик бизни ажратар экан”. Фан-техника самаралари олисни яқин қилгач, узоқликнинг сабаби фақат тил туфайли эканлиги маълум бўлди. “Шу аснода давом этади Исмоилбек,- жумла “образованний” зиёли қардошларим каби мен ҳам туркча исмимни ёзишни билмас эдим...”.
Йигирма беш санадан бери дедиким, ёздиғим, чалишдиғим будир: йўл очмоқ. Бошқа бир нарса эмас. Чунки қудратли, нажиб, умрли, чидамли ва жасоратли бўлган турк миллатининг пароканда бўлиб, Садди Чин (Хитой девори)дан Оқ денгиз (Ўрта ер денгизи)га қадар ёйилиб, нуфузсиз, товушсиз- қолиши тилсизлигидан, яъни “Лисони умумия”я эга бўлмаганидан майдонга келгандир. Бу эътиқод билан яшадим. Бу эътиқод билан мозорга киражакман”.
Миллат ва унинг манфаатини ҳар нарсадан муқаддам ва муқаддас тутган Исмоилбек “Ҳаёт”га йўллаган табригини шундай тугатган эди:“... Лекин ягона шарти-унутма: ҳар на ёзажак эсанг, қаламни уч капиклик қора сиёҳга ботирма, юрагингга ботириб, қонинг билан ёз, сўзинг унар, виждонлара етар, акс ҳолда бесамар кетади”.
1893 йилда Туркистонга келади.
Бухоро амири Абдулаҳадхон билан Қримда учрашган эди. Улар бир-бирларини билардилар. Исмоилбекга Ширвонлик Мажид анизода ҳамроҳлик қилади. Самарқандлилар “усули савтия” ғоясини яхши кутиб оладилар. Тезда “усули жадид” йўлга қўйилиб, иш бошланади. Исмоилбек Шаҳрисабзга, кетади. Мажид анизода 40 кун Самарқандда қолиб, “усули савтия”дан дарс беради.
Исмоилбекнинг Туркистонга иккинчи сафари 1908 йилга тўғри келади. Сафар тафсилотлари “Бухорода на кўрдим?” сарлавҳаси остида “Таржимон”нинг ўша йил сонларида (47,50,57-59,64,78) босилган. Каспийдан “Генерал Скоблев” кемасида келиб, Красноводскдан поездга ўтаркан, Гўктепа урушини эслайди. Қалъа аҳолисининг “бутун Осиёга шуҳрат ва ибрат дея бола-чақаси баробар қиличдан кечурулуб, от оёғида топталгани”ни алам ва изтироб билан ёдга олади. Исмоилбекни Янги Бухоро (Когон) станциясида амир одамлари ва Русия сиёсий агентлиги таржимони Мирҳайдарбек кутиб оладилар. Амир уни Карманага таклиф этади. Зиёфат асносида Валиаҳд Саййид Олимхон билан учрашади. Валиаҳднинг Русия матбуотини мунтазам ўқиб боришини, дунё воқеаларидан хабардорлигини кўради. Самарқандга ўтади. “Усули жадид” мактаблари билан танишади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулқодир Шакурий билан узоқ суҳбатлар қуради. Гап тарих ва келажак, муқаддас обидалар ва уларнинг тақдири, рус истилочилик сиёсати ва ўзликни сақлаб қолиш ҳақида эди.

Қайтишда яни Бухорога тушади. Қушбеги Остонақулбек билан тўхтаб қолган янги мактабни юритишни гаплашади. Асосий тўсқинлик қозикалон томонидан эканлигини англаб, ҳузурига боради, ваъдасини олади. Бухородаги нўғойлар Исмоилбекни меҳмонга чақириб, “Жамияти хайрия”ларига фахрий аъзо қиладилар. Янги очилган бир мактабни унинг шарафига “Исмоилия” атамоқчи эканликларини айтадилар. Исмоилбек унамайди. Амир Абдулаҳадхоннинг марҳум падари ҳурматига “Музаффария” номлашни маслаҳат беради...
Мактабларгина эмас, мадрасалар ҳам ислоҳ қилиниши керак. Иложи бўлса, янги замонавий олий ўқув юртлари-университетлар қурмоқ керак. Исмоилбек бу фикрга 1885 йилдаёқ келган эди.
«Эй давлатлулар!- деб ёзган эди Бухоро ва Хива хонларига мурожаатида,- майдони сиёсатда мғлуб ўлуб, истиқлолни ғойиб этди. Бу замонда ғафлат эдилурса, майдони иқтисод ва маишатда миллат мағлуб тушуб, сабаб ўланлари дунё турдиқча масъул тутажакдир...
1905 йил кириб келди. Май ойида Исмоилбек Қримдаги мусулмонларнинг турмушини янгилаш лойиҳасини тузиб бир гуруҳ зиёлилар вакили билан Петербургга боради. Идорама-идора юриб ўз фикри қарашларини ҳимоя қилади. У кўтарган энг муҳим масалалардан бири сўз ва матбуот эркинлиги эди. Иш қийин кечди. “Ҳуррият матбуот” низомини тайёрлаётган жаноб “Кубаку” мусулмонларга бундай эркинлик берилмаслигини айтди: “Зиёда мутаассиб” эмишлар...

Исмоилбек Петербургда худди шундай ташвишлар билан юрган Бокулик зиёлилар Алимардонбек Тўпчибошев ваа Аҳмадбек Оғаевлар билан учрашиб қолади. Русия мусулмонларининг ўзаро маслаҳатлашиб оладиган бир уюшмасини ташкил қилиш ва умумий мақсадни белгилаб, ҳамкорликда иш олиб бориш ғояси туғилади. Келишиб оладилар. Барча қийинчиликларни қарамай, 1905 йилнинг 15 аавгустида Москвада яширин равишда дарёда саёҳат қилиб юрган сайёхлар қиёфасида Русия мусулмонларининг I қурултойни ўтказадилар. Исмоилбек раислик қилади. Қурултой (“Шўройи уммат”) “Иттифоқи муслимин” жамиятини тузади. Жамиятнинг асосий вазифаси Русия мусулмонларининг “сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” деб белгиланади. Сиёсий партия мақомида эканлиги таъкидланади. Тантикаси бўйига эса, русларнинг энг маъқул фирқаси билан иттифоқда бўлиш маъқул топилади. Жойларда, шу жумладан. Туркистонда шуъбаларини очишга қарор қилинади, муваққат марказ (Боку) ҳақида келишиб олинади.
Исмоилбек “Иттифоқи муслимин”нинг тузилишини “тарихи жадидимизнинг бош саҳифаси” деб баҳолаган эди.
1906 йилда ушбу “Шўройи уммат”нинг 2 қурултойи бўлиб ўтди. “Иттифоқи муслимин” Русиядаги барча мусулмонлар қаторида туркистонлиларнинг ҳам ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларинги ҳимоя қилишди. Хусусан, сўз матбуот, виждон эркинлигини таъмин этишда қўлидан келган барча ишни қилди. Бироқ чор ҳукумати мазкур жамиятнинг фаолиятига йўл бермади, қаттиқ таъқиб остига олди.
Исмоилбек тўхтамади, миллатни уйғотишнинг янги-янги йўлларини излади. Ягона адабий тил масаласига диққатни қаратди. Унингча, адабий тил миллатнинг бирлигини ва борлигини таъмин этувчи қудратли воситадир. Замон ихтилофлари туфайли бир-биридан фарқланиб қолган шеваларга мустақилликни бермоқ миллатни ич-ичидан айрилмоқдир. Унинг оқибати ҳалокатдир. Шунинг учун ҳам у ўз мақолаларидан бирини “Жон ёки тил масаласи” (1908 йил 5-6 сонлар) деб номлаган эди.
1914 йилда буюк маърифатчи вафоти муносабати билан эълон қилинган кўпдан-кўп мақолалар орасида Фотиҳ Амирхоннинг бир хотираси бор. Ф.Амирхон унга “бир съезддаги хотира” деб изох беради.
Чамаси, Ф.Амирхон инқилобий ғоялар билан қизиқиб юрган йиллар. Исмоилбекни синфлар ҳақидаги гапларга тортади.

“Ўғлим, Сиз ёшсиз, тажрибангиз йўқ, шу сабаб керагидан ортиқ катта иборалар истеъмол этасиз... сўз бошлайди Гаспринский.-Сизнинг каби қизув руҳли ёшларимиз миллатга хизмат этуб, анинг маданий даражасини ўсдурсалар, ул вақтда биз синфий ихтилофлар тўғрисинда сўзлашурмиз, фикр юритушурмиз. Маданияти йўқ бир миллатнинг саноати бўла олмас. Модомики, ул йўқ, ҳали синфий низоларға эрта. Бизнинг букунги вазифамиз ҳали маданий ўсувдан ва шунга йўл хозирловдангина иборат... Андин сўнгғисини биздан сўнгғилар қиларлар...”
Миллат ва маданиятнинг бобоси оғзиндаги бу сўзлар ҳам ишончли, ҳам улуғ ёнгғрийлар эди”, - деб тугатади ўз хотирасини Фотиҳ Амирхон (“Онг” ж., 1914 й., 18-сон, 332-333 бетлар). Аслини олганда, у илмий социализм билан таниш эди. Лекин уни қабул қилмаган эди. Бунинг далили 1885 йилда Истамбулда эълон қилган “Оврупо маданиятига бир назар мувозана” рисоласи. Уни Россияда чоп этиш имкони бўлмади. Асарнинг асосий ғоясини Европада кезиб юрган шарпа-иштирокиюнчилик билан баҳс ташкил этган эди. Сўнгроқ 1905 йил шарофати билан “Мазҳаби иштирокиюн” (“Таржимон”г., 1906 йил 72-76 сонлар) мақоласи босилди. Шунингдек, муаллифнинг “Дорул роҳат мусулмонлари” бадиий-публицистик романида ҳам бу баҳс давом этди. Бу табиий ҳол. Ўз халқи, мамлакатининг истиқболи ҳақида ўйлаган ҳар бир кишининг бу таълимот билан юзма-юз бўлиши табиий эди.

Гап шундаки, Исмоилбек бу таълимотининг асосий нуқталарини шубҳа остига қўйди. Жумладан, “социализм меҳнатда синалган қардошликдан бошқа на динни, на ирқни, на миллатни, на тилни тан олади. Уларнинг қоидаси ва мақсади: “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!”-деб ёзди. “Социалистлар” ва “социал демократ”ларнинг “адолат”, ”мусовийлик” ҳақидаги шиорлари ташқаридан жуда жимжимадор, кишини маҳлиё қилувчи бўлиб кўринади. Аслида бу назария уни туғдирган сабабларга мувофиқ иш тутади... инқилобий курашга, қон тўкишга чақиради...”
Маданият ва умр илло, адолат ва мусовийликни барқарор этмоқ учун. “Лекин бунинг учун жаҳон тартибини бузмоққа ҳожат йўқ, акс ҳолда бундан ҳам катта мураккабликларга дуч келинади. Ҳар бир кишининг иш, ер ва осойишталигини таъминламоқ зарур. Аммо бу мутлақо бириникини мусодара этиб, иккинчисига бериш дегани эмас”. “Русия миллий мажлисинда иштирок этган ишчи ва деҳқонларнинг делегациялари помешчиклар ва буржуазиянинг мол-мулкини мусодара этмакни таклиф қиладилар...”
Яна:
“Турли кишиларнинг ақли, кучи қобилияти турлича, шунинг учун ҳам ҳар ким ўз имконига қараб йиғинади... Энди шунинг бариси кишиларга тенг бўлинади, дейдилар. Бу қандай тенглик бўлди? Бунда адолат борми? Мамлакат ва жамиятни “казарма”га айлантириб, ҳар бир кишини умумий емакхонага таклиф этармишлар... Мошолло социалистлар! Сизлар яхши маданият, зўр турмушга бошламоқдасиз!”.
«Исмоил Гаспринский ва унинг “Мазҳаби иштирокиюн”и» мақоласининг муаллифи Ю.Османов буюк маърифатчининг юқоридаги фикрларини таҳлил қилар экан, унинг утопик социализмга дахлдор материаллар билан ҳам атрофлича таниш бўлганини тахмин этади. Гап шундаки, Гаспринский социалистик назариянинг ўзини ҳам утопик ҳисоблади. Халқларнинг айрим тарихий формацияларни сакраб ўтишига шубҳа билдирди. Кишиларни зўрлаб бахтли қилиб бўлмайди. Мажбурий етаклаб борилган жаннат ундай киши учун жаннат эмас, дўзах, деб ҳисоблади.

 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
<<< 1 2 >>>
 
     
 
БОШҚА МАВЗУЛАР
 
     
   
   
 
ali_nasafiy@yahoo.com
 
 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
 
Free Web Hosting