ЯХШИЛИК ҚИЛ - СУВГА ТАШЛА... ҲИКОЯТ

Бир яхши кишидан эшитганим бор. Кунларнинг бирида раҳматлик машҳур ҳофиз Журахон Султон Олим Отахонга, ёш болакайлик чоғида, қўлига юз сўм тутқазибди-да, ҳовлисига кириб кетаётган бир бечораҳол косибга обориб беришини илтимос қилиб-ди. «Бу пулни ким бериб юборди?» деб сўраса, «номимни айта кўрма, ўқдингми?», деб тайинлабди. Чиндан ҳам, бояги косиб ғаниматни олиб, «буни ким бериб юборди?» деб сўраган экан, бола елкасини қисибди. «Ҳа-а, биламан, — дебди пулни чўнтагига соларкан, мийиғида кулимсираб ҳалиги одам. — Жўрахон! Бунақа ишлар фақат ундан чиқади...»
Худо раҳмат қилсин бу валломат инсонни. Ўша зийрак косибни ҳам. Гўрларига нур ёғилсин уларнинг. Қанийди, жамиятимизда мана шу сингари, Жўрахон акадай ҳиммати баланд, жумард, инсонпарвар одамлар кўпаяверса. Улар жамиятнинг гули.
—Яхшилик билан емонлик азалий ва абадий баҳс.
Бунинг ўзига хос ахлоқий тамойиллари, фалсафаси бор. Бир ҳолда яхшилик бўлган нарса ёки ҳодиса бошқа бир ўринда ёмонлик бўлиб қайтиши мумкин. Ёки аксинча. Яхшилик билан ёмонлик бир-бирига айланиши ҳоллари ҳам учрайди. Сизда ҳаётий тажриба катта. Менга шундай туйиладики, Сиз мудом Яхшилик билан Ёмонлик ўртасида ўртангансиз, мана шу икки қирғоқ ўртасида «солланиб оққансиз»... Яна бир жиҳати: Зарафшон водийсидаги икки азим дарё — Оқ дарё билан Қора дарё туташиб кетадиган бир маъво — жаҳонга машҳур қадимий Миёнколнинг Хатирчи туманида таваллуд топгансиз. Баний одамнинг вужудида чор унсур: тупроқ, сув, ҳаво, олов мавжуд.
Инсон барҳаёт экан, бу тўрт унсур ҳамма вақт ўзидан дарак бериб туради. Гоҳ тупроқдай хоксорсиз. Гоҳ сувдай тошасиз. Гоҳ ҳаволаниб кетасиз. Гоҳ оташин бўласиз. Шу ёруғ дунёда ҳам, охиратда ҳам бизни ҳалокатдан сақлаб қолувчи бирдан-бир нажот қалъаси — Яхшилик бўлса керак.
—Ўзни десанг, ўзгани де! Бу ҳикматни мен кашф этдим ва уни бошим узра машъала қилиб кўтардим. Тўғри, мен бир бўш-тақир жойда, насл-насабсиз, ўтмиши қоронғу ўлган, ноасил бир жамиятнинг ташландиқ боласи эмас эдим. Ўзининг йўқсиллиги,маънавий қашшоқлиги, жаҳолати билан мақтанадиган тузумдан қутулдик. Менинг бошим узра ва дилимда Аллоҳ таоло ва таборак, қибла томонимда жаноби Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам, пиримиз Ғавсул Аъзам разияллоҳи анҳу, бобомиз жаҳонгири олам, соҳибқирон Амир Темур бин Тароғой Баҳодир, ҳазрати Алишер Навоий, Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари қояларнинг хоки пойидан кўкардик, уларнинг елкалари узра жаҳонга боқамиз. Ўз нархини арзон сўрамайдиган зоти бобаракот, соҳиби салтанат, зодагон бир миллатнинг фарзандларимиз. Шунинг учун ҳам жаҳон ҳамжамиятида феъл-атворимиз, ибодатимиз, тафаккур тарзимиз, ахлоқ-одобимиз шунга мос бўлиши керак.
Сиз менинг қитиқ паримга тегиб қўйдингиз. Аслида, яхшилик билан ёмонликнинг табиатига дахлдор асосий гапларни айтдингиз. Менга ана шу фикрларни оғир ҳаётий далиллар билан тасдиқлаш қолди, чамам-да. Жамиятни ушлаб турувчи ва ҳаракатга келтирувчи омиллар ўзгарди. Аммо аълоҳазрат Диалектика ўз шоҳона тахтида барқарор ва устивор. Тараққиёт нима? Тараққиёт қарама-қаршиликлар бирлиги ва курашидан иборат. Аввал шундай эди. Тоабад шундай бўлади. Қарама-қаршиликлар билан зиддиятлар инсонни ўраб турган ташқи муҳитда ҳам, бир кишининг ўз ички оламида ҳам мавжуд. Ҳар бир шахсда раҳмоний ва иблисона ибтидолар мавжуд. Дилида Раҳмонни жо қилган кимсанинг ҳам эти билан териси орасига шайтон ин қурган бўлади. Раҳмон «қил» деган ишни иблис «қилма» дейди. Иблис «қил» деган ишни Раҳмон «қилма» дейди. Қил-қилма, қил-қилма!.. Нима қилиш керак? Қай бирининг амрини бажарган маъқул? Бу муаммони ҳар гал ҳар бир кишининг иймони, виждони ҳал қилади. Раҳмон кишини ёмон ҳаракатлардан сақлайди. Билган одамга тоғдай таянч! Иблис эса уни йўлдан оздиради. Вос-вос қилади. Жиноят йўлига бошлайди. Иблиснинг васвасаларига учган кишига жиноятнинг рўдапо турқи баайни сулув келинчак бўлиб кўринади. Вос-восга учраган телбага ҳатто ўзини ўлдириш, куйдириш, осиш, отишлар ҳам роҳат-фароғат бўлиб туйилади. Ҳолбуки, ўзининг худди шундай куфрона даҳшатли хатти-ҳаракатлари билан дўзахий бўлиб қолганини унутади. Ўз-ўзига суиқасд қилган кишига ҳатто жаноза ўқилмайди. Ислом дини бундай ҳаракатни қаттиқ қоралайди...

—Нажот нимада, деб ўйлайсиз? Илгари жамиятни бало-қазолардан омон сақловчи куч, «нажот қалъаси» — партия, деб ўйлардик. Маълум бўлдики, жуда унчалик эмас экан.
—Албатта, эътиқод жуда катта куч. Масала қандай зотга ёки нимага эътиқод қилишда. Худога эътиқод қилувчилар билан бирга, унга, астағфурилло, мункир келувчилар бор. Раҳмонга эътиқод қилувчилар билан бирга, Унинг тавқи лаънатига дучор бўлган шайтони лаъинга эргашувчилар бор. Эшитгансиз, шайтон қавми, шайтончилар, шайтоншунослар, шайтоний жамоалар пайдо бўлиб қолди. Хуллас, нажот — яратган Парвардигорнинг ўзидан, ихлос, эътиқод ҳам — ягона, биру бор, Ҳақ таолога бўлиши керак, деб ўйлайман. Одамларимиз таҳдид, зуғум остида етмиш йил Худони инкор этиб яшади. Шохи чиқмади.
—Аксинча, шохи чиқиб кетди!..
—Ҳа: айнан... буралиб чиқиб кетди.
Бошқа бирон дунёвий динга соя ташламаган ҳолда, дейманки, ислом дини бағри кенг дин. Миллати, қавми ёки ирқига қараб одамларни синфларга, табақаларга ёхуд гуруҳларга ажратмайди. Мусулмончиликни қабул қилганлар бошқа аҳли муслимлар орасида теппа-тенг ҳуқуққа эга бўладилар.
—Унинг жозибадор қудрати ҳам шунда-да.
—Ислом инсонларни тўғриликка, яхшиликка, ҳалолликка, ахлоқий покликка даъват этади. Бировнинг дилини оғритишни, зулмни, беҳуда қон тўкишни, одамнинг одамга қул бўлишлигини, фаҳш ва зино ишларни, ўғрилик ва одамларнинг ҳақига жабр қилишни бутунлай манъ этади. Ислом жамият аъзолари ўртасида шундай муносабатларни ўрнатадики, ҳар бир шахс доимо таҳорат олиб юради, ўзини-ўзи идора этади, назорат қилади, нафсини тиядиган, қадамини билиб ташлайдиган бўлиб қолади. Унга ташқи «назоратнинг» кераги булмайди.
—Дарвоқе, Ўзбекистон дунёвий давлат...
—Тушундим. Дунёвий давлат. Бироқ! Диний тамойилларга — бу хоҳ насронийлик, хоҳ буддавий, яҳудий, хоҳ исломий бўлсин — таянган давлат тизимлари дунёвийликдан холи — деган гап эмас. Бошқасини билмадим, аммо муборак Исломда ҳар иккала рағбат ва ибтидо — динийлик ва дунёвийлик — бирдай зарур эканлиги алоҳида таъкидланади. Бирини деб иккинчисини четга суриб қўйиш керак эмас. Диний негиз — дунёвий асос — руҳониятни тақозо этади.
—Қанот жуфт бўлганидай. Фақат диний мутаассиблик ёмон. Хурофот ҳар қандай тараққиётга ғов бўлади.
—Диний мутаассиблик ҳам, бир ёқлама, кўр, мутаассиблик ҳам яхшиликка олиб келмайди. Замонларки, ислом динининг қуввати («қуввати исломи дийн») бўлмиш шундай Бухоройи шарифга ким хиёнат қилди? Уни Михаил Фрунзега ким сотди? Жоҳил муллолар! Меҳнаткаш халқ эмас. Дин ғоят муқаддас туйғу. Дунёвий давлатда диннинг мақоми жуда ўзига хос ва нозик. Агар унга билиб ёндашилса, бу кони фойда. Унинг ўрнини бошқа бирон ашё билан алмаштириб бўлмайди. Бу ерда меъёрни сақлай билмоқ зарур. Ҳар қандай динга қарши жуда кўп ғайри шаръий ва ғайри шуурий ҳукмлар, аксар, айнан уни билмаслиқдан келиб чиқади. Биз, алҳамдулиллоҳ, ислом дини ҳақида анча эмин-эркин гапирадиган бўлиб қолдик. Бу айни муддао. Лекин дин ҳам қотиб қолган нарса эмас. Доимий ҳаракатда ва тараққиётдадир. Аллоҳ, дин, пайғамбарлар, Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифлар, шариат, руҳоният пешволари ҳақида гапириш учун кишининг маънавий ҳаққи бўлиши лозим. Кеча даҳрийлиқдан лоф-қоф ўрган муаллим бугун бизга қандай қилиб исломни тушунтириб берсин? У ўзининг илоҳиёт ҳақидаги палағда фикрларини бугун унча-мунча «таъмирлаб», ўша даҳриёна куфр маърузасини гуё ўзича «илоҳийлаштириб», бир қадар суфталаб ўқий бошлаяпти. Мунофиқона чала «диний маърифат» ёшларни баттар чалғитади. Бундай ҳолда дин «афъюнга» эмас, бир йўла оғуга, заҳри қотилга айланади-қўяди. Бу сингари манфур аҳволдан қутулиш учун динни қандай бўлса шундайлигича, соф ҳодда ўрганмоқ, жойларда диний марказлар ташкил этмоқ, ўрта ва олий мактабларда дин тарихи, ислом маданияти, мусулмончиликнинг асосий рукнлари, фарз ва суннатлари, савоби ширк ҳақидаги дарсларни жорий этиб, бу ишни саводхон, билағон, ҳалол дин пешволарининг ўзига ишониб топширмоқ керак, деб уйлайман. Ҳаёт шуни кўрсатдики, дин эмас, балки дин ҳақидаги даҳриёна таълимотнинг ўзи афъюн бўлиб чиқди. Метафизикага қарши уруш эълон қилган диёнатсиз ўша қизил назариянинг ўзи ҳеч қандай ҳаракат учун қўлланма эмас, балки ашаддий қотиб қолган бир нарса эканлиги ошкор бўлди. Чунки у ўзи даъво қилган қонуниятларга тўғаноқ бўлиб чиқди. Чунончи, бизнинг моддийунчилик (материалистик) оғулари билан сеҳрлаб қўйилган мияларимизга ва томирларимизга қуйишдики, гўё Маркс Ҳегел таълимотининг «рационал мағзини» олиб, идеалистик пўчоғини ташлаб юборган ва шу асосда ўзининг янги моддийунчилик назариясини яратган эмиш. Бу табиат қонуниятига ҳам, мантиққа ҳам зид. Олайлик, оқ бўёқни қора бўёққа айлантириш мумкин. Аммо қора бўёқдан нечук тавр ила оқ рангни пайдо қиласиз? Иккинчидан, бундай қилишга кимнинг маънавий ҳаққи бор? Учинчидан, мантиқан шундай ҳукм юзага қалқиб чиқадики, Маркс Ҳегел таълимотининг идеалистик пўчоғини ташлаб юбориб, унинг рационал мағзи негизида ўзининг моддийунчилик таълимотини яратган экан, демак, бунинг аксини қилиш ҳам мумкин. Чунончи, яна бир мутафаккир чиқиб, марксизмнинг моддийунчилик мағзини ташлаб юбориб, ўнинг асосий даъволарини сақлаб қолган ҳолда, яна янги бир оқилона идеалистик таълимот барпо этиш мумкин экан-да? Хулоса: бир-бирига қарама-қарши қутбда турган қарашларнинг биридан иккинчисини келтириб чиқазиш мумкин эмас.
—Турган гап, мураккаб дўнёни жўн тушунтириш қийин. Заррадан тортиб бутун коинотни Худо яратган экан, бир нарса кишида иштибоҳ пайдо қилади. Қизиқ: Худо унинг ўзини инкор этган даҳрийни ҳам яратган. Бу ҳам Халлоқи оламнинг иродасидан ташқарида эмас. Ҳатто шайтоннинг ўзи ҳам Тангри томонидан яратилган мавжудот. Хуш? Тангри таоло фақат итоаткор бандаларини эмас, балки ўз қаттол рақибларини ҳам бино қилган.
—Шундай. Сиз мендан мантиқий далил кутаяпсиз. Аввало, Тангри билан рақобат қила оладиган кучнинг ўзи йўқ, Худо ҳамма нарсага эга. Аммо Унинг рақиби йўқ. Рақиб инсонга керак. Шайтоний васвасалар атиги синов.

Ҳикоят

Одам билан айиқ полвон дўст тутинишибди. Улар чунонам биродар бўлиб кетишибдики, бири учун иккинчиси жонини фидо этишга ҳам рози экан. Бир куни айиқ қараса, жон дўсти инсон соя-салқин жойда маза қилиб уйқуни ураяпти. Шу топда аллақаёқлардан бир хира пашша келиб, одамнинг пешонасига, лабига, бурнига қўнавериб, безовта қилибди. Буни кузатиб турган айиқвойнинг дўстига раҳми келиб, пашшани ўлдирмоқчи бўлибди. Шу мақсадда қўлига катта болтани олибдию, биродарининг пешонасига қўниб тўрган пашшани мўлжаллаб солибди. Хира пашша учиб кетибдию, одамнинг калласи қоқ ёрилиб, шу заҳоти жон таслим қилибди.
Демак: ким билан дўст бўлишни билиш керак. «Айиқлик ҳиммати» («медвежья услуга») деган нақл шундан иайдо бўлган. «Дўсти нодондан душмани доно ортиқ» деган гап ҳам бор. Хулоса: идеализм билан материализм, дин билан даҳрийлик ҳеч қачон келиша олмайди.
—Бир гапга ойдинлик киритсак. Юқорида, гап орасида, «яхшига яхшиман, ёмонга ёмонман» дедингиз. Лекин...
—...Тушундим. «Ёмонга ҳам... яхшисиз!» демоқчисиз, тўғрими?
—Мана, эътибор қилинг:
Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш яхши одамнинг иши. Яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтариш ёмон одамнинг иши. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш одатий ҳодиса. Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш марднинг иши.
—Энди буни ўша ёмонлик қилган нобакор тушунса-да!

 
2-саҳифа
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Бошқа мақолалар :
 
     
  1. Ҳазрати Умар ибн Абдулазиз бир ҳикоят  
  2. Яхшиликқил - сувга ташла... ҲИКОЯТ  
  3.  
  4.  
  5.  
 

6.

 
 
 

Ислом олами | Тарихдан нидо | Таҳлиллар | Олимлар | Иқтисодиёт | Шартномалар | Ҳайвонот олами | Коинот

     
 
Copyright © 2005 sof-olam.6te.net
 
Free Web Hosting