<%@ Page Language="C#" ContentType="text/html" ResponseEncoding="windows-1251" %> Улар ким эдилар...

 

 

 
Бош саҳифага қайтиш
 
 
 

ИСМОИЛБЕК ГАСПРИНСКИЙ
(1851 - 1914)

Муқаддима

Бу ном юз йил муқаддам туркий дунёдаги энг машҳур ном эди. Уни Қашқардан Лондонгача, Санкт-Петербургдан Бомбейгача билар эдилар. У чиқарган “Таржимон” газетасининг 1908 йилдаги 25 йиллик тўйида Хитойнинг “Таранча”сидан табрик телеграммаси келган. 1911 йилда унинг “Хўжаи сибён” (“Болалар муаллими”) китоби Бомбейда босилди. Муаллифни Ҳиндистонга таклиф этадилар. Бир йил олдин эса Франциянинг энг эътиборли журналларидан “Ревю дю монде мусулман” унинг миллат олдидаги буюк хизматлари учун номзодини “Тинчлик борасидаги Халқаро Нобель Мукофоти”га тавсия қилган ва буни хорижий мамлакатлардаги жуда кўп матбуот органлари қўллаб-қувватлаб чиққан эди.
У вафот этган 1914 йилнинг 11 сентябрида машҳур Наримон Наримонов ёзади: “Миллат Исмоилбек каби қаҳрамонларини унутса, ўз ҳаётини барбод этажакдир”
У тириклигидаёқ миллатнинг отаси, раҳнамоси деган ном олди. Унинг энг катта хизмати Русия сарҳадида яшаб турган, лекин замоннинг зайли билан бир-биридан узоқ тушган (тўғрироғи, узоқлаштирилган) ва бегоналаниш даражасига етган туркий халқларни бир-бирига танитди. Беҳбудий сўзлари билан айтганда, “Русиядаги бутун турк-татар халқларини жуда оз тарихий муддатда хайр-хўшлик йўли билан яхлит бир миллий оилага бирлаштирмоққа ноил бўлди”. Шарқ халқлари маънавий ҳаётида, хусусан, мактаб-маорифида чинакам инқилоб ясаган, “усули жадид” номи билан тарихга кирган “усули савтия”ни бошлаб берди. ХХ аср Шарқининг энг машҳур, энг тараққийпарвар ҳаракатчилигига жадидчиликка асос солди.

У барча туркий халқларни яхлит, ягона миллат деб билди. Уларни ҳам илм-маърифатда, ҳақ-ҳуқуқда дунёнинг тараққий қилган миллатлари билан тенг, бақамти кўрмоқни орзу қилди. Бутун ақли-вужудини мана шу муқаддас ишга-миллатнинг равнақи ва муҳофазаси йўлига сарф этди. Бу шунчаки мутаассибона бир орзу эмас, замонасининг баланд-пастидан хабардор, тарих ва тақдирини теран англаган, Шарқни ҳам, Ғарбни ҳам баббаравар билган ва баббаравар кўрган бир кишининг аниқ ва режали хатти-ҳаракат эди. Афсуски, унинг бу ишларида айрим “дўстлар”и шаккоклик, кофирпарастлик кўрдилар. Душманлари эса унга сиёсий айб қўйдилар. Туркий қавмларни Русия давлатига қарши бирлаштиришда, ягона турк-татар мамлакати тузишга уринишда айбладилар. Ва бу даъволар машъум 30-йилларда жуда “иш” берди. Унинг номи, унинг хотираси авлодлар қалбидан юлиб олинди. Наслларга ўз халқининг қаттол душмани қилиб кўрсатилди.
Ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Ҳақиқат, қанчалар чуқур кўмилмасин, бир кунмас бир кун юзага чиқар экан. Даврон айланиб, Исмоилбек Гаспринский 80-йилларнинг охиридан яна авлодларга қайта бошлади...
1987 йилда “Звезда Востока” журнали Л.Климовичнинг у ҳақдаги “Маърифат хизматида” мақоласини берди. “Йилдиз” 1989 йилда “Таржимон”нинг мундарижасини эълон қилди. 1990-91 йилларда марҳум С.Гафаровнинг у ҳақдаги монографиясини босиб чиқарди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да (1991 йил 15 март) Ш.Турдиевнинг мақоласи чиқди. Булар орасида С.Гафаров тадқиқоти, у тўплаган қимматли материаллар буюк маърифатчининг ҳаёти ва ижод йўлини ўрганишда, айниқса, кутубхоналардан тўла нусхасини топиш деярли мумкин бўлмаган “Таржимон” материллари билан танишишда бирдан бир манба бўлиб турибди.
1991 йилда Симферополда Исмоилбек Гаспринский таваллудининг 140 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Дунёнинг турли мамлакатларидан уч юзга яқин киши иштирок этди. 90 та маъруза тингланди. Ўзбекистондан файласуф Қ.Хоназаров, адабиётшунос Ш.Турдиев ва камина маъруза билан қатнашдик.

Четда 1950 йилда у ҳақда Бурбил деган киши, докторлик диссертацияси ёзган ва Гамбургда китоб босдирган. Америкалик Эдвард Жеймс Лаззери диссертацияси 1973 йилда “И.Гаспринский ва Русияда мусулмон модернизми” номи билан Вашингтонда босилиб чиққан. 80-йилларда эса Туркияда Нодир Давлат ва Меҳмет Сарой нинг у ҳақдаги монографиялари дунё кўрди. 1991 йилда Тошкентда Э.Аблаевнинг “Исмоил Гаспринский-гуманист, просветитель, педагог” рисоласи босилди. Кейинги тадқиқотлардан бири Хоқон Қримлининг “Қрим татарларида миллий кимлик ва миллий ҳаракатлар (1905-1916)” (Анқара,1996) китобидир.

Ҳаёт йўли
Ялта-Алупка йўлида баланд-паст уйлари Қора денгизга ястаниб тушиб келадиган Гаспра номли қишлоқ бор. Исмоилбекнинг ота-боболари шу жойдан, Гаспрадан. Исмоилбек ҳам тахаллус-нисбани шундан олди. Бироқ у кўпроқ Гаспринский номи билан шуҳрат қозонди. Инқилобгача бўлган ўзбек матбуотида у “Гаспрински” деб берилади. Исмоилбек Гаспрадан унча узоқ бўлмаган, тўрт томони тоғлар билан ўралган Ажикўй (овчи қўй-овчилар қишлоғи)да 1851 йилнинг 21 мартида -қутлуғ наврўз кунида таваллуд топди.
Отаси Мустафобей Кавказ ва Қримнинг генерал-губернатори князь Воронцовга таржимон бўлиб ишлаган, садоқатли хизмати учун 1853 йилда поручик унвонига мушарраф бўлган, дворян мартабасига кўтарилган. Лекин кўп ўтмай, Қрим уруши бошланади. Оила Боқчасаройга кўчиб келади. Ёш Исмоилнинг тарбиясида онаси Фотима ва энагаси Ҳабибанинг хизматлари катта бўлди.

Исмоилни 8 ёшида Боқчасаройлик Ҳожи Исмоилнинг эски мактаби га берадилар. 10 га кирганда эса отаси Мустафобек онаси Фотиманинг эътирозларига қарамасдан, Оқмачит-Симферополдаги губерния гимназиясига олиб боради. Унда икки йил ўқигач, Воронеж (Ёл Кермон)даги офицерлар ҳарбий ўқув юртига ўтади. Ўн уч ёшида Москвадаги Милютин гимназиясига ўқишини кўчиради. Шу йиллари айрим рус зиёлиларида авж олган буюк рус миллатчилиги Милютин гимназиясига ҳам кириб келган эди. Хусусан, гимназия мураббийларидан ёзувчи М.Катковнинг панславистик қарашлари ёш Исмоилбекда ўзликни англаш ҳиссини уйғотди. Унинг ҳатто Критда юнонлар билан уруш олиб бораётган турк қўшинига кўнгилли бўлиб қўшилиш учун синфдош дўсти литвалик Мустафо Давидович билан Истанбулга отлангани, Одесса бандаргоҳида қўлга олиниб, орқасига қайтарилгани маълум. Хуллас, 1868 йилда Исмоилбек Гаспрали Москвадаги ўқишини битириб, Боқчасаройга қайтади. “Занжирли” мадрасасида рус тилидан дарс бера бошлайди. Д. И. Писарев, Н. Г. Чернишевский асарлари билан яқиндан танишади. ўқиш-ўрганиш иштиёқи уни 1872 йилда Францияга бошлаб келади. Вена, Мюнхен, Штутгардтда бўлади. Парижда И.С.Тургенев билан учрашади. Унга ассистент-котиб бўлиб ишга киради. Французчани мукаммал эгаллайди. “Эълонлар” идорасида таржимонлик қилади. Машҳур Сорбонна университетига ўқишга қатнайди. Ниҳоят, 1876 йилда Боқчасаройга қайтиб келади ва “Занжирли” да рус тили муаллими сифатида ишни давом эттиради. Шу йили уйланади. Бироқ улар узоқ яшай олмайдилар, ажраб кетадилар. Исмоилбек мутолаага берилади. Қунт ва сабот билан туркий тилни, тарих ва адабиётни ўрганади. Айни пайтда у шарқона анъанавий таҳсилнинг замондан орқада қолганини, шу туфайли мусулмонларимиз жаҳон тараққиётидан четга сурилиб чиқаётганлигини кўради.
Нима қилмоқ керак? Милютин гимназиясидаги ўқитиш усулини, Сорбоннадаги кўрганларини мусулмон мактабларига кўчирса бўлмасмикин? Ҳар бир мактаб, мадраса ўз низом-дастурига эга бўлмоғи лозим. Диний билимлар қаторида дунёвий фанлар ҳам кенг ўқитилиши керак. Бу, масаланинг бир томони. Иккинчи томони шундаки, ўқишни назорат қилиш шакллари, билимни баҳолаш мезонлари бўлиши лозим. Умр дегани, ахир, ҳисобли-ку. Бироқ бу гаплар ўртага тушар-тушмас, Гаспринскийга тош отиш бошланди. Уни кофирдан олиб, кофирга солдилар. Таҳдид, дўқ-пўписа кучайиб борди. Исмоилбек ён беришга мажбур бўлди. Ишни ўзгартирди. Шаҳар бошлиғи вазифасига (1848-1884) сайланиб, Боқчасаройни обод қилишга киришди. 1882 йилда машҳур Қозон татарларидан миллионер Акчуриннинг қизи Зуҳрахонимга уйланди. Улар йигирма йил бахтли турмуш қилдилар. Олти фарзанд тарбия этдилар. “Улардан Дилорахоним ва Исмоил соғ-саломатлар. Тошкентда яшайдилар”, деб хабар берган эди “Йилдиз” журнали, 1990 йилда.

И.Гаспринский шаҳар бошлиғи (городской голова) бўлиб узоқ қололмади. Шаҳар Думаси аъзолари Исмоилбекни шаҳар пулини “кўчаларни ёритиш, аҳолига тиббий ёрдамни кучайтириш” каби аллақандай “фойдасиз” ишларга сарф этаётганини кечира олмадилар. Истеъфога чиқишга мажбур этдилар.
Тошкентлик шоир Тавалло бир шеърида “Ҳаволансин, ғизолансин, билинг, бу бир ҳумо, миллат!....” деб ёзади. Ундаги мантиқ шундай: миллатнинг равнақи учун, биринчи навбатда, ақл ва ғайрат керак. Ғайрат эса иштиёқдан, меҳр-муҳаббатдан туғилади. Ақл ва ғайрат ишончни, ишонч ҳаракатни юзага келтиради. Миллат унга мансуб ҳар бир кишининг жони-жаҳони, бахти-саодати. Бинобарин, ҳумо қуши. У кўкларга парвоз этмоғи лозим. Бунинг учун унга руҳ керак, мадад керак.
“Тамаддунда асар йўқ, зиллату ваҳшат фаровондур”, -дейди кескин Муҳаммад Ҳоди. “Тамаддун” - маданиятнинг этагини тутмагунча, ўзгариш бўлмайди. Аниғи - шу. Лекин мана шу ўй-мулоҳазаларнинг ўртага тушишининг ўзи ҳам силжиш. Шунинг учун ҳам ўттиз йил кетди. Тавалло ва Муҳаммад Ҳодининг шеърлари 10-йилларда ёзилган. Гаспринский бу ҳақда 70-йилларнинг охирида қатъий хулосага келган. 1879 йилда газета чиқариш учун ҳаракат қилиши шундай 1881 йилги “Русия мусулмонлиги” китобида Исмоилбек буни атрофлича асослаб берган эди. Жумладан, унда кўтарилган энг муҳим масалалардан бири Русиянинг ўз мусулмон фуқароларига муносабати масаласи эди.

Русия мусулмонглиги
Ўрта Осиё ва Русия муносабатларига оид деярли ҳамма тадқиқотларда бир кўчирма китобдан китобга кўчиб юради: “Русия Шарққа нисбатан прогрессив роль ўйнади... Русиянинг ҳукмронлиги Қора денгиз ва Каспий денгизлари ҳамда Марказий Осиё учун маданийлаштирувчилик ролини ўйнади”. Унинг асли сал бошқачароқ. Майли, гап ҳозир унинг қай даражада аниқ берилганлигида эмас. Чамаси, Ўрта Осиё муносабатлари кенг муҳокама қилинган ва юқоридаги нуқтаи назар кенг ёйилган.
“Сўнгги йилларда Русиянинг Шарқдаги буюк маданийлаштирувчилик хизмати ҳақида тез-тез ўқишга ва эшитишга тўғри келмоқда, - деб ёзади Гаспринский “Русия мусулмонлиги” асарида. - Хўш, бу хизмат нимада намоён бўлиши керак? Наҳотки, унинг маъноси қозини уезд бошлиғига, ноибни приставга, бекликни областу губернияга, ушрни тан солиғи-ю яна бошқа “бер-бер”ларга, ипак тўну бешметни дворянлик ёқасига алмаштириб қўйишдан иборат бўлиб, бошқа қилинадиган иш қолмаган бўлса?”
Гаспринский “Россиянинг Шарқдаги маданийлаштирувчилик роли”га мана шундай танқидий қарайди ва у саволга салбий жавоб беради. Уни аксинча, атайин илм-маърифатдан узоқда сақлаб келаётганликда, мусулмонларнинг тилини, динини, турмуш тарзини бузишда айблайди. Буларнинг ҳаммасини аниқ далиллар, мисоллар билан кўрсатиб беради. Аслини олганда, буни рус маъмурларининг ўзлари ҳам кўп-да яширмайдилар. Одесса генерал-губернатори Х.Х Рооп бир муносабат билан Боқчасаройга келган эди. Гаспринскийга унга таржимонлик қилишга тўғри келди. Бош мадрасага -”Занжирли”га бордилар. Генерал-губернаторнинг ўзи ҳам бу ердаги аҳволдан ҳайратда қолди. “Жаноблар, бизим давримизда маҳбусларнинг, жиноятчиларнинг яшаш шароити сизнинг болаларингиз ўқийдиган шароитдан яхшидир”, -деди. Буни бир гуруҳ шовинистлар тан олмайдилар, холос.

Бир томондан миллатни маҳв этиб келаётган жаҳолат, иккинчи ёқда чор ҳукуматининг изчил, режали руслаштириш сиёсати. Русиядаги мусулмонларнинг тақдири қандай бўларкин?
Польшада руслаштириш сўнгги 20 йилда қизғин паллага кирди. “Познандай шаҳар шундай қисқа муддатда немислаштирилди-ку, бизнинг қўлимиздан бундай иш келмайдими? демоқдалар. Умуман олганда эса, катта миллатларнинг кичкиналарини ном-нишон қолдирмай ютиб юборгани бўлган. Британиядаги англо-сакслар чатишмасини олинг. Араблар-чи? Шимолий Африканинг тубжой халқини босиб олиб, “ҳазм қилиб” юбормадиларми?
Русияда “ғайрижинс” саналган, лекин нуфусига кўра иккинчи ўринда турувчи, асосан туркий қавмларни ташкил этувчи мусулмонларнинг аҳволи яхши эмас. “утмишнинг хароб, яримвайрон ҳолга тушган обидалари ва уларда сақланиб қолган ёзувчилар, чанг босган китобларгина бир вақтлар татарлар ҳам фасоҳат билан ёзиш ва сўзлаш, тафаккур талаб қилувчи нарсалар ҳақида ўйлай олиш, ҳофиздаги санъату Шайх Саъдийдаги инсонийликни, Ибн Сино ва бошқа араб, форс адиблари, файласуфларидаги фикрнинг ёвқур шиддатини англаш қобилиятига эга бўлганликларига гувоҳлик берадилар”. Рус ҳукумронлиги мусулмонларни тараққиётга, маданиятга олиб бораётган йўқ. Аксинча, саводлилик 50-60 фойизгача борувчи татарлардаги мактаб-маориф сўнишга юз тутди. Яқинда эса Москва остоналаридан Тошкентгача, Пермдан Ленкорангача бўлган, мусулмонлар яшаб турган жойларда уларни зўрлаб православ динига ўтказилаётгани ҳақида гап тарқалди. Бошқирд ерларини русларга арзон-гаров улашилаётгани, Туркистоннинг серҳосил тупроқларидан маҳаллий аҳоли қувиб чиқарилиб, казакларнинг жойлаштирилаётганини эса маъмурларнинг ўзлари ҳам яширмаяптилар.
Тўғри, Руснинг ўзи ҳам истибдодни хўб кўрди. Бу ўринда кўпинча, мўғул-татар босқинини мисол келтиришни хуш кўрадилар. Лекин инсоф билан айтганда, “унинг ўрнида шундай куч-қудратга эга бошқа бир қавм шунча муддат ҳукмронлик қилганида, Русни тамомила йўқ этиб юбориши мумкин эди...“ Нима қилдилар? Олиқ-солиқларини олдилар. Қизларга кўз олайтирдилар. Бироқ дин-диёнатларига дахл этмадилар. Ҳозирда мусулмон ҳаётига нисбатан бундай деб бўлмайди. Гарчанд биз, мусулмонлар, яъни “ғайрижинслар” қонун олдида руслар билан тенг, деб эълон қилинган бўлсак-да, амалда иш тамом бошқа. Бу кетишда мусулмоннинг мусулмончилигини сақлаб қолиши қийин. Оқибат нима бўларкин?

Шунча шаҳарлар бунёд этган, фан ва маданиятнинг ўнлаб доҳийларини, ҳарбу зарбнинг оламжаҳон валломатларини дунёга берган бу миллат наҳотки, сувга тушган тошдек зим-зиё кетса?!..
Бу дардли ўйлар Исмоилбекга тинчлик бермайди. Маҳаллий “Таврида” газетасида кетма-кет мақолалар эълон қилади. Улар ўша 1881 йилнинг ўзида алоҳида рисола бўлиб босилди. Бу рус тилида ёзилган “Русия мусулмонлиги” номли асар эди.
“Русия мсулмонлиги” ҳажман катта эмас, икки босма тобоқ атрофидаги ихчам бир рисола. Лекин унинг аҳамияти жуда катта. У Русияда яшовчи мусулмонларни шу мамлакатнинг тенгҳуқуқли фуқароларига айлантириш ва айни пайтда уларнинг ўз миллий, диний жиҳатларини сақлаб қолишга қаратилган дастурдир.
Хўш, ҳоким ва тобеъ миллатнинг-руслар ва мусулмонларнинг ўзаро муносабатлари қандай асосларда қурилмоғи лозим? “Руслар ва рус мусулмонлари бир заминда, бир қонун остида тасодифий ҳамроҳлар, пешонага битган қўшнилар сингари яшайдиларми ёки улуғ, муаззам ватанимиз халқларининг буюк оиласида фарзандлар мисоли ўзаро қардошлик алоқаларини йўлга қўядиларми?” Нима бўлганда ҳам давлат мустаҳкам, мамлакат осойишта бўлмоғи керак. Пировард мақсад-шу. Муносабатларга келганда, ҳал қилишнинг икки йўли бор.

1. Руслаштириш орқали миллатлар бирлиги-ҳамкорлигига эришиш.
2. Тобеъ миллатни маънавий-руҳий такомиллаштириш-етказиш орқали ҳамфикрлиликка эришиш. Биринчиси-

Польшада ўтказилаётган йўл. Иккинчиси-Финляндияда.
Ассимилиция сиёсати, қанчалар назокат билан олиб борилмасин, зўравонликка, иккинчи бир халқнинг қонуний ҳуқуқиқини чеклашга олиб борадики, шунинг ўзиёқ ҳар -қандай кишининг ундан ихлосини қайтаради. Энг тўғри йўл иккинчи йўлдир. Ҳаёт осойишта, ҳатто бир қадар фаровон Америкада, Швейцария, Австро-Венгрияда биз иккинчи ҳолни кўриб турибмиз.
Хўш, тобеъ миллатнинг, хусусан, мусулмонларнинг маънавий камолотини қандай таъмин этиш мумкин?
Мусулмонлар жамоа-жамоа бўлиб яшайдилар. Ҳар бир жамоа ўзига хос жажжи бир давлат, ўз қонун-қоидаси, урф-удуми бор. Булар бари ислом руҳи, тартиботи билан боғланган. Каттага ҳурмат, кичикка шафқат-ақида. Ҳаммаси учун асос-Қуръон. Бунда табақа йўқ. Аллоҳнинг олдида барча тенг.
Ҳар бир жамоанинг ўз мактаби, мачити бор. Бир неча жамоада муштарак жомеъ масжиди. Сўнг мусулмоннинг ҳам олий мактаби, ҳам академияси ҳисобланадиган-мадраса. Мусулмон жамоаси учун 10-20 оила кифоя. Уни тақдир, қайга элтиб ташламасин, мазкур тартиблар асосида бирлаша олади. Чунки мусулмончилик бу эътиқодгина эмас, турмуш ҳамдир. Шу сабаб, уни “ютиб юбориш” ҳаддан ташқари қийин. Бир вақтлар Литва князлари татар суворийларини ҳарбий юришлари, шахсий муҳофазалари учун ёллаганлар. Ўтган йили уларнинг авлодларини кўрдим. Номлари, тиллари ўзгариб кетган, лекин ҳали ҳам мусулмонликни ушлаб келадилар. Ишондимки, мусулмонликни йўқотиб бўлмайди, дейди Гаспринский.
Уни йўқотиш учун зулм ва қийин-қистовларни, чеклашни ҳаддан ошириш керак бўлади. Бироқ шунда ҳам мақсадга эришиб бўлмайди. Расм-тартиблар оилага, уйларга кўчиб киради ва ҳар қандай назоратдан четга чиқади. Курашиш деярли мумкин бўлмай қолади. Мабодо, шунда ҳам фалокат босиб, мусулмончиликни бирор жамоадан қувиб чиқаришга эришилса, яъни уни бузишга муваффақ бўлинса, у еерда аҳлоқсизлик, моддий-маънавий таназзул авж олади. Демак, ягона йўл мусулмонларни тенглик, озодлик, фан ва маориф заминида маънавий такомиллаштиришга ва у орқали руслар билан бирлашишига эришиш.
Бу Гаспринский келган биринчи хулоса эди. Бу маънавий такомиллаштириш мусулмонларнинг ўз тиллари, ўқув воситалари орқали амалга оширилмоғи лозим. Рус мактабларида ўқиб, рус фани, адабиёти, матбуоти орқали камол топувчи мусулмонлар бармоқ билан саноқли даражададир. Рус-тузем, рус-татар мактаблари деб аталган ва ғайрируслар учун мўлжалланган мактаблардан бирор натижа чиқиши мушкул. Исмоилбекнинг ўзи бир вақтлар шундай мактабларнинг ашаддий тарғиботчиларидан эди. 6-7 йиллик тажрибадан сўнг ташлаб кетди. Симферополдаги татар ўқитувчилар семинарияси ҳам ҳеч бир самара бермаётир. Шуларга кетаётган вақт ва харажат ушбу керакли билимларни мусулмон болаларининг ўз тилида ўрганишига сарфланганида самараси тамом бошқача бўлур эди.

Ахир, кўзи боғлиқ одам атрофдагиларнинг кимлигини билмаса, улар билан қандай яқинлашиб кета олади? Ҳатто рус бошланғич таълими асли ўзаги бир Малороссияда натижа бермаган бир пайтда, уни қандай қилиб татарларга қўллаш мумкин? Сиз рус мактабларига тарбия ва маориф учун немис тилини жорий қилиб кўринг-чи, нима бўларкин. Энг сара ўқитувчиларни, энг кейинги воситаларни сафарбар қилганингизда ҳам кутилган натижага эриша олмайсиз. Рус тилининг ўрни эса “ғайрижинс” мусулмон мактабларида бундан ҳам аҳамиятсизроқдир.
Масаланинг яна бир нозик томони бор.
Ҳар бир мусулмон эътиқод ва турмуш тақозосига кўра тўғри, ҳалол. У маърифатли бўлгани сайин бу хусусиятлари кучайиб боради. Лекин тақдир тақозоси билан у ёки бу чет тилини у ёки бу даражада ўзлаштирган айрим мусулмонларимиз етарли илмий заминга эга бўлмай, европачиликнинг зоҳирий томонларини илиб оладилар-да, умрларини зоеъ кеткизадилар. Булар ўз қавмларининг яхши сифатларини йўқотиб, ўзгаларнинг иллатини ўзлаштирган кишилардир. Улар, кўпинча, ёшликларида “ишқбоз”лик билан машғул бўлиб, кексайганда ўз гуноҳларини ювиш учун ҳаётдаги ҳар бир янгиликка, маърифат ва тараққиётга қарши оёқ тираб туриб олувчи олчоқ, юзсиз кишилардир. Исмоилбек мусулмонларнинг бундай хилини рус мусулмонлари орасида ҳам, араблар, турклар орасида ҳам жуда кўп кўрди...
Маърифатни тил эмас, билим беради. Рус мусулмонларининг ҳаётини рус тили эмас, энг осон, энг таъсирчан воситалар билан ўзлаштириладиган илм-фангина ўзгартириши мумкин. Ва бунда асосий восита, Исмоилбек фикрича, анъанавий мактаб, мадраса бўлмоғи керак. Бошланғич мактаб ҳар бир мусулмон жамоасида бор. Мадраса ҳам етарлик. Эътибори ҳали ҳам баланд. Замонлар бўлганки, мусулмонлар ўз мадрааларида илми ҳандаса каби ўнлаб зарурий фанларни ўрганганлар. Уларда жаҳоний олимлар мударрислик қилганлар. Уларнинг тор, икки қаватлик ҳужралари илм-фан оламининг қанчадан-қанча кашфиётларига гувоҳ бўлган.
Қани ўша мадрасалар?
Мадрасалар бор. Илгариги фан, ғайрат, энг муҳими рағбат йўқ. Бунинг сабаблари кўп, албатта. Шулардан бири анъанавий мактаб-мадрасаларнинг иқтисодий заминдан узилганлиги-чор ҳукумати томонидан вақф ерларининг олиб қўйилганлигидир. Хуллас, ҳозирги мадрасалар илмхона эмас, қорихона. Мақсад ҳам, усул ҳам қорилик, кўр қорилик. Унинг зах ҳужраларида 15-20 йилда олинадиган билимни замонавий ўқув юртларида 3-4 йилда эгаллаш мумкин. Инсоннинг умри шу қадар қадрсизми? Дарвоқеъ, мадарасаларнинг ночор савияси ҳақидаги кескин гапни 30 йил бурун Шиҳобиддин Маржоний айтган эди. “Таржимон”ни чиқаришга 4 йил деганда зўр-базўр рухсат олиб, унинг дастур-йўналиши хусусида шаҳарма-шаҳар кезиб, суҳбат ўтказиб юрганида унга самимий қўл узатганлардан, чин дилдан қўллаб-қувватлаганлардан бири ҳам мана шу машҳур тарихчи бўлди.

Мадрасаларни янгилаш керак.
Агар руслар ўз мусулмонлари учун даврида илм-фаннинг қанчадан-қанча яловбардорларини етказган шонли мадрасаларини рус заминида қайта тиклаганларида эди, ватан ва инсоният олдида буюк хизмат қилган бўлур эдилар:
Аслида буни қилиш у қадар қийин эмас. Бутунроссия бўйича 9-10 мадраса, масалан, Қозон, Уфа, Оренбург, Астрахан, Тошкент, Самарқанд, Баку, Нуха, Боқчасарой каби мусулмон марказларида ислоҳ қилинса, кифоя. Уларни янгилаш, моҳиятан, бу мадрасага табиий фанларнинг маҳаллий тилдаги қисқа курсларини киритиш, тарбия асослари ва мухтасар рус қонунчилигини ўқитишдир. Муаллимларни университетларнинг факультетларини, Лазарев шарқ тиллари институтини тугатганлар орасидан танлаб олиш мумкин. Бундай ислоҳот ҳар бир мадрасага кўпи билан 7-8 минг сўмга тушар. Борингки, ҳар йили ўнта мадрасага юз минг сўм кетсин. Буни ҳеч бўлмаса, мусулмонларимиздан иона тўплаб ҳам йиғиш мумкин. Бу ишлар амалга ошгудай бўлса, 10-15 йил ичида маорифимизни тубдан ўзгартиш, қайта қуриб олиш мумкин бўлур эди.
“Мусулмонларга Русияни, унинг ҳаётини ва қонунларини ўрганмоққа имкон беринг, уларга тор дунёқарашларини янгилашга, жонлантирувчи билимга эга бўлишга имкон беринг. Улар учун янги ғояларга ва принципларга киришиш жараёнини енгиллаштиринг, ва сиз, ухлаб келаётган оғирбош, мудроқ мусулмон бандасининг нақадар тез жонланиб, ўзлигини инкишоф этиб, рус тафаккури ва ҳаётига тез аралашиб кетишини кўрасиз. Бунинг учун кўп нарса керак эмас. Лекин унга фақат тўғрилик, софдиллик билангина, мусулмонларнинг ўз тилларига, ўқитув воситаларига мурожаат этув йўли билангина эришиш мумкин”.
Шундай қилингудек бўлса, рус тили ва фанига путур етадими? Ватан маърифати, умуминсоний маданият ютмайдими? Қанчадан-қанча англашилмовчиликларнинг, бахтсизликларнинг олди олинмайдими? “Эҳтимол, рус мужиги ҳам ҳеч нарса ўқимайди, ҳеч бало билмайди, яшаяпти-ку!” деб менга эътироз билдиришлари мумкин,-ёзади Гаспринский. -Биринчидан, у жуда ёмон яшайди, ҳеч нарса ўқимаганлиги учун бошида минг бир бало; иккинчидан, нима бўлганида ҳам, биргина келиб чиқишининг ўзи, тарихий анъаналари уни рус ҳаётига, тартибларига турмуш ва қарашлари тамом бошқача мусулмонга қараганда яқин қилиб қўяди”.
Бу китоб босилиб чиқиши билан великорус шовинистларининг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Айниқса, мусулмонларнинг мактаб-маорифини миллий асосларда қуришлари лозимлиги-миллий мактаб ҳақидаги фикрлар ёқмади.
Буни у биларди. Москвада Милютин гимназиясида ўқиб юрган пайтлари ўриспарастлиги билан донг қозонган М.Н.Катков билан бу масалада кўп тўқнашган эди. Унинг муҳаррирлигида чиққан “Московские ведомости” газетаси билан “Руссий вестник” журналини мунтазам ўқиб борар эди. Унинг нуқтаи назари Тошкентда Н.Остроумов ва М.Муропиев, Қозонда Н.Ильминский билан айни бир хилда эканлигини яхши биларди.
Н. Ильминский турк-татар халқининг мактаб-маорифига даҳлдор ҳар бир илгари силжишни рус халқига қарши ҳаракат деб билади. Синоднинг обер-прокурори К.П.Победоносцевга ёзган бир хатида очиқдан-очиқ “Русиядаги мусулмон халқларига биронта ҳам ижтимоий сиёсий ҳуқуқ бермаслик керак”, дейди. Дарвоқеъ, туркий халқлар алфавити билан кўпдан шуғулланиб келаётган турк профессори А.Эржиласин Гаспринский анжуманидаги 1991 маърузасида ғлати бир фактни келтирган эди. Маълум бўлишича, Н.Ильминсикий 1876 йилда туркий халқларга рус алфавитини жорий қилиш таклифи билан чиққан экан. Унинг фикрича, ҳар бир турк қавмининг ўз тилига ва алфавитига эга бўлишига эришиш лозим. Шунда уларни ажратиш осон кечади. Бу ғоя инқилобдан сўнг режали, босқичма-босқич амалга оширилди. “Йилдиз” журналининг 1989-1991 йил сонларида эълон қилинган С.Гафаров монографиясида ҳам бу ҳақда қизиқарли материаллар келтирилган.
Исмоилбек Русия қоидаларини синчиклаб ўрганди. 1882 йилда “Солномаи туркий”, “Миръоти жадид” номларида 2 рисола эълон қилди. “Рус мусулмонлиги” асарида кўтариб чиққан масалаларни амалга оширишни матбуотдан бошлади.

«Таржимон» зарурати
Вазиятни ўзгартириш учун уни олдин англатиш керак. Бунинг учун эса минбар зарур. “Таржимон” мана шундай зарурат туфайли юзага келди: “Бир бечора фақирни кўрсак, ачинамиз. Ўлаётган бечорани кўрсак, юрагимиз изтиробдан оғрийди. Ҳатто бир ҳайвоннинг қийналиши раҳмимизни келтиради. Лекин бир эмас, минглаб кишиларнинг, бутун бир халқнинг жаҳолатдан мислсиз қийналаётганини кўрмаймиз....”
Газетанинг дастлабки сонларидан бирида шундай сўзлар бор эди.
Бу жасоратли садо ўша пайтлари жуда ҳам зарур эди.
Руслаштириш авжида. Итил-Волга бўйидаги татарлар орасидан бирор мансабдор у ёқда турсин, мачитга имом ҳам миссионер. Н.Ильминский рухсатисиз сайланмайди. Мактаб-мадраса китоблари-ку бирма-бир қўлдан ўтади. Туркистонда-Остроумов тўра. Кавказнинг ҳам ўз тўралари бор, албатта. Бу тўралар ўз миллатларидан бошқасини миллат деб ҳисобламайдилар. Н.Ильминскийнинг кейинги чиранишларини қаранг. У очиқдан-очиқ Русияда ҳеч қандай турк-татар халқи йўқ, унда-бунда тўп-тўп қабилалари учраб, қолади, уларни ҳеч бир миллатга мансуб деб бўлмайди, деб чиқди. Обер-прокурор К.П.Победоносцевга, “Таржимон” мусулмон ғояларини Европа маорифи билан безамоқчи, Русиядаги турли қабилалар, хилма-хил тилли миллион-миллион мусулмонларни бир миллат қилиб бирлаштирмоқда, Русиядаги барча мусулмонлар учун умумий туркий тил асосида ягона бир тил ясамоқчи, деб шикоят қилди.
Гаспринский 1905 йилда ўз газетасида “Зўрлик билан руслаштириш назарияси” (23-сон) деган мақола бостирган эди. Бу мақолада унинг фикри қатъий. Рус халқи билан рус ҳукуматини бир-биридан фарқлаш керак. Рус халқи бизни ҳеч қачон “ғайрижинс” санамайди. Буни рус “папазлари”, чор маъмурлари тўқиб чиқарган...
Шунингдек, таъсир ҳақида ҳам гапирилгудек бўлса, бир томонлама эмас, ўзаро таъсир ҳақида сўзламоқ керак. Агар ҳозирда ҳаётимизга, фикрларимизга рус таъсири бўлаётган бўлса, ўтмишда Русия биздан кўп нарса олди... Умуман олганда эса, ҳар бир халқдаги сингари русларда ҳам талай фазилатлар бор. Масалан, “рус кишиси ўзининг ҳар нарсани, ҳар хил кишини бирлаштиришдаги сабри-чидами билан кучли ва улуғ”. Лекин ҳар бир миллат ўз йўли билан тараққий топмоғи керак. Бу хусусда баҳсга ўрин йўқ.
Миллатнинг ўзлигини кўрсатадиган хусусиятларидан бири тил ва маорифдир. Бу иккиси бўлмаса, миллат мустақил бўла олмайди. Гаспринский 1905 йилда ёзган мақолаларидан бирида миллатнинг асоси иккита: тавҳиди тил (тил бирлиги) ва тавҳиди дин (дин бирлиги) деган эди. Дарҳақиқат, тилнинг ўрни беқиёс: “Инсоннинг оти бўлмаса, ўзи ҳам йўқ демакдир, шунингдек тили бўлмаган инсон ҳам соқовдир”.
“Тил бирлиги масаласи бизим ҳаётимизда ҳаёт-мамот масаласидир, ва биз бу масалада бир қадам ҳам орқага чекинмаймиз,-ёзади И.Гаспринский 1906 йил 18 декабрда. Биз учун орқага чекинмоққа йўл йўқ. Яшасин миллат! “Тил бирлиги!”, “муштарак тил ва адабиёт” зарурлиги мутлақо аён бўлди. Русиядаги турк-татарлар ўз учрашувларида, мажлисларида умумий туркий тилда сўйлашаяжаклар, ҳужжатлар, ёзишмалар умумий тилда олиб борилажак. Бу йил адабиётчилардан, ёзувчи ва публицистлардан ўндан тўққизи умумий туркий тилда сўзлашиб, ёзиб келди.Бу йил жойларда йигирмадан ортиқ янги газета пайдо бўлишига қарамасдан, “Таржимон”нинг обуначилари сони камаймади. Баъзи жойларда ҳатто ортди. Бу умумий тил бирлигининг натижасидир.

“Таржимон” умумий бир миллий газетадир. Унинг тили ҳам умумий бир миллий тилдир. Яшасин миллат! ғам яшар, чунки у тилда ва фикрда бирликнинг зарурлигини англади. Тил бирлиги эса адабиёт бирлигидир. Бу эса ўз навбатида меҳнат ва ҳаракат бирлигининг асоси ўлароқ миллатнинг озодлигини таъмин этажакдир”.
Тил миллатнинг жонли, ҳаракатдаги тарихидир. Унинг кечмиши ҳам, ҳозири ҳам тилда ифода этади. Миллатнинг барҳаётлигига энг муҳим гувоҳ тилдир. Тил миллат учун ҳаёт-мамот масаласидир. Гаспринский ўз мақолаларидан бирини “Тил масаласи-энг муҳим масала” деб номлаган эди.
Туркий халқларнинг муштарак тили ҳақидаги гаплар 1905 йил воқеларидан кейин, оқ подшо ён беришга мажбур бўлгач, эркинроқ айтила бошланди. Ҳатто айрим ишлар ҳам қилинди. 1906 йил Гаспринский айтганидек, “тил йили” бўлди. Жумладан, 1906 йил Нижний Новгородда Русия мусулмонларининг 600-700 вакили иштирок этган йиғилишида умумий адабий тил масаласи ўртага қўйилди. Уни аста-секин шакллантириш ва амалиётга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу қарор ўша муштарак адабий тилда алоҳида рисола бўлиб босилиб ҳам чиқди Ниҳоят, 1907 йилда Русия давлат маориф инспекцияси мамлакатдаги мусулмонларнинг ўз она тилларида ўқув-ёзувни олиб боришлари мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилди. Бироқ бу махсус қарор мусулмон болаларини ўз она тилида ўқитишни фақат ерли шевасида олиб бориш зарурлигини ўқдирди.
Гаспринский шундан чўчиган эди. У бу қарорни мутлақо нотўғри, ҳатто жиноят деб ҳисоблади:
“Маориф инспекциясининг бу ишини биз бутунлай хато деб биламиз, чунки халқнинг она тили бу миллатнинг адабий тилидир. Агар бизим қадимий адабий тилимизнинг бир ҳалқаси Алишер Навоий тили бўлса, турли шевалардан таркиб топган янги замонавий тилимиз унинг иккинчи ҳалқасидир”.
“Таржимон”нинг 1908 йил 13-сонида босилган “Тил ва маъсулият” мақоласида яна шу масалага қайтиб, ўз фикрини атрофлича асослайди. Чиндан ҳам Русиянинг турли жойларида истиқомат қилувчи туркий халқларнинг тиллари, тўғрироғи, шевалари бир-биридан фарқ қилади. Хўш, бу фарқ русларда йўқми? Вятка мужикларининг тили Ярославль ҳунармандлариникидан, Тулалиларники Курск, Смоленск ерлилариникидан қанчалик фарқ қилади! Араблар-чи? Гоҳо улар орасидаги фарқлар бир-бирларини тушунмаслик даражасига боради-ку? Нима учун Ломоносов, Жуковский, Пушкин, Тургенев каби адиблар, мутафаккирлар ягона адабий тил учун умр бўйи курашдилар?! Нима учун арабнинг кўзга кўринган олим-фозили бор-ки, тил бирлигини тилдан қўймайди?! Немислар нега умумий тил устида бу қадар жон куйдирадилар?!

Тўғри, ягона адабий тил миллий адабиёт билан бирга майдонга келади. Лекин уни шакллантириш учун биргина адабиёт аҳлининг эмас, бутун миллатнинг биринчи навбатда, зиёлиларнинг ғайрат ва рағбати керак.
Бу ерда ҳам ишни маорифдан бошламоқ зарур. Боланинг илк саводи майли, шевада чиқсин, лекин иккинчи-учинчи йилданоқ ўқишлар умумий ягона тилда кетмоғи лозим. Бу дегани дунёнинг ташвишларини кўзда тутган, лекин ўз она тилимизда, миллий руҳимизда бўлган ўрта ва олий мактаблар илмий, маданий муассасалар, турли-туман мутахассислар, хуллас, нимаики миллатнинг иқтисодий, сиёсий ва миллий мустақиллигини таъмин этадиган бўлса, ҳаммаси керак. Буларсиз миллат озод бўла олмайди.
Хўш, бизга ҳозир она тилида ўрта ва олий мактаблар очишга рухсат берилса, биз бунга тайёрмизми, деган авол қўяди Исмоилбек Гаспринский ва “йўқ!” деб жавоб беради. Демак, биринчи вазифа, ёш, тараққийпарвар миллий зиёлилар тайёрламоқ, замин ҳозирламоқдир. Уни ҳеч ким қилиб бермайди. ўзимиз қилишимиз керак:
“Бугундан бошлаб умумий тил устида кураша бошламоқ, мактаблар, учун дарсликлар, ўқув китоблари, луҳатлар тайёрламоқ керак”, -деб ёзади Гаспринский “Таржимон”нинг 1907 йил 42-сонида босилган “Дўстларимга” номли мактубида.
Буларнинг ҳаммасини боши миллий онг, хусусан, миллий маориф бўлади.
Мамлакатимизда сонига кўра нисбатан озчиликни ташкил этувчи армани, гуржи, латишларни қаранг, қанчалар илгарилаб кетдилар. Финляндия ва Польша мустақилликни олишгача етди. Иқтисоди ҳам жойида. Керакли нарсаси бор. Ҳаммаси миллий онгдан, миллий тил, адабиётдан.
У ўша 80-йилларнинг бошида Боқчасаройда қизлар учун махсус мактаб очган, уларнинг ҳаётини ёритувчи “Хотинлар дунёси” номли журнал чиқарган эди. Буюк маърифатчи инсониятнинг ярмини ташкил этган хотин-қизларга, биринчи навбатда, асрлар бўйи ичкарида келган мусулмон аёллар турмушини илм-фан билан ёритиш йўлида жуда катта иш олиб борди.
“Миллатнинг икки асоси бор: тил бирлиги, дин бирлиги. Миллатнинг ўзлигини йўқотиш учун шуларнинг биттаси бузилиши кифоя”, дейди Гаспринский. У Волгабўйи матбуотидан айрим жумлаларни мисол қилиб келтирган эди: “Уч вороной от жеккан тройка шипко келедир”. Бу жумла қандай тилда бўлса бордир, лекин турк-татар тилида эмас”-деб изоҳ берган эди Исмоилбек.

Дарҳақиқат, миллатларнинг ўзини таниши, ўзини англаши, ўз ақлича, ўз эркича, ўз феълича, ўз урфича яшашга уриниши миллатчилик эмас, бу табиий ҳол. Аксинча, шуларни писанд этмаслик-миллатчилик. Биз нима учун тарих иккига бўлиб ташлаган Вьетнамни, Яманни бир давлат бўлиб бирлашишини олқишладик? Нима учун икки Германиянинг бир бўлишига хайрихоҳлик билдирдик? Нима учун Солженициннинг рус, малорус, белорус миллатларининг ягона давлати бўлиши лозимлиги ҳақидаги фикрларини табиий қабул қилдик?
Меҳмет Сарой айтганидек, “Туркларнинг асли бир. Лекин замон ва макон ихтилофлари улар орасида тафовутлар, шевалар пайдо қилди”. Уларни бир-бирига танитмоқ, ягона ва умумий тарихни англатмоқ фақат миллий эмас, инсоний бурч ҳамдир. Бу гапни Исмоилбек 1907 йилги мусулмонларнинг жаҳон конгрессида изтироб билан айтган эди. Агар шуни амалга оширмасак, миллатнинг юзига қарашга ҳаққимиз йўқ, деган эди. Иккинчидан, ҳар бир миллат ўзлигини қадрлай билиши керак. ўзлиги билан ғурурлана олиши, ифтихор эта билиши лозим. Шундагина у тенглар аро тенг бўла олади. Шундагина у “ҳаво” ва “ғизо” олади. Мамлакатимизда кечаётган бугунги жараёнлар бунга далил.
Исмоилбек феноменининг энг муҳим нуқталаридан бирини, шубҳасиз, ҳар бир миллатнинг маориф маданиятини миллий заминда олиб бориш, миллий тил учун кураш ташкил қилган эди. Биз ҳозир мана юз йилдан сўнг мана шу ҳақиқат билан, мана шу зарурат билан юзма-юз келиб турибмиз.
У туркий халқлар учун ягона тил, имло масаласини қизғин ҳимоя қилиб чиққан эди. Тил бирлиги ҳақидаги фикри, эҳтимол, эҳтимолдан бироз узоқлашгандир. ўтган вақт ўз таҳририни киритгандир. Бироқ ягона ёзув масаласи,ўйлаймизки, у қадар эскирган эмас.

 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
<<< 1 2 >>>
 
     
 
БОШҚА МАВЗУЛАР
 
     
   
   
 
ali_nasafiy@yahoo.com
 
 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
 
Free Web Hosting